Чақалоққа оид ҳукмлар (12): «Ақиқа» сўзининг келиб чиқиши ва нимадан олингани

0

Бешинчи бўлим: «Ақиқа» сўзининг келиб чиқиши ва нимадан олингани

Абу Умар[1] айтади: “Ақиқа сўзининг луғавий маъносига келсак, Абу Убайд[2] Асмаий ва бошқалардан ривоят қилишича, аслида, ақиқа деб, бола туғилган пайтда унинг бошидаги сочга айтилади. Унинг учун ақиқа сифатида сўйиладиган қўйни бундай номлашнинг боиси эса, сўйилган пайтда боланинг сочи олиниши сабаблидир. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ундан азиятни кетказинглар», деганларида сочни олишни назарда тутганлар.

Абу Убайд айтади: “Улар (яъни араблар) баъзан бир нарсани унинг ёнидаги ёки у сабабли келиб чиққан нарса билан номлашади. Шунга ўхшаш, сочнинг ақиқа деб аталиши сабабидан қўй ҳам ақиқа деб номланди. Шунингдек, ҳар бир чорва ҳайвоннинг боласида ҳам шундай: туғилган пайтидаги сочи «ақиқа» ва «аққа» дейилади.

«Ақиқа» ва «иққа» одамлар ва эшакларга нисбатан қўлланади, бошқаларга нисбатан ишлатилгани эшитилмаган”[3]. Абу Убайднинг гапи тугади”[4].

Имом Аҳмад Абу Убайднинг ақиқага берган ушбу шарҳини ҳамда Асмаий ва бошқалардан келтирган нақлини инкор этиб: «Йўқ, «ақиқа» сўйишнинг айнан ўзидир», деди. Кейин: «Абу Убайд гапининг тўғрилиги эҳтимоли йўқ», деди[5].

Абу Умар айтади: “Баъзи мутааххир (кейинги замонлардаги) олимлар Аҳмад ибн Ҳанбалнинг шу гапини далил қилиб келтириб айтишадики: “Аҳмаднинг бу борада айтган сўзи луғатда маълум. Чунки, «аққа» деб узиб, ажратиб қўйишга айтилади. «Ота-онага оқ бўлиш» ҳам шундай – улардан (яхшиликни) узишдан келиб чиққан.

Абу Умар айтади: “Имом Аҳмаднинг «ақиқа» сўзининг луғатдаги маъноси борасида айтган гапи Абу Убайднинг гапидан афзалроқ, мақсадга яқинроқ ва тўғрироқдир, валлоҳу аълам”[6]. Абу Умардан иқтибос тугади.

Жавҳарий айтади: «Фарзанди учун ақиқа қилиш дегани – ҳафтаси тўлганда унинг номидан жонлиқ сўйиш деганидир. Шунингдек, сочини олиш ҳам ақиқадан саналади»[7].

Демак, ақиқа сўзи икки нарсани билдиради. Шундай деб айтиш афзалроқ, валлоҳу аълам.

Пайғамбаримизнинг «Ақиқани ёқтирмайман», деган сўзларига келсак, қалбларни нафратлантирадиган исмларнинг кареҳ кўрилишига бир ишорадир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай исмларни ёқтирмаганларини жуда очиқ билдирар эдилар. Ҳатто хунук исмни чиройлисига ўзгартирар, нохуш номли ерда тўхтамас, хунук номлар билан аталган икки тоғ орасидан ўтмас, чиройли исм ва яхши фол (гумон)ни ёқтирар эдилар[8].

«Муватто»да келтирилишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам соғин туяга ишора қилиб: «Буни ким соғади?» дедилар. Бир киши ўрнидан турган эди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан: «Исминг нима?» деб сўрадилар. Киши: «Мурра» (маъноси: аччиқ, оғир, ғамгин), деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишига: «Ўтир», дедилар. Кейин: «Буни ким соғади?» деб сўрадилар. Бошқа бир киши турган эди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан: «Исминг нима?» деб сўрадилар. У: «Ҳарб» маъноси: уруш, жанг, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ҳам: «Ўтир», дедилар. Кейин яна: «Буни ким соғади?» деб сўрадилар. Яна бошқа бир киши турган эди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан ҳам: «Исминг нима?» деб сўрадилар. У: «Яъийш» (маъноси: барҳаёт), деди. Шунда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Туяни соғ», дедилар.

Буни (Имом Молик) «Муватто»да мурсал суратда ривоят қилган[9].

Абу Умар айтади: «Бу яхши гумон бобидан, шумланиш эмас»[10].

Менда эса бошқа эҳтимол ҳам бор: Исм ва исм эгаси ўртасида муносиб алоқа ва боғлиқлик мавжуд бўлиб, булар бир-биридан деярли ажралмайди. Зеро, лафзлар маъноларнинг қолипи бўлса, исмлар ўша исм эгаларининг қолипларидир.

Юзнинг хунуклиги ботиннинг ёқимсизлиги дараги бўлса, исмнинг ёқимсизлиги исм эгасининг ёқимсизлиги белгисидир.

Молик раҳимаҳуллоҳ Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг қуйидаги нақлидан ана шундай хулоса чиқаргандир, валлоҳу аълам. Яъни у зот бир кишидан: «Исминг нима?» деб сўрайди. У: «Жамра» (чўғ), деб жавоб беради. Шунда у киши: «Кимнинг ўғлисан?» дейди. «Шиҳобнинг» (олов), дейди. У киши: «Қайси қабиладансан?» деб сўрайди кейин. «Ҳурақадан» (куйиб кетган), дейди. «Қаерда яшайсан?» деганида, «Олов ҳаррасида» (вулқондан ҳосил бўлган тошлоқ жойларда), дейди. Қайси бириданлигини сўраганида: «Зоти лазодан» (алангалисидан), дейди. Шунда Умар (разияллоҳу анҳу): «Сен тезда аҳлингга қайтиб бор, улар куйиб кетишди», дейди. Ҳақиқатда, борса, Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу айтганидек бўлган эди[11].

Ибн Абу Хайсама Бурайданинг ҳадисини бундай келтиради: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шумланмас эдилар. Бурайда Бану Аслам қабиласидан ўзининг яқинларидан етмиш отлиқ билан йўлга чиқиб, тунда Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга йўлиқди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимсан?» деб сўрадилар. У: “Бурайдаман”, деди. Шунда у зот Абу Бакрга ўгирилиб: «Эй Абу Бакр, ишимиз салқин кечиб, ўнгидан келадиган бўлди», дедилар («бурайда» «салқинлик» маъносини англатади). Кейин: «Кимдансан?» деб сўрадилар. (Бурайда айтади): «Аслам»дан, дедим. У зот Абу Бакрга қараб: «Ана энди саломат қолдик», дедилар. Кейин: «Қайси уруғдансан?» деб сўрадилар. У: «Бану Саҳм»дан, деган эди, “Ўқинг чиқди (яъни қуръада ютдинг, омон қолдинг[12]),” дедилар”[13].

Ҳудайбия сулҳи кунида Суҳайл ибн Амрнинг келаётганини кўрганларида асҳобларига: «Ишингиз енгиллашди», деган эдилар[14] («суҳайл» «енгиллик» демакдир).

Йўл юриб, икки тоғ қаршисига етиб келганларида уларнинг номларини сўрадилар. Одамлар: «Мухзий» ва «Фозиҳ» («уятли» ва «шармандали» деган маънода) деб жавоб берди. Шунда у зот юз бурдилар ва бу икки тоғнинг орасидан ўтмадилар[15].

У киши «Осия» (гуноҳкор) исмини «Жамила»га (гўзал)[16], «Асрам» (кескир) исмини «Зуръа»га (экинзор)[17] ўзгартирганлар.

Абу Довуд «Сунан»да айтади: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ос (осий), Азиз, Атала (хода), Шайтон, Ҳакам (ҳоким), Ғуроб (қарға) исмларини ўзгартирганлар. «Шиҳоб»ни (олов) «Ҳишом»га (мурувват), «Ҳарб»ни «Силм»га (тинчлик), «Музтаже»ни (ётувчи) «Мунбаис»га (тикланган) ўзгартирганлар. «Афира» (тупроқ) ерини «Хазира» (кўкаламзор), «Залолат дараси»ни «Ҳидоят дараси», «Бану Зиня»ни «Бану Рушда» деб номлаганлар[18].

Бу нарса дин ишларидан ажойиб бир иш бўлиб, ақллар хунук деб биладиган, қалблар нафратланадиган исмни ундан гўзал, қалблар мойил бўлган исмга ўзгартиришдан иборат. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бунга жуда қаттиқ эътибор берар эдилар. Ҳатто: “Бирингиз: «Кўнглим хабис (ифлос, кир) бўлди», демасин. Балки, «кўнглим лақис (хижил, хира) бўлди», десин”, дер эдилар[19].

«Ақиқа» номи билан «уқуқ (ота-онага оқ бўлиш)» ўртасида муносиблик ва ўхшашлик бўлар экан, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ёқтирмадилар. Ва: “Аллоҳ «уқуқ»ни ёқтирмайди”, дедилар. Сўнг: «Ким фарзандли бўлса ва унинг номидан қурбонлик қилишни хоҳласа, қилсин», деб айтдилар[20].

[1]Имом Ҳофиз Абу Умар Юсуф ибн Абдуллоҳ Андалусий, ҳижрий 463-йилда вафот этган.

[2]Абу Убайд Қосим ибн Саллом ал-Ҳаравий. Тарихда ўтган буюк луғатшунос олимлардан. Ҳижрий 224-йили вафот этган.

[3]Қаранг: Абу Убайд Қосим ибн Саллом. «Ал-ғарибул мусаннаф» (3/758-759), «Ғарибул ҳадис» (2/284-285).

[4]Қаранг: Ибн Абдулбарр. «Ат-тамҳид» (4/308-309), «Ал-истизкор» (5/548). Азҳарий. «Таҳзибул-луға» (1/56-57).

[5]Қаранг: «Масоилул Имом Аҳмад (ўғли Абдуллоҳ ривояти билан)» (267-268); Ибн Абдулбарр. «Ат-тамҳид» (4/308).

[6]Ибн Абдулбарр. «Ат-тамҳид», 4/311.

[7]Жавҳарий. «Ас-сиҳоҳ», 4/1528.

[8]Қаранг: «Зодул-маъод» (2/334 ва кейингилар).

[9]«Муватто» (3062).

[10]«Ат-тамҳид» (24/72).

[11]Молик (2/382) ривояти.

[12]Қаранг: Маҳмуд Замахшарий. «Ал-фоиқ фи ғарибил-ҳадис» (1/91).

[13]Ибн Абу Хайсама «Тарих»нинг «Иккинчи китоб»ида (1/103), Абу аш-Шайх «Ахлоқун-Набий»да (1/21) ривоят қилган. Ҳайсамий «Мажмаъуз завоид»да Баззордан ривоят қилиб (6/55): «Ҳадис санадида Абдулазиз ибн Имрон аз-Зуҳрий бор, у матрук (ҳадиси олинмайди)» деган. Албоний «заиф» деган. Қаранг: «ат-Тамҳид» (24/73). Заҳабий. «Тарихул Ислом» (1/233).

[14]Ҳудайбия сулҳи ҳақидаги узун ҳадиснинг бир учи. Бухорий (4872) ривоят қилган.

[15]Суҳайлий «Равзул-унуф»да (3/56) айтади: «Бу нарса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарган шумланиш бобидан эмас. Балки, хунук исмни ёқтирмаслик бобидандир». Қаранг: «Зодул-маъод» (2/337), «Мифтоҳу дорус-саодат» (2/259).

[16]Муслим 2139.

[17]Абу Довуд, 13/353.

[18]Абу Довуд, 13/355. Қаранг: Бухорий. «Адабул-муфрад» (65-68-бет). Албоний. «Ас-силсила ас-саҳиҳа» (208 ва 215).

[19]Бухорий (6179) ва Муслим (2250) ривояти.

[20]Ҳадиснинг тахрижи ўтди.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг