Жума боби (2)

0

Бир юз ўттиз биринчи ҳадис

(عَنْ عَبدِ الله بْن عُمَرَ رضيَ الله عنهما أنَّ رَسولَ الله صلى الله عليه وسلم قال: (مَنْ جَاءَ مِنْكُمْ الْجُمعَةَ فَلْيَغْتَسِلْ

Абдуллоҳ ибн Умардан (разияллоҳу анҳумо) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Биронтангиз жума (намози)га келса, ювиниб келсин” (Бухорий, 894 ва Муслим, 844).

Шарҳ

Жума намозига тўпланиш мусулмонларнинг буюк маросими ва катта йиғинларидан бири. Шаҳарнинг турли чеккаларидан инсонлар жума намозини ўқиш учун келишади. Унда Ислом шиори ва мусулмонлар салобати кўзга ташланади. Келадиган одам чиройли суратда, хушбўй атирларни сепиб, танасини яхшилаб тозалаб келиши мақсадга мувофиқ. Шу боис Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) жума намозига ювиниб, бошқа намозхонларга ва ўша ерда ҳозир бўлган фаришталарга озор берадиган нохуш ҳид ва кирлардан тозаланиб келишга буюрганлар.

Уламолар ихтилофи

Уламолар жума намозига ювиниб бориш вожиб ёки мустаҳаблиги хусусида ихтилоф қилишган.

Зоҳирий мазҳаб уламолари “Балоғатга етган ҳар бир инсон жума куни ғусл қилиши вожибдир”,[1] ҳадисига таяниб, жума куни ювиниш вожиб, деган.

Жумҳур уламолар бу куни ювиниш вожиб эмас, мустаҳаб, деган фикрни билдирган. Уларнинг далили Ҳасан ибн Самро (разияллоҳу анҳу) ривоят қилган қуйидаги ҳадис. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Ким жума куни таҳорат олса, яхши.  Ким ювинса, албатта, ювиниш афзал[2].

Ибн Дақиқ Ийд (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Мазкур ҳадис санади (ровийлар силсиласи) машҳур фикрга кўра саҳиҳ бўлса-да, ғусл вожиблигини англатадиган ҳадисларга қарши келишга кучи етмайди”.

Зоҳирий мазҳаб уламолари далилига жумҳур уламолар қуйидагича жавоб беришган: “Сизлар келтирган ҳадис бу амалнинг суннати муаккада (таъкидланган суннат) эканини ифодалайди, холос. Ундаги “вожиб” сўзи “бурч” маъносида қўлланилган. Бу ишни қилиш сени бурчинг, дейилгани каби. Ёки ҳадис Исломнинг дастлабки даврларида айтилган деб эътибор қилинади. Саҳобаларнинг у пайтда устидаги кийими қалин ва дағал матодан бўлган. Шу сабабли кўп терлашар, натижада, таналаридан нохуш ҳид чиқар эди. Аллоҳ таоло уларга мўл-кўлчилик насиб қилганидан сўнг юпқа кийимлар кия бошлашди. Бинобарин, жума учун ювиниш ҳукми вожибликдан мустаҳабликка ўзгартирилди”.

Абу Авона (раҳимаҳуллоҳ) Ибн Умардан (разияллоҳу анҳумо) ривоят қилган ҳадисда айтилади: «Одамлар эрталабдан ишга киришиб кетарди. Жума намози вақти бўлганда масжидга ҳидланган кийимда кириб келарди. Шу ҳақда Пайғамбаримизга шикоят қилишди. У зот:Ким жума намозига келмоқчи бўлса, ювиниб олсин”, деб айтдилар»[3].

Ҳақиқатда ушбу жавоблар жума ғуслининг вожиблигини билдирувчи ҳадисни бошқа маънога буриш учун етарли эмас. Ибн Қаййим (раҳимаҳуллоҳ) “Ҳадий” китобида бундай дейди: “Жумага ювиниб бориш вожиблик даражаси витр намозининг вожиблигидан ҳам, намозда Фотиҳа сурасини ўқиш вожиблигидан ҳам, аёл киши ёки жинсий аъзони ушлаганда таҳорат олиш вожиблигидан ҳам, охирги ташаҳҳудда Набийга (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) саловат айтиш вожиблигидан ҳам кучлироқ”.

Шайхулислом Ибн Таймия (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Жума намозига ювиниш терлайдиган ёки бошқаларга озор берадиган ҳиди бор одамга вожиб”.

Бағавий (раҳимаҳуллоҳ) “Шарҳус-сунна” китобида айтади: “Уламолар чўмилмасдан ўқилган жума намозини дуруст санашса-да, ювиниш вожиблиги борасида ихтилоф қилишган”.

Жума намозига чиқадиган киши ювиниб бориши афзал. Чунки барча уламолар уни шариатимизда жорий этилганига иттифоқ қилган. Қолаверса, вожиблигига далолат қилувчи далиллар кучлироқ. Албатта, бундай ҳолатда эҳтиёткор бўлиш яхшироқ ва афзалроқ.

Санъоний (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Жума ғусли вожиблигини ангталадиган ҳадисни бошқа маънога бурган уламолар унинг маъносига (сабабига) эътибор қаратиб, ибодат ҳам эканини беэътибор қолдиришди. Маълумки, ҳар бир ҳукмнинг ибодат ва маъно жиҳатларини жамлаш шарт”.

Ҳадисдан олинадиган ҳукмлар:

  1. Ҳадис зоҳиридан жума намозига ювиниб бориш вожиблиги тушунилади. Аслида, ҳар бир ҳадисни зоҳирига кўра тушуниш керак. Ушбу масаладаги уламолар ихтилофи ва далиллари юқорида ўтди.

  2. Жума куни жума намози учун ювинилади. Табиийки, намоздан олдин ювиниш керак. Мана шу тўғри фикр. Негаки, ушбу кунда ювиниш жума намози учун жорий қилинган, жума куни учун эмас. Зоҳирий мазҳабидаги уламоларга хилоф ўлароқ. Улар, жума кунги ювиниш намоздан кейин бўлса ҳам бўлаверади, дейишади.

  3. Жума намозига боришдан бироз олдин ювинган афзал.

  4. Шариатимизда ушбу ғуслга буюрилишидан англашимиз мумкинки, инсон ибодат масканларига ва намозга энг яхши кўринишда, энг гўзал ҳайъатда бориши лозим. Аллоҳ таоло айтади: “Эй Одам болалари, ҳар бир намоз вақтида зийнатланингиз”. Яъни авратларингизни тўсадиган, тоза ва чиройли кийимларингизни кийингиз.

  5. Ғусл олиш ҳақидаги буйруқ жума намозига борувчиларга тегишли. Бошқалар буюрилмаган. Дарҳақиқат, бу фикрни Ибн Хузайма ривоят қилган ҳадис очиқ баён этади: “Ким жума намозига бормаса, ғусл қилиши шарт эмас”.

[1] Бухорий, 879 ва Муслим, 846.
[2] Термизий, 497, Насоий, 1380, Ибн Можа, 1091 ва Аҳмад, 19664.
[3] Ҳадиснинг охирги жумласини: “Ким жума намозига келмоқчи бўлса, ювиниб олсин” Бухроий (894) ва Муслим (844) ривоят қилган.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг