Исломий ақидага даъват

0

Аллоҳ таоло мусулмон кишига ислом ақидасини билиш ва уни маҳкам тутишни насиб қилгач, энди у бошқаларни ҳам зулматлардан нурга чиқариш учун бу ақидага даъват қилиши вожибдир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ким Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган барча нарсалардан юз ўгириб,  Аллоҳгагина иймон келтирса,  у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқа (яъни ислом ва иймон ҳалқаси)ни ушлабди.  Аллоҳ эшитгувчи ва  билгувчидир.  Аллоҳ мўминларнинг дўстидир.  Уларни қоронғу зулматлардан нурга чиқаради.  Кофирларнинг дўстлари эса шайтонлардир.  Улар кофирларни нурдан зулматларга чиқарадилар.  Ана ўшалар жаҳаннам эгаларидир ва унда абадий қолажаклар” [Бақара: 256-257].

Исломий ақидага даъват қилиш барча пайғамбарлар даъватининг дебочаси бўлган. Улардан ҳеч бири даъватини ақидадан бошқа бирон нарса билан бошламаганлар. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Аниқки,  Биз ҳар бир умматга:  «Аллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқ бўлинглар»,  (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз” [Наҳл: 36]. Ҳар бир пайғамбар, жумладан, Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Шуайб, Иброҳим, Мусо, Ийсо, Муҳаммад ва бошқа пайғамбарлар (барчаларига Аллоҳнинг салом ва саловотлари бўлсин) қавмларини дастлаб даъват қилар эканлар уларга қарата: “Аллоҳга ибодат қилингиз, сизларнинг Ундан бошқа илоҳингиз йўқ” – дер эдилар.

Бу ақидани билиб унга амал қилган ҳар бир киши, фақат ўзигагина чекланмасдан, балки одамларни ҳам ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан унга даъват қилиши вожибдир. Зеро, пайғамбарлар ва уларнинг издошлари тутган йўл ана шундай бўлган. Ақидага даъват қилиш асос ва бошланиш нуқтасидир. У оёққа туриб, рўёбга чиқмагунча фарз амалларни бажариш ва ҳаром амалларни тарк қилиш каби бошқа бирон нарсага даъват қилинмайди. Негаки, ақида бошқа амалларнинг мақбул ва дуруст  бўлиши учун зарур бўлган асос – пойдевордир. Агар ақида тўғри бўлмаса амаллар дуруст ва мақбул ҳамда қилинган амалга ажр-савоб бўлмайди. Маълумки, пойдеворсиз ҳеч қайси бино қад кўтариши мумкин емас. Шу сабабдан пайғамбарлар барча нарсадан олдин ақидага эътибор қаратдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон жойга даъватчилар юборсалар, аввало эътиқодни тўғрилашга даъват қилишни тайинлар эдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз розияллоҳу анҳуни Яманга юборар эканлар унга шундай дедилар: “Дарҳақиқат, сен аҳли китоблардан иборат бир қавм ҳузурига кетяпсан. Шундай экан, сен уларни Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқлиги ва  менинг Аллоҳнинг Расули эканимга гувоҳлик келтиришга даъват қилгин. Агар улар бу нарсага итоат этсалар, у ҳолда уларга Аллоҳ таоло бир кеча кундузда беш маҳал намозни фарз қилганини билдир. Агар улар бу нарсага итоат этсалар, у ҳолда Аллоҳ таоло уларга бойларидан олиниб камбағалларига бериладиган садақа (закот)ни фарз қилганини билдиргин. Агар улар бу нарсага итоат этсалар, уларнинг қимматбаҳо мол-мулкларини (танлаб) олишдан эҳтиёт бўл. Мазлум кимсанинг дуосидан сақлан. Негаки, мазлумнинг дуоси билан Аллоҳ ўртасида парда йўқ[1]. Мазкур ҳадиси шарифдан ҳамда Қуръондаги пайғамбарлар даъвати, шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларини кузатиш ва ўрганиш орқали Аллоҳнинг динига даъват қилиш дастури олинади. Демак, дастлаб одамлар даъват қилиниши лозим бўлган нарса, бу “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасининг мазмунидир. Яъни, бу даъват бирон шериги бўлмаган ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилишга ҳамда Ундан бошқа ҳар қандай нарсага сиғинишдан воз кечишга даъват қилишда ўз аксини топади.

Дарҳақиқат, Пайғамбар алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилганларидан сўнг Маккада ўн уч йил мобайнида одамларни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш ва бутларга ибодат қилишдан воз кечишга чақириш билан ақидани тузатишга даъват қилдилар. Одамларни намоз, закот, рўза, ҳаж ва жиҳодга буюриш ҳамда судхўрлик, зино, ароқ ичиш ва қимор ўйнаш каби ҳаром ишларни тарк қилишга буюришдан олдин уларни ақидага даъват қилдилар.

Бу бугунги кунимиздаги даъватга мансуб айрим жамоатлар тутган йўлнинг хато эканига ёрқин далилдир. Бу жамоатлар ақида масалаларига эътибор бермай, балки асосий эътиборни ахлоқ-одоб ва юриш-туришга оид иккиламчи масалаларга қаратадилар. Улар баъзи ислом диёрларида кўплаб одамларнинг қабрлар устига қурилган мақбаралар атрофида диндан чиқарадиган катта ширк амалларни қилаётганини кўрсаларда уларни бу ишлардан қайтармайдилар, нодир ҳолатларни ҳисобга олмаганда, жиллақурса бир оғиз сўз билан ёки маърузаларда ёхуд бирон китобда бўлса ҳам бу ишлардан огоҳлантирмайдилар. Аксинча, бу жамоатлар сафида ширк амалларни қиладиган, бузуқ тасаввуфга мансуб кишилар мавжуд бўлиб, улар бундай кишиларни манфур ишларидан огоҳлантириб қайтармайдилар. Ҳолбуки, ишни улардан бошлаш, уларнинг ақидасини ўнглаш очиқча куфрни эътиқод қиладиган худосиз кофирларни даъват қилишдан муқаддам туради! Чунки Аллоҳнинг вужудини инкор қиладиган кофирлар куфр эътиқодларини ошкора айтадилар ва улар тутган йўл пайғамбарлар йўлига зид эканини эътироф этадилар. Бироқ анави қабрпарастлар, ҳақ йўлдан озган тасаввуф аҳли ўзларини мусулмон санаб, тутган йўлларини чинакам ислом, деб эътиқод қиладилар. Оқибат ўзлари ҳам алданиб, бошқаларни ҳам йўлдан урадилар. Аллоҳ таоло даъватни аввало яқин кофирлардан бошлашга буюрди. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ва яқин қариндош-уруғларингизни (Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиринг!” [Шуаро: 214]. Аллоҳ таоло яна шундай дейди: “Эй мўминлар,  ёнларингиздаги кофирларга қарши жанг қилинглар ва улар сизлардаги куч-қувватни кўрсинлар!  Билингларки,  албатта Аллоҳ тақводорлар билан биргадир” [Тавба: 123]. Модомики мусулмонлар сафи ички томондан тозаланмас экан, улар душманлари қаршисида асло бардош бера олмайдилар. Ҳикоя қилишларича, бир қабрпараст олдидаги бутга сиғинаётган бир кишини кўриб қолиб, унинг бу ишига эътироз билдирибди. Шунда бутга сиғинувчи шундай дебди: “Сен ёнингдан узоқда бўлган ғойиб мавжудот – қабрдаги инсонга ибодат қиласан, мен бўлсам шундоқ олдимда турган мавжудот – бутга сиғинаман. Хўш, қай биримизнинг ҳолатимиз ажабланарлироқ?!”. Қабрпараст мот бўлибди. Негаки, уларнинг ҳар иккиси мушрик, ҳар иккиси залолатдадир. Уларнинг ҳар иккиси зарар ҳам, фойда ҳам бермайдиган нарсага ибодат қилади. Фарқи шундаки, қабрпараст имконсиз ишни кетидан кўпроқ чопган,  залолатга эса чуқурроқ ботгандир.

Аллоҳнинг динига даъват қилувчилар бошқа соҳалардан кўра кўпроқ ақида масаласига эътибор қаратишлари лозим. Улар аввало ақидани ўрганиб, уни яхши ўзлаштиришлари, сўнгра уни ўзгаларга таълим бериши, ақидадан бурилган ёки уни бузганларни соғлом ақидага даъват қилишлари вожибдир. Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга шундай дейди: “Айтинг:  «Менинг йўлим шудир.  Мен Аллоҳга даъват қиламан.  Мен ва менга эргашган кишилар аниқ ҳужжатга – ишончга эгамиз.  (Ҳар қандай шерикдан) Аллоҳни поклайман.  (Зеро), мен мушриклардан эмасман” [Юсуф: 108].

Имом Ибн Жарир роҳимаҳуллоҳ бу ояти карима тафсирида шундай дейди: “Аллоҳ таоло пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга шундай деди: “Эй Муҳаммад, уларга шундай деб айтинг: “Мен чорлаётган бу даъват, мен юрган бу йўл, яъни Аллоҳнинг тавҳидига даъват қилиш, олиҳа ва бут-санамларни қўйиб Унинг ўзига холис ибодат қилиш, Аллоҳга итоат қилиб, Унга гуноҳ қилишни тарк қилиш менинг йўлим ва даъватимдир. Мен бу нарсага тўла ишонч ва аниқ илмга эга бўлган ҳолда шериги йўқ ёлғиз Аллоҳ таолонинг динига даъват қиламан.  Бу йўлга мен ҳам ва менга эргашган, иймон келтирган ва мени тасдиқлаган кишилар ҳам аниқ ишонч билан даъват қиламиз”. Аллоҳ таоло Пайғамбарига демоқда: “Субҳаналлоҳ” дегин, яъни Аллоҳни мулкида шериги бўлишидан ва салтанатида Ундан бошқа маъбуд бўлишидан покланг, улуғланг ва   “мен ширк аҳлидан безорман, улардан эмасман ва улар ҳам мендан эмаслар”, денг”. (Ибн Жарирнинг гапи тугади).

Ояти карима исломий ақидани билиш, унга даъват қилишнинг муҳим экани ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашган кишилар бу борада у зотнинг изидан борган ва иккита сифат билан сифатланган кишилар эканига далолат қилади. Бу икки сифат: ақидани билиш ва унга даъват қилишдир. Бундан ташқари ояти карима шуни кўрсатадики, ким ақида аҳкомларини таълим олиб, унга эътибор бериб, даъват қилмаса, бундай кишилар гарчи у зотга мансуб бўлсаларда Пайғамбар алайҳиссаломнинг чинакам издошларидан ҳисобланмайдилар.

Имом Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг қуйидаги: “(Эй Муҳаммад),  Парвардигорингизнинг йўли — динига донолик,  ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг!  Улар (яъни сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал йўлда баҳс-мунозара қилинг!” – деган  сўзининг тафсирида шундай дейди: “Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло даъват босқичларини зикр қилиб, уни даъват қилинувчи шахс ҳолатига қараб уч қисмга бўлди:

  1. Даъват қилинувчи ҳақиқатни билишни истаса, ҳақни таниса ва уни бошқа барча нарсадан афзал билса, у ҳолда бундай шахс фақат ҳикмат билан даъват қилиниб, панд-насиҳат ва баҳс-мунозарага эҳтиёж қолмайди.

  2. Даъват қилинувчи ҳаққа зид тушунчада бўлиб, бироқ ҳақни таниса унга эргашадиган ҳолатда бўлса, у ҳолда бундай кимса ҳаққа тарғиб қилинади ва ҳаққа эргашмаслик оқибати эслатиб  панд-насиҳат қилинади.

  3. Даъват қилинувчи ҳаққа қарши ва қайсар бўлса, бундай кимса билан аввало чиройли услубда баҳс-мунозара қилинади. Агар шундан сўнг ҳаққа қайтса яхши, акс ҳолда, имкони бўлса баҳс-мунозарадан бошқа услубга ўтилади…” (Ибн Қаййимнинг гапи тугади).

Шундай қилиб, даъват дастури ҳамда бу борада қандай иш олиб бориш кераклиги ва даъватга мансуб бўлган, ҳолбуки, Аллоҳ ва Расули баён қилиб берган соғлом дастурга қарши бўлган айрим жамоатлар тутган йўлнинг хато экани  аниқ ва равшан бўлди. Аллоҳ барчамизни Ўзи рози бўлган ва суйган йўлга муваффақ қилсин!

[1] Бухорий (1458), Муслим (19), Абу Довуд (1584), Термизий (625), Насоий (2\5) ва Ибн Можа  (1783) ривояти.

Изоҳ қолдиринг