Дард ва даво (23): Аллоҳнинг афвига суяниб, Унинг буйруқ ва қайтариқларини зое қилиш (3)

0

(Давоми)

Олдинги мақолаларимизда «Аллоҳ афв этади», деган гумонга алданиб қолиб, амални тарк қилиш дуруст эмаслиги ҳақида сўз юритган ва бунга доир Пайғамбаримизнинг ҳадисларини, салаф-солиҳларимизнинг сўзларини келтирган эдик. Бугунги мақоламизда ҳам ушбу масалага тегишли айрим ҳадисларни кўриб чиқамиз.

Имом Аҳмад “Муснад”да Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Биз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эдик. Баногоҳ бир гуруҳ одамларни кўриб қолдилар-да: “Улар нега тўпланиб туришибди?” деб сўрадилар. “Қабр кавлашмоқда, шунга”, деб жавоб беришди. У зот ўринларидан сапчиб туриб, саҳобаларнинг олдига тушиб шошиб юра кетдилар ва қабр олдига бориб, чўккалаб ўтирдилар. Мен у зот нима қилишларини кўриш мақсадида рўпараларига ўтдим. Пайғамбаримиз йиғладилар, ҳатто кўз ёшларидан ер ҳўл бўлди. Сўнг бизга юзланиб, шундай дедилар: “Эй биродарларим, шу кунга ҳозирлик кўринглар[1].

Имом Аҳмад “Муснад”да Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Бир куни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимизга чиқиб, баланд овозда: “Эй инсонлар, мен билан сизлар нимага ўхшаймиз биласизларми?” дея уч бор айтдилар. Саҳобалар: “Аллоҳ ва Расули билувчироқ”, деб жавоб беришди. “Мен билан сизлар худди душман бостириб келишидан қўрқиб, ораларидан бир кишини маълумот олиб келиш учун юборган қавмга ўхшаймиз. Ўша одам душман келаётганини кўриб, огоҳлантириш учун қавми томон шошади. Лекин ортидан душман етиб олиб, қавмини огоҳлантиролмай қолишидан қўрққанидан устидаги кийимини ечиб: “Эй инсонлар, душман бостириб келмоқда, эй инсонлар, душман бостириб келмоқда”, дея кийими билан силтаб ишора беради[2].

Имом Муслим “Саҳиҳ” тўпламида Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаром. Аллоҳ азза ва жалла маст қилувчи нарса ичган кимсани “Тийнатул-хабал”дан сўғоришини ваъда қилган”. “Тийнатал хабал” нима?” деб сўрашди. “Дўзахдагилардан оққан тер ёки дўзахдагиларнинг қон-йиринглари”, деб жавоб бердилар”[3].

Имом Аҳмад “Муснад”да Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мен сизлар кўрмайдиган нарсани кўраман, сизлар эшитмайдиган нарсани эшитаман. Осмон қисирлади. Қисирлашга арзийди ҳам. Чунки унда тўрт бармоқ сиғадиган бўш жой йўқ. Бўлса ҳам, бир фаришта сажда қилиб турган бўлади. Агар мен билган нарсани билганларингизда эди, кам кулиб, кўп йиғлаган, аёлларингиз билан тўшакда роҳатланмаган, Аллоҳ азза ва жаллага ёлвориб, саҳроларга чиқиб кетган бўлар эдингиз[4].

Абу Зар розияллоҳу анҳу айтади: “Қанийди, кесиб ташланадиган бир дарахт бўлсам”. (Яъни кошки дарахт сингари бир жонсиз нарса бўлсам-у, қиёматда ҳисоб-китоб қилинмасам. Тажримон).

Имом Аҳмад Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан жанозада эдик. Қабр олдига етиб борганимизда унга яқин ўтирдилар ва такрор-такрор ичига қарай бошладилар. Сўнгра шундай дедилар: “Мўмин банда унда (яъни қабрда) бир бор қисиб қўйворилади. Ҳатто қавурға суяклари аралашиб кетади. Кофир бандага эса (қабри) ўтга тўлдирилади[5].

Имом Аҳмад Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Биз Саъд ибн Муоз вафот этганда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан унинг жанозасига бордик. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Саъднинг жанозасини ўқидилар. Маййит қабрига қўйилиб, устига тупроқ тортилгач, у зот “Субҳоналлоҳ”, дея узоқ тасбеҳ айтдилар, биз ҳам тасбеҳ айтдик. Сўнг “Аллоҳу акбар”, дея такбир айтдилар, биз ҳам у зотнинг ортларидан такбир айтдик. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, нега тасбеҳ ва кетидан такбир айтдингиз?” деб сўрашди. “Ушбу солиҳ бандани қабри қисди. Сўнг Аллоҳ азза ва жалла бу қийинчилигини кетказди”, дея жавоб бердилар”[6].

Имом Бухорий Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қиладилар: “Маййит тобутга қўйилиб, эркаклар елкаларига ортишганда, агар маййит солиҳ банда бўлса, “Мени тезроқ олиб боринглар, тезроқ олиб боринглар”, дейди. Борди-ю, солиҳ бўлмаса, “Ҳолимга вой бўлсин! Қаерга олиб кетяпсизлар?!” дейди. Унинг товушини инсондан бошқа барча нарса эшитади. Агар инсон эшитганда, ҳушидан кетган бўларди[7].

Имом Аҳмад “Муснад”да Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қиёмат куни қуёш (одамларга) бир мил масофагача яқинлашади. Ҳарорати мана бунчагача кучайтирилади. Ҳароратидан қозон қайнаганидек халоиқнинг бошлари қайнайди. Одамлар қилган гуноҳларига яраша терга ботадилар. Айримлар тўпиғигача, айримлар болдиригача, айримлар белигача, айримлар эса оғиз-бурнигача терга ботади[8].

[1] Аҳмад, “Муснад”, (4\294, 18601-ҳадис), Ибн Можа, “Сунан”, (4195) ва Бухорий, “Ат-тарихул-кабир”, (1\229).
[2] Аҳмад, “Муснад”, (5\348, 22948-ҳадис).
[3] Муслим, (2002).
[4] Аҳмад, “Муснад”, (5\173, 21516-ҳадис), Термизий, (2312), Ибн Можа, (4190), Ҳоким, (2\554) ва бошқалар.
[5] Аҳмад, “Муснад”, (5\407), Таммом, “Ал-фавоид”, (518), Байҳақий, “Исботу азобил-қабр”, (112) ва Ибн Жавзий, “Ал-мавзуот”, (2\406). Ҳадисни Ибн Жавзий, Ироқий, Ибн Ҳажар ва Ҳайсамийлар заиф дейишган. Қаранг: “Ар-равзул-бассом”, (2\125).
[6] Аҳмад, “Муснад”, (3\360, 14873-ҳадис), Табароний, (6\13), Байҳақий, “Исботу азобил-қабр”, (110) ва бошқалар.
[7] Бухорий, (1314).
[8] Аҳмад, “Муснад”, (5\254, 22186-ҳадис).

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг