Аллоҳ суйган бандалар: Ўртача инфоқ қилиш (5)

0

Таомланишдаги исрофгарчилик

Аллоҳ таоло деди: “Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган ҳалол нарсаларни еб-ичаверинглар ва бунда мўътадиллик чегарасидан ўтиб кетманглар! Албатта, Аллоҳ таоло емак-ичмак ва бошқа нарсаларда ҳаддидан ошувчи исрофгарларни ёқтирмайди” (Аъроф, 31).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Одамзод қорнидан кўра ёмонроқ бирон идишни тўлдирмаган. Одам боласига белини (яъни жасадини) тик ушлаб туриши учун бир икки луқма етарлидир. Жуда бўлмаса (бир икки луқмадан кўпроқ ейдиган бўлса), учдан бири таоми учун, учдан бири ичимлиги учун ва яна учдан бири нафаси учун” (Аҳмад, Термизий, Ибн Можа: 2/1111 ривояти).

Мўмин киши таом еганда қорнининг учдан бирига ейди, қолганини ичиш ва нафас олишга қолдиради. Чунки мўмин одам қаноат соҳибидир, озгина таом билан ҳам кифояланиб кетаверади, у еб тўймас кофирдан тамоман фарқ қилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кофир кишини меҳмон қилдилар. Меҳмонга қўйни соғиб сутидан олиб келишни буюрдилар. Янги соғилган сутдан олиб келинди, меҳмон сутнинг ҳаммасини ичиб қўйди. Сўнг яна соғиб келинди, уни ҳам ичди. Сўнг яна соғиб келинди, уни ҳам ичиб юборди. Шу ҳолат етти бор такрор бўлиб, еттита қўйдан соғилган сутни бир кечада ичиб қўйди. Тонг отгач, бу кофир меҳмон Исломни қабул қилиб мусулмон бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам меҳмон учун қўйни соғиб сутидан олиб келишга амр этдилар. Меҳмон сутни ичди. Сўнг яна олиб келишни буюрган эдилар, меҳмон уни охиригача ича олмади. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин киши бир ичакка ичади, кофир эса еттита ичакка ичади”, дедилар” (Муслим, 14/25).

Бу гап фақат ичишнинг ўзига хос эмас, балки ейишга ҳам тегишлидир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмон битта ичакка ейди, кофир эса еттита ичакка ейди”, деб айтганлар. (Бухорий, 9/536, Муслим, 4/24 ривояти).

Бундан келиб чиқадики, мусулмон киши бу дунёда тўйиб емаслиги керак, чунки бу дунё унинг ҳақиқий маскани, ҳовлиси эмас, балки роҳат-фароғат, ҳузур-ҳаловатни охират учун, кенглиги осмонлару ерча бўлган, Аллоҳ таоло тақводор бандалари учун ҳозирлаб қўйган жаннатга олиб қўйсин.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Бу дунёда доим қорни тўқ юрганлар эрта охиратда оч бўладилар” (Табароний ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга бир қоида тузиб берганлар, ана шу қоида асосида биз ҳаётдаги ишларимизни олиб боришимиз лозимдир. Ҳабибимиз айтганлар: “Исрофгарчилик ва манманлик аралаштирмай еб-ичинглар ва садақа қилинглар” (Насоий ва Ибн Можа ривояти).

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу дедилар: “Қорин қўйишдан сақланинглар, чунки қоринни кўтариб юриш дунёда оғир бўлса, ўлганда сассиқ бўлади”.

Луқмон Ҳаким ўғлига: “Эй ўғилчам, ошқозон тўла бўлса, фикрлаш ухлайди, ҳикмат соқов бўлади ва аъзолар ибодатга оғирлашиб қолади”, деб насиҳат қилган.

Абу Сулаймон Дороний айтади: “Кимнинг қорни тўқ бўлса, унга олти офат етади: Аллоҳга илтижо қилиш ҳаловати йўқолади, ҳадис ёдлаш қийинлашади, одамларга меҳр-шафқат кўрсатишдан маҳрум бўлади, чунки тўқ одам бошқаларни ҳам тўқ деб ўйлайди, ибодат ҳам оғирлик қилади, шафвоний ҳирс ортади, мўмин-мусулмонлар масжидлар атрофида бўлсалар, қорни тўқлар ҳожатхона атрофида бўладилар”.

Нофеъ роҳимаҳуллоҳ дейди: “Бир киши Ибн Умар розияллоҳу анҳумога ширинлик олиб келди. Ибн Умар: “Нима бу?” деб сўрадилар. У: “Ҳазми таом”, деди. Ибн Умар: “Нима қиламан буни, шундоқ ҳам ойлаб қорним тўймай юраман”, деб жавоб берди”.

Муҳаммад ибн Восеъ роҳимаҳуллоҳ дейди: “Кам овқат еган киши ўзи ҳам фаҳм-идрокли бўлади, бировларга ҳам тушунтира олади. Овқатни кўп ейиш кишини оғирлаштириб, қилмоқчи бўлган кўпгина ишларидан тўсиб қўяди”.

Абу Убайда Хаввос айтади: “Ўлиминг тўқлигингда, омонлигинг эса очлигингдадир. Чунки тўқ бўлсанг, оғирлашасан, оғирлашгач, ухлаб қоласан, ухлаганингда душман сени маҳв эта олади”.

Амр ибн Қайс дейди: “Қорин қўйишдан сақланинглар. Қорин қўйиш қалбни қотиради”.

Ҳасан роҳимаҳуллоҳ айтади: “Отангиз Одам алайҳиссаломнинг кўргулиги ейиш бўлган эди. Айни шу ейиш қиёматга қадар сизнинг ҳам мусибатингиз бўлади”.

 “Баданинг соғ, уйқунг оз бўлишини хоҳласанг, оз ей” (Ҳикматли сўз).

Бишр роҳимаҳуллоҳ дейди: “Киши қорнини тўйдирмаслиги лозим, гарчи ҳалолдан бўлса ҳам. Негаки ҳалолдан тўйган нафси кейин ҳаромга чорлайди”.

Иброҳим ибн Адҳам айтади: “Ким қорнини (нафсини) ушлай олса, динини ушлайди. Ким очлигини бошқара олса, гўзал хулқларга эга бўлади, чунки маъсият очдан узоқ, тўққа яқиндир. Тўқлик қалбнинг қотилидир. Тўқликда шўхлик, ўйин-кулги, мазах бўлади”.

Ривоят қилинишича, Иблис лаъин Яҳё алайҳиссаломга: “Қорнинг тўқ бўлганида намозни сенга оғирлаштирдик”, деганида, Яҳё алайҳиссалом: “Аллоҳга қасамки, энди ҳеч қачон қорнимни тўқ қилмайман”, деб жавоб бердилар. Иблис лаънатуллоҳ: “Аллоҳга қасамки, мен ҳам энди ҳеч қачон мусулмонга насиҳат қилмайман”, деди”.

Имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Тўқлик баданни оғирлаштириб, уйқуни келтиради ва ибодатдан заифлаштиради”.

Демак, мусулмон киши ҳар бир ишда исрофгарчиликка йўл қўймай, бахиллик ҳам қилмай, ўртача бўлиши лозимдир: “Шунингдек (яъни ҳақ йўлга ҳидоят қилганимиз каби), биз сизларни энг яхши ва адолатли уммат қилдик” (Бақара, 143).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг