Муфассирлар: Абу Бакр Жассос (4)

0

Ёзган китоблари

Имом Жассос (раҳимаҳуллоҳ) қаламига мансуб китоблар, асосан, Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний ва Таҳовий каби ҳанафий мазҳаби имомларининг китобларини шарҳлаш ва ихтисор қилиш (соддалаштириш)га бағишланган. Ҳанафий мазҳаби равнақига ҳисса қўшган талай асарлар битган. У асарлар ҳанафий мазҳаби уламолари учун фиқҳ ва усули фиқҳ илмида қийин ва нозик масалаларни ечишда ёрдам берадиган мўътабар манбаларга айланган. Китобларига назар солган инсон унинг нақадар чуқур фаҳм-фаросатга ва кучли заковатга эга эканини пайқайди. Қуйида айрим китоблари номларини келтирамиз:

  1. “Аҳкомул-Қуръон”. Тафсир китоби. Оятларни асосан фиқҳий жиҳатдан тафсир қилган. Қуръон оятларидан ҳукм чиқариш борасида ҳанафий мазҳабида машҳур китоблардан бири. Афтидан, уни умрининг охирларида ёзган бўлса керак. Чунки унда ўзининг бир қанча китобларига ишора қилган.

  2. “Шарҳул-жомеил-кабир”. Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг “Ал-жомеул-кабир” китоби шарҳи. Ҳанафий мазҳаби асосида ёритилган фиқҳий масалалар ва мазҳаб имомларидан нақл қилинган ривоятлардан иборат мўътабар китоб.

  3. “Шарҳул-жомеис-сағир”. Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний қаламига мансуб “Ал-жомус-сағир” китоби шарҳи. Имом Муҳаммад (раҳимаҳуллоҳ) ушбу китобда Имом Абу Юсуф (раҳимаҳуллоҳ) устози Абу Ҳанифадан (раҳимаҳуллоҳ) эшитган фиқҳий масалаларни жамланган. Бир минг беш юз ўттиз иккита масаладан иборат. Абу Бакр Жассос айтади: “Ким шу китобни тўлиқ тушинса, мазҳабимизнинг энг билимдони бўлади”.

  4. “Шарҳул-маносик”. Имом Муҳаммад ибн Ҳасаннинг “Маносик” китоби шарҳи. Бизгача етиб келмаган.

  5. “Шарҳу мухтасарил-Кархий”. Ҳанафий фиқҳига оид.

  6. “Шарҳу мухтасарит-Таҳовий”. Ҳанафий фиқҳида ўта муҳим манбалардан саналган “Мухтасарут-Таҳовий” шарҳи. Таҳовийнинг иккита – катта ва кичик мухтасари бор. Жассос кичигини шарҳлаган.

  7. “Ихтисору ихтилофил-фуқаҳо”. Таҳовийнинг “Ихтилофул-фуқаҳо” китоби мухтасари. Таҳовий унда фиқҳий масалаларни мазҳаблар ўртасини солиштирган ҳолда зикр қилган. “Кашфуз-зунун” китоби муаллифи зикр қилишича, “Ихтилофур-ривоят” ҳам деб номланади. Жассос уни қисқартирган. Аслида, бир юз ўттиз жуздан кўп бўлгани айтилади.

  8. “Шарҳу адабил-қози”. Аллома Абу Бакр Хассоф қаламига мансуб “Адабул-қози” (Қозига тегишли одоблар) китоби шарҳи. Ўз мавзусида беназир ва кенгқамровли китоб. Ҳожи Халифа унинг тўққизта шарҳини зикр этган.

  9. “Шарҳул-асмоил-ҳусно”. Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари шарҳи.

  10. “Китобу усулил-фиқҳ”. Усули фиқҳ илмига доир.

  11. “Жавоботул-масоил”. Ўзига йўналтирилган масалаларга жавоб берган.

Вафоти

Аллома Абу Бакр Жассос (раҳимаҳуллоҳ) ҳижрий 370 (милодий 980) йили зулҳижжа ойида олтмиш беш ёшида оламдан ўтди. Жанозасини Абу Бакр Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий ўқиди ва қабрга ҳам ўзи қўйди. Уламолар унинг вафот этган санасида ихтилоф қилмаган. Аммо қаерда вафот этгани маълум эмас. Бағдодда вафот этганига доктор Сезгин ишора қилган[1]. Саймарийнинг сўзидан ҳам шуни англаш мумкин[2].

Аллоҳ таоло Абу Бакр Жассосни Ўз раҳматига олсин. Аллоҳнинг каломини одамларга тушунтириш мақсадида қилган саъй-ҳаракатлари учун жаннатнинг олий даражалари билан мукофотласин. Омин.

[1] Д. Фуат Сезгин, “Тарихут-туросил-арабий”, 1-мужаллад 2-жуз 102-бет. “Идоратус-сақофати ван-нашри бил-жомеа” нашриёти, 1991-йил.
[2] Саймарий, “Ахбору Аби Ҳанифа ва асҳобиҳ”, 172 бет. “Оламул-кутуб” нашриёти, 1985-йил. Иккинчи нашр.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг