Танадаги тукларни лазер ёрдамида кетказиш ҳақида

0

Эркакми, аёлми баданидаги тукларни лазер ёрдамида кетказмоқчи бўлса, қуйидаги шартларга риоя қилиш лозим:

  1. Шариатимиз олишдан қайтарган туклар бўлмаслиги;

  2. Инсон соғлиғига зиён етказмаслиги;

  3. Аврат жойлардаги туклар бўлса, ўзи ва жуфти ҳалолидан бошқа инсон қўл теккизмаслиги;

  4. Номаҳрам эркак ё аёл ёрдамида амалга оширилмаслиги.

Биринчи шарт. Шариатимиз танадаги айрим тукларни олишдан қайтаргани маълум. Қошни териш шулар жумласидан[1]. Шариатимиз олишни тақиқлаган қош ва шу каби тукларни лазер ёрдамидами, ё бошқа асбоб биланми, қисқартириш, ё олиб ташлаш жоиз эмас.

Иккинчи шарт. Туклар лазер ёрдамида олинганида соғлиққа зарар етадиган бўлса, у ҳолда бу иш жоиз бўлмайди. Чунки шариатимиз банда ўз жони ва соғлиғига зиён етказишидан қайтарган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Зарарланиш ҳам, зарар бериш ҳам мумкин эмас[2], деганлар.

Учинчи шарт. Киши танасининг аврат саналган жойларидаги тукларни лазер ёрдамида кетказмоқчи бўлса, худди бошқа асбоб билан олишда бўлганидек, бу ишни ўзи, ё жуфти ҳалоли бажариши керак. Негаки, бирон зарурат бўлмаса, авратни жуфти ҳалолдан бошқа бирон одамга кўрсатиш жоиз эмас. Имом Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: “Бирон эркак бошқа эркакнинг авратига, бирон аёл бошқа аёлнинг авратига қарамасин[3]. Кўпчилик фақиҳлар фикрига кўра, аврат киндик билан тизза ораси саналади.

Тўртинчи шарт. Бадандаги тукларни бирон мутахассис лазер билан кетказмоқчи бўлса, мутахассис хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, номаҳрам бўлмаслиги шарт. Чунки кўпинча бу амалиёт асносида мутахассис билан холи қолишга, мутахассиснинг қўли танага тегишига тўғри келади. Шариатимизга кўра эса, номаҳрам эркак, ё аёлнинг қўли бирон заруратсиз бегона киши танасига тегиши ҳаром этилган.

Маъқил ибн Ясор разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кишининг бошига бигиз суқилиши номаҳрам аёлни ушлашидан яхшироқдир[4], деганлар

Саналган бу шартлар топилса, танадаги тукларни лазер ёрдамида кетказиш жоиз бўлади.

Шу ўринда Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳнинг бир сўзини келтириш мақсадга мувофиқдир.

Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: “Инсон Аллоҳ таоло яратган асл хилқатда қолиши, танасидаги бирон нарсани ўзгартирмагани афзалдир. Албатта, бундан қўлтиқ, аврат ва тирноқ каби олишга буюрилган туклар мустаснодир. Шу боис, шариат олишга буюрмаган тукларга тегмасдан ўз ҳолича қолдириш афзал. Бироқ икки қўл ва оёқдаги туклар ҳаддан ташқари қуюқ, узун ҳамда кишига ноқулайлик туғдирадиган даражада бўлса, у ҳолда бу тукларни олиш жоиз бўлади” [“Фатово нурун алад-дарб” 2/22], валлоҳу аълам.

[1] Бу ҳақда мақолаларимизнинг ўтган сонларида кенг маълумот берилган.
[2] Ибн Можа, 2341.
[3] Муслим, 338.
[4] Табароний. “Ал-мўъжамул-кабир”, 486; Шайх Албоний “Саҳиҳул-жомеъ” (5045-ҳадис) китобида саҳиҳ деган.

Изоҳ қолдиринг