Рабеа ал-Раъй (1)

0

“Рабиадан кўра суннатни сақловчироқ кишини кўрмадим”.

(Ибн Можашун)

Мана, ҳозир биз ҳижратнинг эллик биринчи йилида турибмиз. Ана улар ернинг мағрибу машриғида кезиб, башарият учун бунёдкор, соф ақидани кўтариб, ёрдам ва ислоҳ қўлини чўзиб, одамларни ўзига ўхшаган инсонга қуллик қилишдан озод этиб, шериги йўқ ёлғиз Аллоҳга қуллик қилдирадиган шариатни ёйиб юрган мусулмон лашкарлари. Бу киши эса Хуросон амири, Сижистон фотиҳи, музаффар қўмондон, улуғ саҳобий Рабеъ ибн Зиёд Ҳорисий разияллоҳу анҳу. Аллоҳ йўлида юрган ушбу лашкарнинг аввалида, ундан ҳеч ажралмас, шижоатли ғуломи Фаррух билан кетмоқда. Аллоҳ таоло унга Сижистон ва бошқа ерларни фатҳ қилиш шарафини ато этгач, улуғ саҳобий ўзининг сермазмун, жаҳонгашта ҳаётининг охирида Сайҳун дарёсидан кечиб, Мовароуннаҳр диёрларида тавҳид байроғини олий қилишни азм этади. Рабеъ ибн Зиёд розияллоҳу анҳу кутилаётган жангга қаттиқ тайёргарлик кўриб, Аллоҳнинг душманларини тор-мор қилиб ташлашга шайланди. Жанг бошлангач, Рабеъ разияллоҳу анҳу ва унинг енгилмас лашкарлари шундай жасорат ва мардлик намоён қилдиларки, ҳали-ҳануз тарих бу фидойиликни олқиш ва мақтовлар билан ёд этади. Айниқса, улуғ саҳобийнинг ғуломи Фаррух жанг майдонида шундай қаҳрамонлик ва жасорат билан олишадики, Рабеъ рaзияллоҳу анҳу ҳам бундан ҳайратланиб, шарафлаб, ҳурмат-эҳтиром кўрсатди. Жанг мусулмонларнинг тўлиқ ғалабаси билан ниҳоясига етади. Душман тор-мор қилинади. Шундан сўнг турк диёрлари, Суғд вилояти ва Хитой ерлари билан ораларини тўсиб турган дарёдан кечиб ўтадилар. Улуғ саҳобий ва қўмондон Рабеъ розияллоҳу анҳу лашкарлар билан дарёни кечиб, қирғоқнинг бу тарафига қадамлари тегиши биланоқ, дарё сувида чиройли таҳорат олиб, қиблага юзланиб, нусрат ато этган Аллоҳ азза ва жаллага шукрона ўлароқ икки ракат намоз ўқийди. Сўнг ғуломи Фаррухнинг жангдаги фидойилигини гўзал тарзда тақдирлаган қўмондон саҳобий, уни озод этиб, қўлга киритилган ўлжадан унга тегишли бўлган улушни ажратади ва ўз ёнидан ҳам катта миқдорда насиба қўшиб беради.

Бундай нурафшон, ёрқин кунлардан сўнг Рабеъ ибн Зиёд рaзияллоҳу анҳунинг ҳаёти узоқ давом этмади. Орзулари рўёбга чиққанидан икки йил ўтиб, тақдирда битилган ажали вафо қилиб, Парвардигори ҳузурига рози бўлинган ва рози бўлган ҳолда кетди. Довюрак, шижоатли йигит Фаррух эса ғаниматлардан қўлга киритган катта улуши, саховатли хожасининг ҳадяси, бунга қўшимча бебаҳо ҳуррият ҳамда нодир жасорат ва қаҳрамонликка бой хотиралар билан Мадинаи Мунавварага қайтиб келди. Фаррух Мадинага келганида, чамаси ўттиз ёшдаги билаги кучга тўлган, чавандоз, навқирон ёш йигит эди. У ҳам бошқалар каби, уй-жой қилиб, уйланиб, бола-чақа орттириш мақсадида Мадина марказидан ҳовли сотиб олди. Ўзига жуфтликка ақли расо, фазилат борасида етук, диндор, ёш жиҳатдан ҳам муносиб аёлни ихтиёр этди.

Фаррух Аллоҳ таоло унга инъом қилган неъматлар ичида, яъни кенг ҳовли ва солиҳа жуфти ҳалолнинг ширин суҳбатидан баҳра олиб, ўзи ўйлаганидан ҳам зиёда ҳаёт лаззатларидан роҳатланиб яшай бошлади. Лекин барча қулайликларга эга бўлган бу кенг ҳовли жой ҳам, Аллоҳ ато этган гўзал хулқ ва олий фазилатларга эга бўлган солиҳа аёл ҳам, паҳлавон, чавандоз бу йигитнинг жанг майдонларига бўлган жўшқин иштиёқини, ўткир қиличларнинг бир-бирига урилгандаги товушини эшитишга бўлган муштоқлигини ва Аллоҳ йўлидаги жиҳодга бўлган муҳаббатини боса олмади. Ҳар сафар Аллоҳ йўлида ғазотга чиққан мусулмон лашкарларининг ғалаба қилгани ҳақидаги хабарлар тарқаганда, унинг жиҳодга бўлган завқини, шаҳид бўлиш иштиёқини янада аланга олдирар эди.

Бир куни Фаррух жума намозида, масжидун Набийнинг имом хатиби мусулмон лашкарларнинг бир неча майдонлардаги ғалабаси ҳақидаги хушхабарни эълон қилиб, одамларни Аллоҳ йўлида жиҳод қилишга ундади, диннинг иззати ва Аллоҳнинг розилигини истаган ҳолда шаҳид бўлишга тарғиб этди. Фаррух уйига қайтгач чор атрофга тарқаб кетган мусулмон қўшинларидан бирининг байроғи остига киришга қарор қилганини аёлига айтди. Шунда аёли: “Эй Абу Абдураҳмон, мен ҳомиладор бўлсам, шу ҳолимда мени ва ҳомиламни кимга қолдириб кетасиз, ахир, сизни Мадинада на бир яқинларингиз ва на қариндошларингиз бўлса?” деди. Фаррух: “Сизларни Аллоҳ ва Унинг Росулига қолдираман, ғаниматлардан йиққан ўттиз минг динорни ҳам сизларга ташлаб кетаман, шуни иложи бўлса, кўпайтиргин ва мен қайтиб келаманми ёки орзуимга етиб шаҳид бўламанми, эҳтиёт қилиб, ўртача тарзда ўзингга ва болага сарфлагин”, деб жавоб берди ва хайрлашиб мақсади сари йўл олди.

Эри кетганидан сўнг бир неча ой ўтгач, оғир вазминли ва жиддий бу аёлнинг кўзи ёриб, кўрган одамнинг кўзини қувонтирадиган, тўрт мучаси соғ чақалоқ дунёга келди. Бундан ниҳоятда шодланган она бир муддат чақалоқ отасининг фироғини ҳам унутди. Чақалоқ ўғил эди, унга Рабеа деб исм қўйди.

Болада ёшлик чоғиданоқ улуғворлик аломатлари, ишидаю сўзида закийлик белгилари кўрина бошлади. Меҳрибон она фарзандининг билимли бўлишини жуда-жуда истаганидан муаллимлар ёллаб ўқитди, тарбиячилар топиб болага гўзал тарбия беришларини илтимос қилди. Kўп ўтмай бола ўқиш ва ёзишда моҳир бўлди. Қуръонни мукаммал ёд олди. Ҳадисларни пухта ўзлаштирди. Фойдали араб мақоллари ва ҳикматли сўзларини ёдлади.

Рабеанинг онаси муаллим ва тарбиячиларга мол-дунё ҳамда мукофотларни аямай берар, боласининг илми зиёда бўлаётганини кўргани сари уларга инъом-эҳсонини кўпайтирар эди. Отаси қайтиб қолса, кўзларини қувонтирадиган фарзанд бўлсин деб интилар эди. Бироқ Фаррухнинг қайтиши чўзилиб кетди. Ундан ташқари, у ҳақда турли гап-сўзлар ҳам эшитила бошлади, баъзилар: “Фаррух душман қўлида асир бўлиб қолибди”, деса, бошқалар: “Фаррух ҳали ҳам жиҳод майдонларида жанг қилиб юрган экан”, дер, яна бировлар: “Фаррух ўзи орзу қилган шаҳидликка эришибди”, деб айтар эди. Фаррухнинг ўзидан бирон бир хат-хабар келмай қолганидан, Рабеанинг онасида ҳам мана шу учинчи гап тўғри бўлса керак, деган ўйга келди. Қалби эзилди, қайғуга ботди, қаттиқ маҳзун бўлди. Аллоҳдан ажрини беришини илтижо қилди.

(давоми бор)

Изоҳ қолдиринг