Умар ибн Абдулазиз (5)

0

Умар ибн Абдулазиз хилқати ҳам, хулқи ҳам гўзал, илми кенг, одамларнинг энг билимдони, кўнгилчан ва ибодатли киши эди. (Имом Заҳабий)

Тобеин ва халифа Умар ибн Абдулазизнинг сержило ва сермазмун ҳаёти ҳақида сўзлаш ҳар қандай кишини тўлқинлатиб юборади. Сиз бу нодир ҳаёт кўринишларидан бири билан танишиб улгурмасингиздан, бошқа ундан-да завқлироқ, ҳодиса-воқеаларга бойроқ ва таъсири кучлироқ кўринишларга сизни етаклайди. Биз ўтган суҳбатимизда хулафои рошидинларнинг бешинчиси ҳақида, тўғрироғи, у зотнинг ҳаётидан уч лавҳани баён қилган эдик. Келинг, мунаввар бу ҳаётнинг бошқаларидан кам бўлмаган навбатдаги уч лавҳаси ҳақида суҳбатлашиб завқланайлик.

Биринчи лавҳа

Ражаз вазнида шеър ёзишнинг асосчиларидан бўлган шоир Дукайн ибн Саид Доримий айтади: “Умар ибн Абдулазиз Мадинанинг волийси бўлиб турган кунда уни мақтаб шеър ёзган эдим, энг зотдор туялардан ўн бештасини менга ҳадя қилиб берди. Туялар қўлимга текканида, уларга қараб кўзим қувнади. Тоғ оралаб уларни ёлғиз ўзим ҳайдаб кетишдан қўрқдим. Шундай туяларни сотиб юборишга ҳам кўзим қиймади. Нима қилишимни билмай турганимда бизнинг Нажд тарафга сафар қилишни мўлжаллаб турган бир жамоа келиб қолди. Улардан мени ҳам ўзларига ҳамроҳ қилиб олишни сўраган эдим, “Хуш келибсиз, биродар! Бош устига, биз билан сафарга чиқиш учун тайёргарлик кўраверинг, биз мана шу кеча йўлга чиқамиз”, деб, илиқ қарши олдилар. Сафарга чиқишим аниқ бўлгач, хайрлашиш учун Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурига бордим. Унинг суҳбатида мен танимайдиган иккита шайх ўтирган экан. Хайрлашиб энди кетаётган эдим, Умар ибн Абдулазиз менга қараб: “Эй Дукайн, мен юқори, олий мақсадлар сари интилувчан кишиман, қачон сен мени ҳозирги ҳолатимдан юқори даражаларга эришганимни эшитсанг, ҳузуримга кел. Мендан сенга кўп илтифотлар бўлгай”, деди. Мен: “Шу гапингизга мен учун бир гувоҳ келтирсангиз”, дедим. У: “Аллоҳни гувоҳ қиламан”, деди. Мен: “Махлуқотларидан ҳам”, деган эдим, у: “Мана шу икки шайх гувоҳдир”, деди. Мен: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, шайх, сизни таниб олишим учун менга исмингизни айтсангиз?” деб, шайхларнинг биридан сўрадим. Шайх: “Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб”, деди. Шайхнинг ким эканини билгач, Умар ибн Абдулазизга қараб: “Қасамки, гувоҳга ёлчидим”, дедим. Сўнг иккинчи шайхга қараб: “Жонфидойингиз бўлай, сиз ким бўласиз?” дедим. У: “Амирнинг мавлоси Абу Яҳё”, деди. Мен: “Бу амирнинг аҳлидан бўлган гувоҳ”, дедим ва хайрлашиб чиқиб кетдим. Умар ибн Абдулазиз ҳадя қилган туяларни ҳайдаб, она юртим Нажд томон йўл олдим. Аллоҳ бу туяларга жуда барака берди. Натижада, кўп мол-дунёга, туялар ва қулларга эга бўлдим.

Ойлар, йиллар ўтди. Кунларнинг бирида Нажддаги Ямома ерларига туташ саҳрода юрганимда, бир жарчи халифа Сулаймон ибн Абдулмаликнинг вафот этгани хабарини айтиб қолди. Жарчидан: “Унинг ўрнига халифа этиб ким тайинланибди?” деб сўраган эдим, “Умар ибн Абдулазиз”, деган жавобни эшитдим. Эшитдим-у уловимни эгарлаб, Шом томон йўлга чиқдим. Дамашққа етиб борганимда, халифанинг ҳузуридан келаётган Жарир (Умавийлар давридаги энг катта учта шоирнинг бири) билан кўришиб қолдим. Саломлашгач: “Эй Абу Ҳазра, қаердан келяпсиз?” деб сўрадим. Жарир: “Камбағалларга бериб, шоирларга бермайдиган халифанинг ҳузуридан. Сен ҳам ортинга қайтиб кетавер, шундай қилганинг яхши”, деди. “Менинг сизларникидан ўзгача ўрним бор”, дедим. Жарир: “Ихтиёринг”, деди. Йўлимда давом этдим. Халифанинг уйига етиб келгач, қарасам, ҳовлисида ўтирибди, атрофини етимлар, бевалар, мазлумлар ўраб олган, уларнинг кўплигидан ҳатто халифагача етиб боришга имкон топа олмадим. Шунда овозимни баландлатиб шеър ўқий бошладим:

“Эй Умар, карам соҳиби, катта-катта атолар қани?

Мен қатанлик Доримий киши, келдим қарзим сўраб, карам соҳиби”.

Умар ибн Абдулазизнинг мавлоси Абу Яҳё менга тикилиб турди, сўнг халифага: “Эй мўминлар амири, мени бу бадавий учун сизнинг устингизда гувоҳлигим бор”, деди. Умар: “Биламан, ёдимда”, деди ва менга қараб: “Эй Дукайн, яқинроқ кел”, деб, ёнига чақирди. Олдига борганимда, мен тарафга эгилиб: “Мадинада сенга айтган: “Мен юқори, олий мақсадлар сари интилувчан кишиман”, деганимни эслайсанми?” деди. Мен: “Ҳа эсимда, эй мўминлар амири”, дедим. Умар ибн Абдулазиз шунда айтди: “Дунёдаги энг олий мартаба – подшоҳликка эга бўлиб турибман, лекин нафсим охиратдаги энг олий мартаба – жаннатга интилмоқда. Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш сари интилмоқда. Агар подшоҳлар мулкни дунё азизлигига эришиш учун восита қилсалар, мен уни охират азизлигига етиш учун васила қилиб оламан. Эй Дукайн, Аллоҳга қасамки мен бу мансабга келганимдан бери мусулмонларнинг молидан бир дирҳам ҳам, бир дийнор ҳам олганим йўқ. Ўзимни минг дирҳамгина пулим бор. Ана шунинг ярмини олақол, ярмини эса ўзимга қолдир”. Мен Умар ибн Абдулазиз берган пулни олиб уйга қайтдим. Аллоҳга қасамки, бундай баракали пулни ҳаётимда бошқа кўрмадим”.

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг