Ҳаром амаллар: Пора олиш ва бериш

0

Ҳақни тўхтатиш ёки ноҳақ ишни юргазиш мақсадида қози ё ҳокимга пора бериш оғир гуноҳдир. Чунки бу адолатсиз ҳукмга, зулмнинг қарор топишига ва фасод ишларнинг тарқалишига олиб келади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўллар билан еманглар! Хусуматлашиш орқали одамлардан бир тоифасининг молларини ноҳақ ейиш учун ҳукм чиқарувчи (қози)ларга – бундай қилиш ҳаром эканини била туриб – ёлғон далил-ҳужжатлар тақдим қилманглар!” деб қайтарган (Бақара сураси, 188).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳукм чиқаришда пора берган ҳам, олган ҳам Аллоҳнинг лаънатига йўлиқади”, деб огоҳлантирганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Аммо ҳақиқатни юзага чиқариш ёки зулмни даф этиш учун порадан ўзга чора қолмаса, унда юқоридаги ваъиддан мустаснодир.

Асримизга келиб, порахўрлик шунчалар кенг илдиз отиб кетдики, ҳатто баъзи мансабдорлар учун маошларидан ҳам катта даромад манбаи, баъзи ширкатлар дастурларининг эса кўринмас банди-моддасига айланиб қолди. Кўп ишлар, муомалалар порасиз бошланмайдиган ва усиз битмайдиган бўлиб қолди. Камбағаллар бундан улкан зарарлар кўришмоқда. Пора кўп одамларни виждонидан айириб, муносабатлар бузилишига сабаб бўлмоқда.

Пора берганга тузукроқ, бермаган бечорага ёмондан-ёмон хизмат кўрсатилади ё кечиктирилади ёки умуман ташлаб қўйилади. Навбати орқада бўлса ҳам, пора берганлар илгарироқ ишларини битириб оладилар.

Пора сабаб иш эгасининг ҳаққи ишчилардан кўра кўпроқ, иш бошқарувчиларнинг чўнтакларига тушмоқда. Ушбу ва бошқа сабабларга кўра, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу гуноҳи кабира иштирокчиларини Аллоҳнинг раҳматидан кувғинга учрашларини тилаб дуоибад қилганларига ажабланмаса ҳам бўлади. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Пора берганга ҳам, уни олганга ҳам Аллоҳнинг лаънати бўлсин” (Ибн Можа ривояти).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг