Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Исломда маҳкам турган ямомаликлар

0

Одатда, Ямома воқеаларини ёритишда, асосан, Мусайлима каззобнинг муртадлиги ва қавми Бани Ҳанифани ўзига эргаштиргани ҳақидаги хабарларга урғу берилади ва ямомаликлар ёппасига муртад бўлиб кетгандек таассурот уйғонади. Ямомада, хусусан, Бани Ҳанифа ичида иймон ва исломда маҳкам бўлганлар, Мусайлимага эргашмай, ўз эътиқодида собит турганлар ҳам бўлгани бу гаплар соясида қолиб кетади. Кўп ёзувчилар шу мавзуда қалам тебратганда ўша долғали фитна даврида Мусайлима фитнасидан омон қолган ва унга қарши курашган, унинг фитнасига барҳам бериш учун халифа қўшини сафига қўшилган ямомаликларни деярли эсга олмайдилар. Қуйида кўпчилик эътиборсиз қолдирган шу ҳақиқатга доир айрим маълумотларни келтириб ўтаман[1].

Ана шундай қаҳрамонлардан бири Бани Ҳанифанинг энг машҳур кишиларидан Сумома ибн Усол эди[2]. Холид ибн Валид улар устига қўшин тортиб келаётгани хабари келгач, ямомаликлардан баъзилари Сумоманинг атрофида йиғилди. У қабила бошлиқларидан бўлиб, ақлли ва фикрли киши эди. Мусайлиманинг пайғамбарлигини тан олмас, унинг йўлига қарши эди. Сумома қавмига хитоб қилиб деди: “Шўрингиз қурсин, эй Бани Ҳанифа, менинг сўзимга қулоқ солсангиз ва менга итоат этсангиз, адашмайсиз. Билиб қўйинглар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақ пайғамбар, унинг пайғамбарлигида шубҳа йўқ, Мусайлима эса каззоб одам, сизлар унинг ёлғон гапларига алданманглар. Сизлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган Қуръонни эшитгансиз, унда шундай сўзлар бор: “Ҳо, Мим. Ушбу Қуръон қудратли ва билувчи, гуноҳни мағфират қилувчи, тавба-тазарруни қабул қилувчи, азоби қаттиқ ва инъом-эҳсон эгаси бўлмиш Аллоҳ томонидан нозил қилинган Китобдир. Ундан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир. Фақат Унинг Ўзига қайтилур”  (Ғофир, 1-3). Бу сўзлар қаерда-ю, Мусайлима каззобнинг валдирашлари қаерда?! Ўзингларга қаранглар, кейин афсус қилиб қолманглар! Билиб қўйинглар, мен бугун тунда Холид ибн Валидга пешвоз чиқаман, ундан жоним, молим ва бола-чақамга омонлик сўрайман”.

Қавмдошларидан ҳидоятда собит қолган кишилар: “Биз сен билан биргамиз, эй Абу Омир, сенинг бундан хабаринг бўлсин”, дейишди.

Сўнг Сумома ибн Усол тунда Бани ҳанифалик бир гуруҳ сафдошлари билан чиқиб бориб, Холид ибн Валид билан учрашди, Холид унга ва асҳобига омонлик берди.

Сумома ибн Усол Баҳрайндаги муртадларга қарши урушларда Ало ибн Ҳазрамийга ҳам етарлича ёрдам кўрсатди. Бани ҳанифалик мусулмонлардан иборат сафдошларини ёнига олиб, Ало қўшини сафларида фидокорлик намуналарини кўрсатди[3].

Бани Ҳанифа қавмидан Исломда собит турганлардан яна бири Маъмар ибн Килоб Руммоний бўлди. У Мусайлимага ва унга эргашган Бани ҳанифаликларга насиҳат қилди, уларни муртадликдан қайтишга чақирди. У Сумома ибн Усолнинг қўшниси эди. Холид ибн Валид қўшини сафида Мусайлимага қарши урушда ҳам иштирок этди.

Исломини яшириб юрган ямомалик пешволардан яна бири Ибн Амр Яшкурий бўлиб, у Ражжол ибн Унфуванинг дўстларидан эди. Ибн Амр Мусайлима каззобни, Муҳкам ибн Туфайл ва бошқаларни ҳажв қилиб шеър ёзди. Бу шеъри Ямомада тарқалиб кетди. Мусайлима уни қўлга туширишга ҳаракат қилди, бироқ у таъқибдан қочиб қутулди ва Холид ибн Валидга бориб қўшилди. Ибн Амр сўнг Холиднинг қўшинига ямомаликларнинг заиф нуқталарини кўрсатди[4].

Исломда маҳкам турган ямомаликлардан яна бири Омир ибн Маслама ва унинг жамоаси эди.

Абу Бакр Сиддиқ Исломда маҳкам турган Бани ҳанифаликларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатди, муртадлик фитналарида сабот билан турган Сумома ва Омир ибн Масламанинг яқин қариндоши Мутарриф ибн Нўъмонни Ямомага волий этиб тайинлади[5].

Холид ибн Валиднинг Мусайлима устига юриш бошлаши

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Холидга Асад, Ғатафон қабилалари ва Молик ибн Нувайрани бирёқли қилганидан сўнг Ямомага йўл олишни буюрган эди. Шарик Фазорий айтади: «Бузоха жангидан сўнг Абу Бакр ҳузурига қайтдим. У мени мактуб билан Холидга юборди. Мактубда шу сўзлар бор эди: «Аммо баъд. Элчинг орқали юборган мактубинг менга етиб келди. Унда Бузоха аҳлига, Асад ва ғатафонликларга нималар қилганингни айтибсан. Энди сенга фармоним шуки, Ямомага йўл ол. Ёлғиз ва шериксиз Аллоҳдан қўрқ, қўл остингдаги мусулмонларга раҳм-шафқатли бўл, уларга меҳрибон отадек муомала қил. Эй Холид, Бани Муғирага ўхшаб кибрли бўлишдан сақлан. Аллоҳнинг изни билан Бани Ҳанифа билан тўқнашганингда эҳтиётингни ол. Зеро, сен шу вақтга қадар улардек бирон қавм билан урушган эмассан. Улар кўпчилик, ерлари ҳам катта. У ерга етиб боргач, ишни ўзингдан бошла, ўнг ва сўлингда биттадан одаминг бўлсин, отингга ҳам бир одамни тайин эт. Қўшин ичидаги муҳожир ва ансор саҳобалар билан маслаҳатлашиб иш тут, уларнинг ҳурматларини ўрнига қўй. Душманга қарши Аллоҳнинг изни ила аёвсиз уруш. Ҳар бир ишга унга лойиқ одамни тайинла, ўққа ўқни, найзага найзани, қиличга қилични қарши қўй. Асирларни қиличга ҳавола эт, уларга ўлим даҳшатини кўрсат, (мол-жонларини) ўтда куйдир. Менинг амримга хилоф қилишдан сақлан. Сенга салом бўлсин».

Холид ибн Валид мактубни ўқигач: «Бош устига», деди[6].

Шундан сўнг Холид ибн Валид ўз қўшини билан Бани Ҳанифа сари йўл олди. Ансорларга Собит ибн Қайс ибн Шаммосни бошлиқ қилди. Муртадлардан қўлга тушганларини бошқаларга ибрат бўлсин деб жазога тортди. Абу Бакр Сиддиқ Холидга мадад учун энг янги силоҳлар билан қуролланган бир қўшин юборди. Холид Ямомага борар экан, йўлида учраган муртад бадавий қабилалар билан урушиб, кўпларини Исломга қайтарди.

 

[1] Бу маълумотларни Доктор Маҳдий Ризқуллоҳнинг «Ас-собитуна алал-ислом» (Исломда собит турганлар) китобида (51-58-бетлар) учратдим.
[2] Сумома Пайғамбаримиз даврида мушрик ҳолида мусулмонлар қўлига асирга тушган, у зот уни кечириб, қўйиб юборганидан сўнг Исломни қабул қилиб, чиройли мусулмон бўлган эди.
[3] «Ас-собитуна алал-ислом» (57-бет).
[4] Килоий, “Ҳарбур-ридда” (104-бет).
[5] «Ас-собитуна алал-ислом» (58-бет).
[6] Шавқий Абу Халил, “Ҳурубур-ридда” (79-бет).

Изоҳ қолдиринг