Етти ҳикоят: Иккинчи ҳикоят (3)

0

(давоми)

Диққатга молик яна бир нуқта…

Ҳар бир соҳада, ҳар бир ишда адолат матлуб бўлгани каби фарзандлар орасида ҳам адолат, албатта, зарур.

Раҳнамомиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам «اعدلوا بين أولادكم… »

«Фарзандларингиз орасида адолат қилинглар!» деб буюрганлар.

Бу ҳадисни имом Бухорий «Саҳиҳ»да, имом Аҳмад «Муснад»да ривоят қилган.

Бошқа жойда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта такрорлаб:

“اعدلوا بين أبنائكم   – Ўғиллар ўртасида адолат қилинглар!

 اعدلوا بين أبنائكم  – Ўғиллар ўртасида адолат қилинглар!

اعدلوا بين أبنائكم  – Ўғиллар ўртасида адолат қилинглар!” деб бот-бот таъкидлаб айтганлар.

Бир сўзнинг қайта-қайта такрорланиши ўша ишнинг ўта муҳимлигига далолат қилади.

Ҳа, ота-она фарзандлар орасида совға-саломда, олди-бердида ва муомалада адолат қилиши шарт, вожиб! Йўқса, ўғил ва қизлар орасида адоват пайдо бўлиши муқаррар.

Муҳаббатда-чи?

Муҳаббатда ҳам адолат шартми?

Меҳр-мурувватда-чи?

Ҳа, меҳр-мурувватда адолат, албатта, лозим, шарт!

Аммо муҳаббатда адолат лозим эмас. Чунки бунинг имкони йўқ, сира иложи йўқ!

Муҳаббат масаласи нозик масала. Уни қўл-оёқ, кўз-қулоқ ҳал қилмайди, уни фақат дил ҳал қилади, дил!

Севги-муҳаббат қалбнинг иши. Қалб эса аъзолар раиси. Раисга буйруқ беришга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмайди.

Инсон ўзининг ҳур дилига, қайсар қалбига, нозик кўнглига, қонталаш юрагига буйруқ бериб, «уни сев, буни суй», дея олмайди. Дегани билан аъзолар шоҳи у гапни назарга илмайди, қуйи аъзолар буйруғини асло қабул қилмайди.

Дил ўзига яхшилик қилган, уни эркалатган меҳрибон инсонларнигина яхши кўради. Ана ўшаларнигина севади.

Абул Фатҳ Бустий дейди:

أحسن إلى الناس تستعبد قلوبهم                  فطالما استعبد الإنسان إحسان

Одамларга қилгин яхшилик, эҳсон,

Дилларни ўзингга этурсан қарол.

Кўпинча, инсонни эҳсон қилур қул,

Деб таржима қилди Бустийдан Жалол.

Тўғри, дил ўзига яхшилик қилган инсоннигина яхши кўради, ана ўшаларнигина севади. Аммо-лекин ақлли одам муроса бобидан, эзгу ниятларда, Аллоҳ учун ўз нафратини яшириб, муҳаббатини, гарчи юзаки бўлса ҳам, изҳор этиб туриши керак. Йўқса…

Йўқса, адолатсизлик натижасида ёпирилиб келган бало-офатлар, мусибатлар меҳр-муҳаббат камайган пайтда ҳам ёпирилиб келиши мумкин. Юсуф қисмати, тарихга кирган ўша «қудуқ» бунга ёрқин далил.

Ёқубнинг алайҳиссалом муборак хонадонига ёпирилиб келган пайдар-пай мусибатларнинг асосий сабаби адолатсизлик эмас, йўқ, йўқ, балки муҳаббат эди, муҳаббат!

Шунинг учун ўнта ака-ука ўз укаларини йўқотишга тил бириктирган пайтда улар «муҳаббат»ни рўкач қилган эдилар. Эътибор беринг, адолатни эмас, муҳаббатни…

«Юсуф ва унинг укаси Бинямин отамизга биздан кўра маҳбуброқ, ҳолбуки, биз кўпчиликмиз. Отамиз бу борада аниқ адашяптилар; отамиз қаттиқ янглишяптилар», дейди Юсуфнинг она бошқа акалари».

Қуръон ҳикоя қилган қиссадаги мана шу лавҳа орқали Аллоҳ бизга нимани ўргатяпти?! Нимага чақиряпти?!

Оиладаги иноқликка путур етмаслиги учун,

Ака-укалар ўртасида фитна чиқмаслиги учун,

Бутун бошли оила дарз кетмаслиги учун,

Ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муҳаббат нафратга,

Садоқат хиёнатга,

Самимийлик сохталикка,

Фидокорлик қаллобликка айланмаслиги учун

МЕҲР ва МУҲАББАТ, СЕВГИ ва САДОҚАТ борасида ҳам жуда эҳтиёткор бўлишни ўргатмаяптими?!

Ҳушёрликка чақирмаяптими?!

Бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Бир ўйлаб кўринг!

Ушбу қиссани ҳикоя қилган оятларни ўзингиз қайта-қайта ўқиб, фикр юритинг, тааммул қилинг!..

Изоҳ қолдиринг