Муслима аёлнинг бирламчи вазифалари (11)

0

Муслима аёлнинг ҳаётидаги бирламчи вазифалар

Аёлнинг зеҳнида бошқалардан ажралиб турувчи, Раббига ибодатли ва зиммасидаги вазифаларини тўла бажарадиган муслима бўлиш мақсади аниқ бўлгандан кейин энди у пухта режа тузиши, сўнгра уни чиройли амалга оширишга киришиши, бугуннинг ишини эртага қолдирмай, ҳаётидаги бирламчи вазифаларни қўлидан келганча адо этиши керак бўлади.

Агар хизматкори ёки оила аъзоларидан бирорта ёрдамчиси бўлса, баъзи ишларни уларга топшириши, ўзи эса бошқа муҳимроқ ишлар билан машғул бўлишида монелик йўқ.

Яна у жиддий, ислоҳ қилувчи ва ён-атрофидагиларда яхши таъсир ўтказа оладиган бўлиши, шунчаки бошқа аёлларга тақлид қилувчи замонасоз ёки арзимаган нарсаларни ўзига раво кўрувчи иккинчи даражали шахс бўлмаслиги, балки аниқ мақсад ва ақлу заковат узра бўлиши лозим. Акс ҳолда, ўзи билганича аллақандай иш кўриб, бирламчи вазифаларини тартиблаб олмаса, ҳаёти учун режа тузмаса, унинг бу лоқайдлиги худди ўйинчоқ дўконига кириб, ҳали у ўйинчоқни, ҳали бунисини ушлаб, охирида дўкондан бўм-бўш қўл билан чиқиб кетадиган болага ўхшайди.

Шундай экан, асосий вазифалар ва диний фарз амалларни доимо маҳкам ушлаши, ҳаром ишлардан узоқлашиши керак. Зеро, Аллоҳнинг ҳақларидан бўлган ишларда банда учун ихтиёр йўқдир.

Қуйида ушбу ишларга уларнинг аҳамияти ва бирламчи вазифалардаги тартибларига кўра эътибор қаратамиз.

Биринчи бўлим: Авваламбор, ақида!

Албатта, қатъий тартиб-қоида мерос бўлиб келаётган ҳолатимизни ўнглашимиз ва ҳаётда из қолдиришимиз учун бизни тўлдирадиган, бизга хотиржамлик ва қалб роҳатини ҳис қилдирадиган кучдир.

Бу омма тарбиячиларнинг қўллайдиган фикри эди. Биз мусулмонлар-чи?

Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларини синчиклаб ўрганадиган бўлсак, у зотнинг Маккадаги вазифалари ақидани мустаҳкамлаш бўлганини, ушбу жараён ўн уч йил давом этганини кўрамиз.

У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга юборатуриб айтган сўзларини Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай ривоят қилади: “Сиз аҳли китоблардан бўлган қавм ҳузурига борасиз. Аввало, уларни Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва мени Аллоҳнинг Расули, деб гувоҳлик келтиришга чақиринг. Агар улар бу борада сизга итоат қилсалар, Аллоҳ таоло бир кеча-кундузда уларга беш вақт намоз ўқишни фарз қилганини билдиринг. Агар улар сизга бунда ҳам итоат қилсалар, Аллоҳ таоло уларнинг зиммасига бойларидан олиб камбағалларига қайтариладиган закотни фарз қилганини билдиринг. Агар улар буни ҳам қабул қилсалар, улар(нинг моллари)дан олинг ва одамларнинг сара молларини олишдан сақланинг”[1]. Демак, аввало, ақидадан бошлашимиз ва уни қалбларга мустаҳкам ўрнатишга, тавҳидни ширкнинг нуқсонларидан халос этишга ҳаракат қилишимиз даркор…

Қачонки ақида яроқли ҳолга келса, бошқа нарсаларнинг яроқли бўлишига фурсат етади.

Аллоҳ таоло айтади: (Эй Пайғамбар, уларга) айтинг: “Келинглар, мен сизларга Раббингиз сизлар учун ҳаром қилган нарсаларни ўқиб берай: (ибодатда махлуқотларидан) бирор нарсани Унга шерик қилманглар, (балки қўрқув, орзу-умид, дуо ва бошқа барча ибодат турларини ёлғиз Унинг Ўзигагина йўналтиринглар!) Ота-онангизга (хизмат, дуо каби) барча турдаги яхшиликни қилинглар! Фарзандларингизни камбағалликдан (қўрқиб) ўлдирманглар! Зеро, сизларга ҳам, уларга ҳам Аллоҳнинг ўзи ризқ беради. Катта гуноҳларнинг очиқ кўриниб турганларига ҳам, (одамлар кўзидан) яширин бўлганларига ҳам яқинлашманглар! Аллоҳ ўлдиришни ҳаром қилган жонни ўлдирманглар! Магар ҳақ билан (ўлдирсангиз мумкин). Ана шу (айтиб ўтилган)лар (Аллоҳ сизларни қайтарган ва узоқлашишга буюрган ҳамда) Раббингиз сизларга тавсия қилган ишлардир. Шояд, (Раббингизнинг буйруқ ва қайтариқларини) англасангиз (Анъом сураси, 151).

“Дарҳақиқат, у (яъни, ақиданинг ислоҳ бўлиши) қалбни ширкдан, ақлни хурофотдан, жамиятни жоҳилиятнинг тақлидларидан, ҳаётни бандаларнинг бандаларга ибодат қилишларидан тозалашдир.

Аниқки, ҳар қандай суратда ҳам ширк биринчи рақамли ҳаром қилинган амал бўлиб қолаверади. Чунки у барча ҳаромларга қараб тортади. Ширк энг биринчи мункар иш бўлиб, одамлар Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканини эътироф этмагунларича, бор эътиборни уни кетказишга қаратиш керак…

Аллоҳ таоло одамларга ҳамма нарсадан олдин Ўзига ширк келтирмасликларини васият қилди… Чунки ширкдан тийилиш асосидагина ҳар бир шахс заковат (басират) ила, ҳар бир жамоат собит меъёр ва башарий қадриятлар билан Аллоҳга боғланади”[2].

(Давоми бор)

[1]Бухорий, 7372.

[2]Саййид Қутб: «Фий зилолил Қуръон» (2/1230).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг