Чақалоққа оид ҳукмлар (9)

0

Учинчи бўлим: Ақиқанинг мустаҳаб эканига далиллар

Ҳадис аҳлининг барчалари фақиҳларию аҳли суннатнинг жумҳур уламолари билан биргаликда «Ақиқа қилиш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларидан», деб айтишди ва бунга Бухорий «Саҳиҳ»ида саҳобий Салмон ибн Омир Зоббийдан ривоят қилган ушбу ҳадисни ҳужжат қилишди: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Ҳар бир боланинг ақиқаси бор. Унинг номидан қон оқизинглар ва ундан (яъни, боладан) азиятни кетказинглар»[1].

Самурадан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Ҳар бир бола ақиқа ила кафолатланади. Еттинчи куни жонлиқ сўйилиб, сочи олинади ва исм қўйилади»[2]. Ҳадисни “Сунан” аҳлининг барчалари ривоят қилган. Термизий «ҳасан-саҳиҳ ҳадис» деган.

Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Ўғил болага баб-баробар икки қўй, қиз болага эса бир қўй сўйилсин»[3]. Имом Аҳмад ва Термизий ривоят қилган ва «саҳиҳ ҳадис» деган.

Аҳмаднинг лафзида эса: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қиз бола номидан бир қўйни, ўғил бола номидан эса икки қўйни ақиқа қилишимизга буюрдилар» дейилган[4]. Бу ҳадисни Имом Аҳмад «Муснад»ида келтирган.

Умму Курз Каъбиядан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ақиқа ҳақида сўраганида, у зот: «Ўғил бола номидан икки қўй, қиз бола номидан эса битта. Улар қўчқор ёки совлиқ бўлишида сизларга зиён йўқ», дедилар[5]. Ҳадисни Имом Аҳмад ва Термизий ривоят қилган ва «саҳиҳ ҳадис» деган.

Заҳҳок ибн Махлад айтади: Абу Ҳафс Солим ибн Саҳм отасидан, у Абдураҳмон Аъраждан, у Абу Ҳурайрадан ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Яҳудийлар ўғил бола номидан ақиқа қилади, қиз бола номидан эса ақиқа қилмайди. Бас, ўғил бола номидан икки қўй, қиз бола номидан бир қўй ақиқа қилинглар»[6]. Ҳадисни Байҳақий зикр қилган.

Ибн Аббосдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳасан ва Ҳусайннинг ҳар бирига алоҳида қўй билан ақиқа қилдилар». Абу Довуд ривояти. Насоий ривоятида эса «Иккитадан қўй билан» деб келган[7].

Амр ибн Шуайб отасидан, у бобосидан ривоят қилишича, «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) еттинчи кунда болага исм қўйишни, ундан азиятни кетказишни ва ақиқа қилишни буюрдилар». Термизий: «Бу ҳасан-ғариб ҳадис» деган[8].

Бурайда Асламий шундай дейди: «Жоҳилият даврида агар бирортамиз ўғилли бўлсак, қўй сўйилиб, унинг қонини боланинг бошига суртилар эди. Аллоҳ бизга Исломни юборгач, қўй сўйиб, боланинг сочини олиб, унга заъфарон суртадиган бўлдик». Абу Довуд ривояти[9].

Ибн Мункадир Яҳё ибн Яҳёдан ривоят қилади: “Бизга Ҳушайм Уяйна ибн Абдураҳмондан, у эса отасидан сўзлаб беришича, Абу Бакранинг ўғли Абдураҳмон (саҳобалардан) Басрада туғилган илк бола бўлди. Шунда унинг номидан қурбонлик сўйиб, Басра аҳлини меҳмон қилди. Баъзилар унинг бу ишини инкор қилишганда: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўғил бола номидан икки қўй, қиз бола номидан эса бир қўй (ақиқа қилишимизга) буюрганлар» деди”[10].

Ҳасандан, у эса Самурадан ривоят қилишича, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ақиқа ҳақида: «Ҳар бир чақалоқ еттинчи кунида сўйиладиган ақиқасига гаровга қўйилгандир. У куни сочи олинади ва (қон) суртилади» деганлар[11]. Абу Довуд айтади: “Қатодадан қон қандай суртилиши ҳақида сўралганида: «Қачон ақиқа сўйилса, унинг жунидан бир тола олинади, сўнг уни қўйнинг бўйин томири қонидан ҳўлланади, кейин эса бола бошининг тепа қисмига қўйилиб, худди ип каби бўлиб оққунча турилади, кейин боши ювилиб, сочи олинади». Абу Довуд айтади: “Бу – (яъни қон суртилади деган жойи) Ҳаммом ибн Яҳё тарафидан янглиш айтилган” деди ва кейин уни бошқа ривоятлар (санадлар) билан келтирди:

«Ҳар бир чақалоқ еттинчи куни сўйиладиган ақиқасига гаровга қўйилгандир. У куни сочи олинади ва оти қўйилади»[12]. Абу Довуд: «Оти қўйилади дегани тўғрироқ» деди. Ҳадисни Термизий, Насоий ва Ибн Можа ривоят қилган. Термизий: «Ҳасан-саҳиҳ ҳадис» деган. Бу ҳадисни Ҳасан Самурадан эшитган, уни Бухорий “Саҳиҳ”ида Ҳабиб ибн Шаҳиддан шундай зикр қилган: “Менга Ибн Сийрин айтди: Ҳасандан ақиқа ҳадисини кимдан эшитгани ҳақида сўралганда, «Самура ибн Жундубдан» деб жавоб берди”.

(Давоми бор)

[1]Бухорий 5471.

[2]Санади саҳиҳ. Абу Довуд (2838), Насоий (7/166), Байҳақий (9/298), Доримий (1975) ва Ҳоким (4/237) ривоятлари.

[3]Санади саҳиҳ. Термизий (1513), Ибн Можа (3163) ва Аҳмад (6/158) ривоятлари.

[4]Аввалги манба.

[5]Санади саҳиҳ. Абу Довуд (2835, 2836), Насоий (7/164-165), Термизий (1516), Ибн Можа (3162) ва Аҳмад (6/381-422) ривоятлари.

[6]Ҳадиснинг тахрижи ўтди.

[7]Абу Довуд (2841) ва Насоий (7/166) ривоятлари.

[8]Термизий 2832.

[9]Абу Довуд (2843), Ҳоким (4/238) ривоятлари. Ҳоким: “Бухорий ва Муслимнинг шартларига кўра саҳиҳ ҳадис, аммо улар буни ривоят қилмаганлар” деган. Заҳабий бу гапни маъқуллаган.

[10]Байҳақий ривояти (9/301).

[11]Тахрижи ўтди.

[12]Тахрижи ўтди.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг