Ҳаром амаллар: Шафеъ – воситачилик учун ҳадя олиш

0

Обрў ва мансаб, шукри адо этилса, Аллоҳ бандага берган неъматлардан саналади. Мусулмонлар манфаати йўлида ўз мансаби билан жонбозлик кўрсатиб хизмат қилиш ана шу неъматнинг шукроналаридан бўлади. Умумий тарзда айтилган ушбу ҳадис мазкур амалга (шафеъликка) ҳам тааллуқлидир: “Сизлардан ким ўз биродарига наф келтиришга қурби етса, (шу ишни) қилсин” (Имом Муслим ривояти).

Мансаби, обрўси билан биродарини зулмдан ҳимоя қилса ёки унга бирон фойдаси тегса ва бунда ҳаром ишга қўл урмаса ёки бошқа бировга зарар етказмаса, нияти пок ва холис бўлса, Аллоҳ ҳузурида савоб олади. Бу ҳақда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Шафеълик қилинглар, ажр оласизлар” (Абу Довуд ривояти).

Аммо шафеълик, воситачилик эвазига бир нарса олиш жоиз эмас. Бунга саҳоба Абу Умома (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ушбу ҳадис далилдир. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Ким шафеъликка ўтгани учун берилган ҳадяни олса, судхўрликнинг энг катта туридан бирига қўл урибди” (Имом Аҳмад ривояти).

Бирор шахсни вазифага тайинлаш, бир соҳадан ё минтақадан бошқасига ўтказиш ёки касални даволатиб бериш ва бошқа шу каби ҳолатларда воситачилигини бирон маблағ эвазига таклиф қиладиган кишилар ҳам бор, бу эса юқорида зикр этилган ҳадисга биноан ҳаромдир.  Бундан ташқари, ҳадис зоҳиран олдиндан шартлашмай ҳақ олишга ҳам тегишлидир. Аслида, савоб иш қиладиган кишига қиёмат куни Аллоҳ таоло берадиган ажр-мукофот етади.

Бир киши Ҳасан ибн Саҳлнинг ҳузурига келиб, бир ишда шафеълик қилишини сўради. Ҳасан ибн Саҳл унга ёрдам берди. Ҳалиги киши: “Ташаккур, раҳмат-раҳмат”, деб миннатдорлик билдирди. Шунда Ҳасан ибн Саҳл: “Бизга нимага раҳмат дейсан. Биз молнинг закоти бўлгани каби мансабнинг ҳам закоти бор деб биламиз”, деган эди.

Аммо жоиз бўлган бирон ҳақ эвазига бир ишни бошлаш, назорат қилдириш ва охирига етказдириш учун шаръий ижара турига мансуб одам ёллаш бошқа, жоиз бўлмаган бирон ҳақ бадалига мансабу мартабасини ва воситачилигини таклиф қилиш бошқа – улар ўртасида фарқ борлигини билиш лозим.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг