Витр намозини ўқиш тартиби ҳақида

5

Савол:

Аҳли суннат ва жамоат мазҳаби бўйича витр намозини ўқиш тартиби қандай? Яъни, устун ва саҳиҳ қавлга кўра, витр намозини қандай ўқисак суннатга мувофиқроқ бўлади? Сиздан илтимос, витр намозини ўқиш тартибини бизларга батафсил тушунтириб берсангиз.

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Витр намози Аллоҳга яқинлаштирувчи улуғ ибодатлардан биридир. Шунинг учун бўлса керак ҳанафий уламолари витр намозини вожиб деганлар. Бироқ, тўғрироғи витр намози суннати муаккада бўлиб, мусулмон киши давомли тарзда уни адо этиб бориши ва тарк қилмаслиги лозим. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ким витр намозини тарк қилса, у яхши одам эмас. Унинг гувоҳлиги қабул қилинмаслиги лозим”. Бу сўз витр намозининг таъкидли суннат эканига далолат қилади.

Витр намози тўғрисидаги маълумотларни қисқача қуйидаги нуқталарда хулоса қилиш мумкин:

  • Витр намозининг вақти:

Витр намозининг вақти хуфтон намози ўқилгандан бошланиб, то бомдод вақтига қадар давом этади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Дарҳақиқат, Аллоҳ сизларга витр деган бир намозни ато этди ва унинг вақтини хуфтон намози билан субҳи содиқ киргунига қадар бўлган оралиқда қилди”. Ҳадисни Термизий (425) ривоят қилган ва Албоний “Саҳиҳи Термизий” китобида саҳиҳ деган.

  • Витрни аввалги вақтда ўқиган афзалми ёки кечиктириб ўқиганми?

Суннатда кўрсатилишича, кечанинг охирида намоз ўқишга кўзи етган киши витрни кечиктиргани афзал. Негаки, кечанинг охирида ўқилган намознинг ўзгача фазилати бор. Қолаверса, бу вақтда ўқилган намозга фаришталар гувоҳ бўлишади. Кечанинг охирида ухлаб қолишдан қўрққан киши ухлашдан олдин витр ўқийди. Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ким кечанинг охирида намозга тура олмаслигидан қўрқса, витрни кечанинг аввалида ўқисин. Ким кечанинг охирида намоз ўқишга кўзи етса, у ҳолда витрни кечанинг охирида ўқисин. Зеро, кечанинг охирида ўқилган намоз фаришталар гувоҳ бўладиган намоздир. Шундай қилгани афзалдир” (Муслим ривояти, 755).

Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мана шу фикр тўғридир. Витр хусусида келган бошқа умумий ҳадислар (яъни витрнинг афзал вақтини тайин қилмаган ҳадислар) витрни ўқишнинг афзал вақтини кўрсатиб берган ушбу ҳадисга мувофиқ равишда талқин қилиниши лозим. Ундан ташқари қуйидаги ҳадис ҳам шунга далолат қилади: “Халилим (яъни мен суйган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) витрни ўқимасдан ухламасликни васият қилдилар”. Албатта, бу ҳадис кечанинг охирида уйғонишга кўзи етмаган кишиларга тааллуқлидир” (“Шарҳи Муслим”, 3\277).

  • Витр намози неча ракаат?

Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, арабча “витр” сўзи ўзбекчада “тоқ” маъносини англатади. Витрнинг энг ози бир ракаатдир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Витр бир ракаат бўлиб, кечанинг охирида ўқилади” (Муслим ривояти, 752). Яна Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Тун намози икки ракаат-икки ракаатдан иборат. Борди-ю, биронтангиз бомдод вақти кириб қолишидан қўрқса, бир ракаат ўқисин  ва шу бир ракаат билан унгача ўқиган намозлари тоқ бўлади” (Бухорий (911) ва Муслим (749) ривояти). Агар инсон шу бир ракаат билан кифояланса ҳам витр намозини адо этган ҳисобланади.

Шунингдек, витр намозини уч, беш, етти ва тўққиз ракаат ўқиш ҳам жоиз.

Инсон уч ракаат витр ўқимоқчи бўлса, бунинг икки кўриниши мавжуд бўлиб, ҳар иккиси жоиздир:

Биринчиси, уч ракаатни бир ташаҳҳуд (яъни қаъда) билан кетма-кет ўқиш. Ойша разияллоҳу анҳо айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам витрнинг икки ракаатидан кейин салом бермас эдилар”. Ҳадиснинг бошқа бир ривоятида “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уч ракаат витр ўқир ва фақат охирида қаъдада ўтирар эдилар”, дейилади (Насоий (3\ 234) ҳасан ва Байҳақий (3\31) саҳиҳ санад ила ривоят қилган).

Иккинчиси, икки ракаатдан кейин салом бериб, сўнгра фақат бир ракаат ўқиш. Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, у икки ракаат намоз ўқиб салом берар, сўнгра бир ракаат ўқир ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилганларини айтар эди. Ибн Ҳиббон (2435) ва Ибн Ҳажар “Фатҳул Борий”да мазкур ҳадис санадини “қавий” (кучли) деб таърифлаган.

Инсон беш ёки етти ракаат витр ўқимоқчи бўлса, ракаатларни бир-бирига улаб, фақат охирида қаъдада ўтириб салом беради. Бунга Ойша разияллоҳу анҳо ривоят қилган қуйидаги ҳадис далил бўлади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси ўн уч ракаат намоз ўқир, шундан беш ракаати витр бўлиб, уларнинг охиридагина қаъдада ўтирар эдилар” (Муслим ривояти, 737).

Умму Салама разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам беш ёки етти ракаат витр ўқир, улар ўртасини на салом ва на калом билан ажратар эдилар” (Имом Аҳмад (6\290) ва Насоий (1714) ривоят қилган). Ҳадис санадини Нававий “Ал-фатҳур раббоний”да (2\297) “жаййид” деган бўлса, Албоний “Саҳиҳи Насоий”да саҳиҳ деган.

Тўққиз ракаат витр ўқимоқчи бўлган киши ракаатларни кетма-кет улаб, саккизинчи ракаатда қаъдада ўтиради ва ташаҳҳудни ўқийди. Сўнгра салом бермасдан қиёмга туриб бир ракаат ўқийди ва қаъдада ўтириб салом бериб намозни тугатади. Муслим Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда келишича, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам тўққиз ракаат намоз ўқир, улардан фақат саккизинчи ракаатдагина қаъдада ўтирар эдилар. Қаъдада Аллоҳни зикр қилар, Унга ҳамду сано айтар ва дуо қилар, ундан сўнг салом бермай қиёмга туриб тўққизинчи ракаатни ўқир, ундан сўнг яна қаъдада ўтирар эдилар. Қаъдада яна Аллоҳни зикр қилиб, Унга ҳамду сано айтиб, дуолар қилиб, сўнг бизга эшиттириб салом берар эдилар”.

 Ўн бир ракаат витр ўқимоқчи бўлган киши ҳар икки ракаатда салом бериб, охирги бир ракаатда витр ўқийди.

  • Витрнинг энг кам мукаммал кўриниши ва унда ўқиладиган суралар:

Витрнинг энг кам мукаммал кўриниши икки ракаат ўқиб салом бериш ва ундан сўнг яна бир ракаат ўқиб салом беришдир. Шунингдек, юқорида айтиб ўтганимиздек, бу уч ракаатни бир салом ва бир қаъда билан ўқиса ҳам жоиз.

Витрнинг биринчи ракаатида тўлиқ “Аъло” сураси, иккинчи ракаатда “Кофирун” сураси ва учинчи ракаатда эса “Ихлос” сураларини ўқиш суннатдир. Убай ибн Каъб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам витрда “Саббиҳисма Раббикал аълаа” (“Аъло”), “Қул яа айюҳал каафирун” (“Кофирун”) ва “Қул ҳуваллоҳу Аҳад” (“Ихлос” суралари)ни ўқир эдилар” (Албоний “Саҳиҳи Насоий”да саҳиҳ деган).

Витр намозининг мазкур кўринишларининг барчаси суннатда келган. Витрни энг мукаммал даражада адо қилиш учун фақат бир кўринишга чекланмаган афзал. Балки инсон суннатнинг барча кўринишларини ҳаётга татбиқ этиш учун гоҳида бу кўринишда, гоҳо нариги кўринишда ўқиши мақсадга мувофиқдир.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, ҳанафий мазҳабидаги сингари витр намозини шом намози каби икки қаъда ва бир салом билан уч ракаат ўқиш далил жиҳатдан заиф фикрдир. Қолаверса, витр намозини бу кўринишда ўқишдан қайтарган ҳадис ҳам мавжуд. Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилиб, “Бухорий ва Муслимнинг шартига мос саҳиҳ ҳадис, бироқ иккиси ривоят қилмаган”, деган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Шом намозига ўхшатиб уч ракаат витр ўқиманглар. Балки беш, етти, ўн бир ёки ундан ҳам кўпроқ ракаатлар билан витр ўқинглар”. Заҳабий “Талхис”да мазкур ҳадис ҳақида шундай дейди: “Ушбу ҳадис Бухорий ва Муслим шартига мос ҳадис. Шунингдек, ҳадисни Ибн Ҳиббон “Саҳиҳи”да ривоят қилган бўлиб, юқоридаги матн Ҳокимга тегишлидир, валлоҳу аълам.

Discussion5 комментариев

  1. Замира

    Изоҳингиз тахажжуд намозини тулик тартибини езинг илтимос

  2. Охирги ҳадисда
    Уч ракаатлик ўқилмасин деб уч сони назарда тутилганми ё шаклими?

    • Витр намозини шом намози каби икки қаъда ва бир салом билан уч ракаат ўқиш назарда тутилган, валлоҳу аълам.

      • хуфтондан кейин ухламасдан тахорат олмай бомдод укиса булардими

        • Алҳамдулиллаҳ;
          Ҳа, бўлади. Ҳар намоз учун алоҳида таҳорат олиш янада афзал, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг