Охирзамон қирғинлари (9): Охирзамон фитналари ва қирғинларини ўрганишдаги манҳажий (услубий) асослар

0

Биринчи боб

Охирзамон фитналари ва қирғинларини ўрганишдаги манҳажий (услубий) асослар 

Ушбу боб муқаддима ва учта бўлимдан иборат.

Биринчи бўлим: Аҳли суннат ва жамоат охирзамон финта ва қирғинларини ўрганишда таянадиган асослар.

Иккинчи бўлим: Баъзи мусулмонлар охирзамон қирғинларини ўрганишда йўл қўядаган хато-камчиликлар.

Учинчи бўлим: Аҳли китоблар охирзамон қирғинларини ўрганишда таянадиган асослар.

Муқаддима

Бу бобда мусулмонлар ва аҳли китоблар охирзамон қирғинларини ўрганишда ва унга муносабат билдиришда суянадиган манба ва йўллар хусусида баҳс боради. Орада мавзуга тегишли талай саволлар, шубҳа ва хатоларга жавоблар берилади.

Биринчи боб уч бўлимдан иборат, дедик.

Биринчи бўлим аҳли суннат ва жамоат охирзамон финта ва қирғинларини ўрганишда таянадиган асосларни ёритишга бағишланган.

Аҳли суннат ва жамоат уламолари охирзамон фитна ва қирғинларини ўрганишда суянган далиллари-ю, уларни қай тарзда тушунишлари ва уларга қандай муносабатда бўлишларидан тортиб, уларни воқеликка татбиқ қилишларигача тўғри йўлни тутишган. Мана шу тўғрилик уларни адашишдан сақлади. Шунинг учун ҳам улар бу масалада бошқалардан ажралиб туришади.

Ушбу бўлимнинг мавзуси аҳли суннат ва жамоат уламолари охирзамон қирғинларига тегишли хабарларни оладиган манбаларини, уларга қай тарзда ёндашишларини ва уларни воқеликка қандай татбиқ қилишларини ўрганиб чиқиш орқали уларнинг бу масалада тутган йўлларини ёритиб беришдан иборат. Шунингдек, аҳли суннат ва жамоат олимлари аҳли китобларнинг манбаларида охирзамон қирғинлари ҳақида келган хабарларга қандай муносабатда бўлишлари ҳам баён қилинади.

Иккинчи бўлимда баъзи мусулмонлар охирзамон қирғинларини ўрганишда йўл қўядиган хато-камчиликлар хусусида гап боради.

Сўнгги вақтларда охирзамон қирғинлари ҳақида сўз юритувчи бир қанча мақолалар пайдо бўлди ва мусулмонлар орасида кенг тарқалди. Сабаби, бу мақолаларда ҳозирги кунда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни охирзамон қирғинлари ҳақида келган далиллар билан боғлаб таҳлил қилишга ҳаракат бўляпти. Аслида, бу мақолаларнинг кўпчилиги аҳли суннат ва жамоатнинг тутган йўлига зид асосларга қурилгандир. Бу ҳол, ўз навбатида, уларнинг хато эканини, аҳли суннат ва жамоат йўлига зидлигини билмайдиган одамлар орасида нотўғри тушунчалар ёйилишига ҳисса қўшди. Хуллас, мазкур хатоларнинг негизини ўрганиш ва уларнинг ботил эканини баён қилиш учун ҳам ушбу бўлим баҳс доирасига киритилди.

Учинчи бўлим аҳли китоблар охирзамон қирғинларини ўрганишда суянадиган асос-манбалар ҳақида.

Муқаддас китоблар – Эски ва Янги аҳдда (яъни Таврот ва Инжилда) ҳам охирзамонда бўладиган қирғинлар ҳақида маълумотлар бор. Лекин яҳудий ва насронийлар бу маълумотларни изоҳлашда ва уларга ёндашишда турлича йўл тутишган. Баъзи аҳли китоблар улар орасига Муқаддас Китобда келмаган хабарларни ҳам қўшиб юборишган. Шу сабабли аҳли китобларнинг мазкур мавзуга оид  манбаларини баён қилиш, маълумотларини изоҳлаш ва уларга ёндошишда тутган йўлларини ёритиш мақсадида ушбу бўлимни тасниф этдик.

Қуйида ушбу бўлимларнинг мавзу доирасида сўз юритамиз.

Изоҳ қолдиринг