Қабристонга оид ҳукмлар: Муқаддима (8)

0

15. Агар кофирлар қабристони кенг бўлса, мусулмонни у қабристоннинг девори ичкарисига дафн этиш.

«Кофирлар қабристони деворининг ичкари қисмига дафн қилинмайди, гарчи у ерда бир бўлак алоҳида жой бўлса ҳам. Девор ичкарисидаги барча нарса қабристонга тегишли ҳисобланади»[1].

Чунки, агар унинг бир четига кўмилган тақдирда ҳам, кейинчалик бошқа қабрлар у ергача етиб келади, валлоҳу аълам.

16. Дафн қилиш учун баъзи жойларни хослашнинг фазилати собит бўлганми?

“Ер юзининг бошқа жойлари у ёқда турсин, Маккаи Мукаррама, Мадинаи Мунаввара, Байтул-Мақдис қабристонларига ёки Асқалон қабристонига дафн этиш фазилатли экани борасида бирор саҳиҳ далил собит бўлмаган. Шунингдек, солиҳ инсонларнинг ёнига дафн қилишнинг фазилати ҳақида ҳам саҳиҳ ҳужжат йўқ. Чунки, инсонга вафотидан сўнг Аллоҳнинг раҳматидан кейин фақат ўзининг солиҳ амалларигина фойда беради, «Ҳар бир жон эгаси ўзи қилган (ёмонлик ва гуноҳ ишларига) гаровлангандир» (Муддассир сураси, 38). Шунчаки жойнинг ўзи билан савоб ҳам, жазо ҳам ҳосил бўлмайди. Балки, савоб ҳам, азоб ҳам буйруқ ва қайтариқларга қанчалик амал қилганига кўра бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Салмон Форсий билан Абу Дардо розияллоҳу анҳумони биродар тутинтирган эдилар. Абу Дардо Дамашқда, Салмон Форсий эса Ироқда эди. Бир куни Абу Дардо Салмонга: «Муқаддас маконга келинг», деб мактуб юборди, Салмон у кишига шундай жавоб қайтарди: «Албатта, ер бирор кимсани азиз қилиб қўймайди. Кишини азиз қиладиган нарса фақатгина унинг амалидир»[2][3].

Ҳишом ибн Урва ибн Зубайр отасининг шундай деганини ривоят қилган: «Мен (Мадинадаги) Бақеъ қабристонига дафн этилишни хоҳламайман. Балки, бошқа жойга дафн этилишим мен учун суюклироқдир. Зеро, (у ердаги суяклари кавлаб олиниб, ўрнига мен кўмиладиган қабрнинг эгаси) икки кишининг бири бўлади: ёки золим одам бўлиб, у билан (яъни унинг жойига) дафн этилишни хушламайман. Ёки солиҳ киши бўлиб, унинг суяклари мен учун кавлаб олинишини хоҳламайман»[4].

“Бунинг сабаби «Ўзи учун солиҳ кишининг суяклари кавлаб олинишидан ёки фожир-гуноҳкор кишига ҳамроҳ бўлишдан қўрққани учун», деб баён қилинган. Бу ишда Бақеъ ҳам, бошқа қабристонлар ҳам тенгдир. Агарда у кишининг наздида Бақеънинг бирор фазилати бўлганда, у ерга дафн қилинишни хоҳлаган бўлар эди”[5]. Шундай экан, «маконлар Аллоҳнинг ери ва яратганидир. Бинобарин, бирор жойни бошқасидан фазилатли деб билиш учун унга таслим бўлиш вожиб бўлган зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тарафидан келган, рад ва таъвилдан холи нақл собит бўлиши билангина бўлади»[6]. Шунга кўра, Макка ёки Мадина ёки Байтул-Мақдисда дафн этилиш булардан бошқа маконда дафн этилишдан фарқ қилмайди. «Дафн барча юртларда бирдир… Инсон вафот этган маконида дафн этилиши суннатдир, Макка ёки бошқа бирор жойга кўчирилиши эмас. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари шундай қилганлар. Зеро, уларнинг баъзилари Кўфада, яна баъзилари Шомда, Басрада, бошқалари эса яна бошқа жойларда вафот этган, кейин Макка ёки Мадинага кўчирилмаган, буни васият ҳам қилмаганлар. Бунинг сабаби шуки, умид қилинадиган нарса амалдир, макон эмас»[7].

(Давоми бор)

[1]«Доимий Фатво Бериш Қўмитаси фатволари» (8/451, 8909-рақамли фатво).

[2]Имом Молик «Муватто»да (2232) ривоят қилган, Шайх Албоний «Ас-силсила ас-саҳиҳа»да (5/305-306) санандини саҳиҳ деган.

[3]Шайхулислом Ибн Таймия, «Мажмуъул фатово» (27/438).

[4]«Муватто» (625).

[5]«Ат-тамҳид» (21/218).

[6]«Ал-истизкор» (7/235).

[7]Шайх Абдулазиз ибн Боз роҳимаҳуллоҳ, «Мажмуъул фатово» (13/215-216).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг