Дард ва даво (22): Аллоҳнинг афвига суяниб, Унинг буйруқ ва қайтариқларини зое қилиш (2)

0

Ўтган мақоламизда Аллоҳнинг афвига ишониб қолиб, амални тарк қилиш дуруст эмаслиги ҳақида сўз юритган ва бунга доир Пайғамбаримизнинг ҳадисларини, салаф-солиҳларимизнинг сўзларини келтирган эдик. Бугунги мақоламизда ҳам ушбу масалага тегишли айрим ҳадисларни кўриб чиқамиз.

Имом Аҳмад “Муснад”да Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброилдан сўрадилар: “Нега мен Микоилнинг кулганини ҳечам кўрмадим?” “Дўзах яратилгандан буён кулмади”, деб жавоб берди у”[1].

Имом Муслимнинг “Саҳиҳ” тўпламида Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “(Қиёмат куни) дунёда энг фаровон ҳаёт кечирган, (охиратда эса) дўзах аҳлидан бўлган одамни олиб келиб, дўзахга бир ботириб олинади-да: “Эй Одам боласи, (ҳаётингда) ҳеч яхшилик кўрдингми, ҳеч бошингдан роҳат-фаровонлик ўтдими?” деб сўралади. У эса: “Аллоҳга қасамки, йўқ, эй Раббим”, дейди. Дунёда энг бахтсиз ҳаёт кечирган, (охиратда эса) жаннат аҳлидан бўлган одамни олиб келиб, жаннатга бир ботириб олинади-да: “Эй одам боласи, (ҳаётингда) ҳеч бахтсизлик (танглик) кўрдингми, бошингдан ҳеч қийинчилик ўтдими?” деб сўралади. У эса: “Аллоҳ қасамки, йўқ, эй Раббим, (ҳаётимда) бирон танглик кўрмадим, бошимдан бирон қийинчилик ўтказмадим”, деб жавоб беради[2].

“Муснад”да Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Кунларнинг бирида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан биргаликда ансорий бир кишининг жанозасига чиқдик. Қабр олдига етдик, маййит ҳали қўйилмаган экан. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтирдилар, биз ҳам атрофларида ўтирдик. Худди бошимизга қўш қўнгандек (жим ўтирардик). У зотнинг қўлларида бир чўп бор эди, у билан ерга чизар эдилар. Бир пайт бошларини кўтариб: “Аллоҳдан қабр азобидан паноҳ сўранглар”, дея икки ё уч мартда айтдилар. Сўнг дедилар: “Мўмин банда дунёдан узилиб, охиратга юзланар экан, ҳузурига осмондан юзлари қуёшдек (порлоқ) фаришталар тушади. Ўзилари билан жаннат кафанларидан ва жаннат хушбўйликларидан олиб келишади. Унинг кўзи илғайдиган жойга бориб ўтиришади. Кўп ўтмай ўлим фариштаси келиб унинг бош томонига ўтиради ва: “Эй хотиржам жон, қани чиқақол, сени Аллоҳнинг мағфирати ва ризоси кутмоқда”, дейди. Шунда мешдан бир томчи сув қандай сизиб чиқса, жон ҳам шундай осонлик билан танадан чиқади. Кейин ўлим фариштаси уни (қўлига) олади. Қўлига олгандан кейин бир лаҳзага ҳам кечиктирмай, (ҳалиги фаришталар) руҳни олиб, (ўзлари келтирган) кафанга солишади ва унга (келтирган) хушбўйликни суртишади. Ундан ер юзидаги энг хушбўй мушкнинг ҳиди уфуриб туради. Кейин руҳни олиб, тепага кўтариладилар. Йўлда бирон фаришта жамоаси олдидан ўтгудек бўлса: “Воҳ, бу покиза руҳ ким экан-а?” дейишади. (Руҳни олиб кетаётган фаришталар:) “Бу фалончининг ўғли фалончи”, деб дунёда номланган энг чиройли исмларини айтиб таништирадилар. Шу зайлда дунё осмонининг эшигига етиб келишади ва киришга изн сўрашади. Эшик очилади ва ҳар бир осмоннинг муқарраб фаришталари уни ўзларидан кейинги осмонгача кузатиб қўядилар. Улар шу зайлда еттинчи осмонга етиб келадилар. Шунда Аллоҳ таоло айтади: “Бандамнинг китобини иллиййинга ёзинглар, ўзини эса ерга қайтаринглар. Мен уларни тупроқдан яратдим, яна тупроққа қайтараман, сўнг яна бир бора тупроқдан чиқараман”. Шунда унинг руҳи танасига қайтарилади, кейин олдига икки фаришта келиб уни ўтиргизади ва:

  • Раббинг ким? деб сўрайди.

  • Раббим Аллоҳ азза ва жалла, – деб жавоб беради.

  • Дининг нима?

  • Диним Ислом.

  • Сизларга юборилган киши ким?

  • У Аллоҳнинг элчиси – Расулуллоҳ.

  • Буни қаердан билдинг.

  • Аллоҳнинг китобини ўқиб, унга иймон келтирдим ва тасдиқладим.

 Шу пайт осмондан: “Бандам рост сўзлади. Остига жаннат (тўшаклари)дан тўшанглар, жаннат (либослари)дан кийгизинглар ва (ётган жойида) унга жаннатдан эшик очиб қўйинглар”, деган нидо келади. (Эшикдан) унга жаннатнинг ифори ва хуш бўйи келиб туради ҳамда қабри кўзи илғай оладиган ергача кенгайтириб қўйилади. Олдига хуш сурат, чиройли кийинган бир киши ёқимли ҳид таратиб келади ва унга айтади: “Сенга хушхабар келтирдим, хурсанд бўлавер. Сенга ваъда этилган кун мана шудир”. У эса: “Ўзинг кимсан? Юзингдан хушхабар келтирувчига ўхшайсан”, дейди.

– Мен сенинг солиҳ амалинг бўламан, – деб айтади.

– Эй Раббим, тезроқ қиёматни қоим қилақол, мен (жаннатдаги) оилам ва молу давлатимга қайтай, – дейди солиҳ банда”.

Пайғамбар алайҳиссалом сўзларида давом этдилар: “Кофир банда эса, дунёдан узилиб, охиратга юзланар экан, ҳузурига осмондан қора юзли фаришталар тушади. Ўзлари билан дағал жунли матони олиб келишади. Унинг кўзи илғайдиган жойга бориб ўтиришади. Сўнг ўлим фариштаси келиб, унинг бош томонига ўтиради ва: “Эй ифлос жон. Чиқ буёққа, сени Аллоҳнинг қаҳру ғазаби кутмоқда”, дейди. Шунда жони танасининг бурчак-бурчакларига қочиб кетади. Ўлим фариштаси уни гўё нам тортган жун матодан сихни қуғургандек суғуриб олади. Кейин ўлим фариштаси уни (қўлига) тутади. Қўлига олгандан кейин бир лаҳзага кечиктирмай, (ҳалиги фаришталар) уни олиб, дағал жунли матога ўрашади. Ундан ер юзидаги энг бадбўй мурданинг ҳиди анқиб туради. Кейин жонни олиб тепага кўтариладилар. Йўлда бирон фаришталар жамоаси чиқиб қолса, албатта: “Бу ифлос руҳ ким бўлди экан-а?” дейдилар. Уни олиб кетаётган фаришталар эса: “Бу фалончининг ўғли фалончи”, деб дунёда номланган энг хунук исмларини айтиб таништирадилар. (Шу зайл дунё осмонига етиб келишади ва) киришга изн сўрашади, аммо уларга эшик очилмайди”. Кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги оятни ўқидилар:  “Албатта, оятларимизни ёлғон деган ва улардан кибр-ҳаво билан юз ўгирган кимсалар учун ҳаргиз само эшиклари очилмас ва токи туя игна тешигидан ўтмас экан, улар ҳам жаннатга кира олмаслар (яъни ҳеч қачон жаннатга кира олмаслар)”[3].

“Аллоҳ азза ва жалла айтади: “Унинг китобини энг тубан ердаги сижжийнга ёзиб қўйинглар”. Кейин эса унинг руҳи пастга шиддат билан улоқтириб юборилади”, дея мана бу оятни ўқидилар: “Ким Аллоҳга ширк келтирса, у гўё осмондан қулагану уни (бирон ваҳший) қуш (ўлжа қилиб) олиб кетаётган ёки (қаттиқ) шамол йироқ жойларга учириб кетган кабидир[4].

Пайғамбаримиз сўзларини давом эттириб дедилар: “Сўнг унинг руҳи жасадига қайтарилади ва олдига икки фаришта келиб ундан: “Раббинг ким?” деб сўрайди. У бўлса: “Оҳ, билмадим”, деб айтади. Шу тобда самодан: “Бандам ёлғон айтди, унга жаҳаннам (тўшаклари)дан тўшанглар, жаҳаннам (либослари)дан кийгизинглар ва (ётган) жойида унга дўзахдан бир эшик очиб қўйинглар”, деган нидо келади. Кейин ҳалиги эшикдан дўзахнинг ҳарорати ва қайноқ шамоли келади. Қабри эса шундай тор қилиб қўйиладики, ҳатто қовурғалари бир-бирига кириб кетади. Шундан сўнг унинг олдига бадбашара, чувринди кийим кийган, сассиқ ҳидли бир киши келади ва унга қараб: “Шум хабар келтирдим сенга, шўринг қурғур. Сенга ваъда қилинган кун мана шу бўлади”, дейди. У: “Кимсан ўзинг?” башарангдан ёмонлик келтирувчига ўхшайсан”, деб сўрайди. “Мен сен қилган ёмон амалларингман”, дейди у. Банда: “Эй Раббим, илоё қиёматингни қоим қилмагин”, деб қолади[5]. 

Имом Аҳмад нақл қилган бошқа ривоятда шундай дейилади: “Сўнг (кофир) бандага кўр, кар ва соқов бўлган бир фаришта юборилади. Унинг қўлида гурзи бўлади. Агар у билан тоғни ургудек бўлса, талқон қилади. Ўша билан уни бир уради. Шунда у турпоққа айланиб кетади. Сўнг Аллоҳ азза ва жалла олдинги ҳолатига қайтаради. Кейин яна бир бор уради. Банда (зарб оғриғидан) шундай қичқирадики, инс ва жиндан бошқа барча махлуқотлар эшитади”.

Баро айтади: “Кейин унга дўзахга бир эшик очилади ва ўтдан тўшак тўшалади[6].

(Давоми бор)

 

[1] Аҳмад, “Муснад”, (3\224, 13343-ҳадис) ва Ибн Абдулбар, “Тамҳид”, (5\9). Ҳадис санади заиф.

[2] Муслим, (2807).

[3] Аъроф сураси, 40-оят.

[4] Ҳаж сураси, 31-оят.

[5] Аҳмад, “Муснад”, (4\287, 18534-ҳадис) ва Абу Довуд, “Сунан”, (3212, 4753).

[6] Аҳмад, “Муснад”, (4\295-296, 18614-ҳадис).

Изоҳ қолдиринг