Қиёматнинг кичик аломатлари: Фитналар (2)

0

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Зулматли тун парчалари каби фитналар келиб қолмасидан амал қилиб қолишга шошилингиз! (Ўша фитналар келган кунларда) киши мўмин бўлиб тонг оттириб, кечга бориб кофирга айланади ва мўмин бўлиб кеч киргизиб, кофир ҳолда тонг оттиради, дунё матоси эвазига динини сотиб юборади»[1].

Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга сафарда кетаётиб бир жойга тушдик. У зотнинг жарчилари: «Жамоат намозига!» деб нидо қилиб қолди, у зотнинг ҳузурларига тўпландик. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мендан аввал бирон пайғамбар ўтган бўлса, умматини улар учун яхши деб билган нарсага йўллаш ва улар учун ёмон деб билган нарсадан огоҳлантириш унга лозим бўлган. Ушбу умматнинг офияти унинг аввалида қилинди, охирида бало-имтиҳонлар ва сизлар ёқтирмайдиган ишлар келади. Шундай фитналар келадики, кейингисининг олдида аввалгиси енгил бўлиб қолади. Бир фитна келганда, мўмин киши: «Шу мени ҳалок қилса керак», деб ўйлайди, кейин у барҳам топиб, бошқаси келганида: «Шунисида аниқ ҳалок бўлсам керак», дейди. Кимда-ким дўзахдан узоқ қилиниб, жаннатга киритилишини истаса, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган ҳолда вафот қилсин. Одамлардан нимани кутса у ҳам одамларга ўшани берсин…»[2].

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни ана шу фитналар, ёмонлик ва гуноҳлардан ҳимоя қиладиган нарсага йўллаб, уларга чалиниб қолишидан Аллоҳдан паноҳ сўрашга, солиҳ амаллар сари шошилишга, Аллоҳга ва охират кунига ҳақиқий иймон келтиришга ва мусулмонлар жамоасини маҳкам ушлаш билан фитналардан четланишга буюрдилар.

У зот саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Фитналардан, уларнинг ошкораю махфийсидан Аллоҳдан паноҳ тиланглар»[3], деганлари шулар жумласидандир.

Ҳузайфа разияллоҳу анҳу айтади: “Одамлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан яхшиликлар ҳақида сўрар, мен эса ўзимга ёмонлик етишидан қўрққаним учун ёмонликлар ҳақида сўрар эдим:

– Эй Расулуллоҳ, биз жоҳилият ва ёмонлик ичра эдик, Аллоҳ бизга бу яхшиликни (яъни иймон ва исломни) берди. Энди шу яхшиликдан кейин бирон ёмонлик бўладими?

– Ҳа.

– У ёмонликдан кейин яна яхшилик бўладими?

– Ҳа, бироқ унда хиралик бўлади.

– Хиралиги нима?

– Менинг йўлимдан бошқасига йўллайдиган қавм (бўлади), уларнинг яхши ишларини ҳам, ёмон ишларини ҳам кўрасиз.

– Бу яхшиликдан кейин яна ёмонлик бўладими?

– Ҳа, жаҳаннам дарвозаларига чорловчилар (бўлади), ким уларнинг чақириғини қабул қилса, унга улоқтирадилар.

– Эй Расулуллоҳ, бизга уларнинг белгиларини айтиб беринг.

– Улар бизнинг қавмимиздан, бизнинг тилимизда гапиришади.

– Ўша нарса менга етса, нима қилишга буюрасиз?

– Мусулмонлар жамоатини ва имомини (раҳбарини) маҳкам тутинг.

– Агар уларнинг жамоати ҳам, имоми ҳам бўлмаса-чи?

– Дарахтнинг томирини тишлаб бўлса-да, у фирқаларнинг ҳаммасидан четланинг, то ўлгунча мана шу ҳолатда қолинг, дедилар”[4].

Яна булардан бошқа ҳадислар ҳам кўп бўлиб, барчасини бу ерда жамлайдиган бўлсак, гап жуда чўзилиб кетади. У ҳадисларнинг барчаси Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини эҳтиёткорликка чорлаган, оқибатидан огоҳлантирган оғир иш – фитналарга далолат қилади. У зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини ана шу ёмонлик ва гуноҳлардан қўрийдиган нарсага йўлладилар: у – фитналардан паноҳ тилаш ва узоқлашиш, шу билан бирга, Аллоҳга нисбатан соғлом иймонни сақлаш, У Зотнинг буйруғу қайтариқларига бўйсуниш, озчилик ва заифлик ҳолатида бўлса ҳам, мусулмонлар жамоаси – «Аҳли суннат ва жамоат»ни маҳкам ушлаш.

[1]Муслим (118), Термизий (2195) ва Аҳмад (2/390) ривоятлари.

[2]Муслим 1844.

[3]Муслим (2867) ва Аҳмад (5/190) ривоятлари.

[4]Бухорий (3411) ва Муслим (1847) ривояти.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг