Умар ибн Абдулазиз (6)

0

Иккинчи лавҳа

Мусил шаҳрининг қозиси Яҳё ибн Яҳё Ғассоний ҳикоя қилади: “Кунларнинг бирида Умар ибн Абдулазиз сотувчиларни кўздан кечириш ва нарх-навони ўрганиш мақсадида Ҳимснинг (Суриядаги катта шаҳар) бозорларини айланиб юрган эди, кимхоб тўн кийган бир киши келиб: “Эй мўминлар амири, эшитишимча, ким мазлум бўлса, ҳузуримга келсин, деб амр этибсиз, шундайми?” деб сўради.

Умар ибн Абдулазиз деди: “Ҳа шундай”.

У: “Ундай бўлса, мана ҳузурингизга уйи узоқ мазлум бир киши келди”, деди.

Умар ибн Абдулазиз: “Оила, бола-чақанг қаерда?” деб сўради.

“Аданда”, деди.

Умар ибн Абдулазиз: “Ростанам, уйинг Умарнинг уйидан анча узоқ экан”, деди. Сўнг уловидан тушди ва у кишининг қаршисига келиб: “Нима зулм қўрдинг?” деб сўради. У киши: “Менинг чорбоғимни сизнинг одамларингиздан бири тортиб олди”, деди. Шунда Умар ибн Абдулазиз ўзининг Адандаги волийсига хат ёзиб, қуйидагиларни айтди: “Аммо баъд… Сенга ушбу мактубим етиб боргач, хатни олиб борган кишининг ҳужжат-далилларига қулоқ сол. Агар у ҳақ бўлса, ҳаққини қайтариб бер”. Сўнг мактубни муҳрлаб, ўша кишига берди. Мактубни олиб у киши энди кетай деганда Умар ибн Абдулазиз: “Шошмай тур, сен ҳузуримизга узоқ ердан келгансан, шубҳа йўқ, сафар учун анчагина пул сарфлаган бўлсанг керак, янги кийимларинг тўзиб, миниб келган уловинг ҳам ҳалок бўлгандир”, деди ва шуларнинг ҳаммасини ҳисоблаб, пулга чақиб, у кишига ўн икки дийнор беришга амр қилди, сўнг: “Мана шуни одамлар орасида тарқатгин, токи одамлар уйлари қанчалик узоқ бўлмасин, мазлум бўлсалар келиб бошларидаги зулмни баён этишдан оғринмасинлар”, деди.

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг