Етти ҳикоят: Учинчи ҳикоят (1)

0

МАЪСИЯТ БОТҚОҒИ

Сохта кўз ёш ва сохта қон

Гуноҳ гўё ботқоққа ўхшайди. Ботқоққа қадам қўйган киши аста-секин унинг қаърига ботаверади. Ботқоққа бир қадам ташланса бас, энди у ёғига юриш шарт эмас. Ботқоқ аждарҳонинг комидек гап. Аждарҳо қўйни комига[1] тортиб ютганидек, ботқоқ ҳам ҳар қандай дароз кишини ўз комига тортиб кетади. Манаман деган девсифат йигит ҳам худди хас каби лип этиб кўздан ғойиб бўлади. Ботқоққа биринчи қадамни қўйган киши, агар ақли бўлса, шу тобда орқага қайтсин. «Мен ўтиб кетаман, мен чаққонман, абжирман, мен ундай, мен бундай…» деб катта гапириш бефойда. Баъзан, хом мўлжал панд бериб қўяди. Яхшиси, ботқоқ-зорга яқин йўламай, хавфсиз йўлдан юрсин.

Гуноҳ-маъсият ҳам худди шундай: агар маъсият томон бир-икки қадам одим отилса, бўлди, у ёғига инсон қандай қилиб маъсият ботқоғига ботганини ўзиям сезмай қолади. Шайтон домига илинганини пайқамайди. Гоҳида сезиши ҳам мумкин, аммо унда кеч бўлади, қайтишга на куч ва на йўл топа олади.

Қуръон ҳикоя қилган воқеалар ривожини диққат билан кузатган зийрак киши Юсуф алайҳиссалом акаларининг худди шундай ачинарли ҳолга тушганини пайқаши қийин эмас. Улар даставвал мўйсафид отани алдаб:

«Албатта биз унга холис хайрихоҳмиз»,  дейдилар.

Бу биринчи ёлғон, биринчи маъсият эди. Бу – ботқоқ томон қўйилган биринчи қадам.

«Биз албатта уни қўриқлаймиз, муҳофаза қиламиз».

Бу – навбатдаги ёлғон, навбатдаги гуноҳ. Бу – ботқоққа қўйилган иккинчи қадам. Чунки улар дилида ғаразли режа яширинган эди. Ғаразгўй эса ҳеч қачон холис бўлолмайди. Ғаразгўйлик билан холислик, сохталик билан самимият бир-бирига зид тушунча. Қалбида заррача ғарази бор киши «мен холисман» дейиши ғирт ёлғон. Ёлғон эса ҳамманинг нафратини қўзғайдиган жирканч маъсият, шум сифат.

«(Дада, сиз ҳеч хавотир олманг. Хавотирга ўрин йўқ). Биздай жамоат ёнида, биздай акалари билан бирга бўлган пайтда уни бўри еб кетса, унда биз ғирт эпсиз, ландовур эканмиз-да», деб катта кетишлари, хайрихоҳ инсон қиёфа-сига кириб, отани ишонтиришга бўлган ясама ҳаракатлари учинчи ёлғон, учинчи маъсият эди. Бу билан ботқоқ томон учинчи қадам қўйилганди. Энди буёғига одим отишнинг кераги йўқ, аслида иложи ҳам йўқ. Ботқоқнинг ўзи уларни ўз комига тортиб олади; маъсият ботқоғига ботиради.

Шундай ҳам бўлди.

Ота кўзидан узоқлашган ўғиллар ўз жигарбандларини, отанинг энг суюкли дилбандини қудуққа ташлайдилар.

Ҳа, ҳа, қудуққа отадилар, қудуққа! Тирик жонни худди жонсиз тошни ташлагандек даст кўтариб қудуқ ичига ота-дилар. На отага раҳм қилишади ва на укага.

«Нега, қандай?! Ахир раҳм-шафқат ҳар бир инсоннинг қалбида бор-ку? Бунинг устига улар ака-ука бўлишса?»  деб ҳайратланаётгандирсиз. Ҳайрон бўлманг, сиқилманг…

Агар инсон қалбида шайтон учун игна тешигидай жой очилса кифоя, у шу жимит тешикдан дилдаги раҳмдиллик, меҳрибонлик каби олий хислатлар ва инсоний сифатларни чиқариб, унинг ўрнига шафқатсизлик, тошбағирлик каби йиртқичларга хос сифатларни киритади. Дилдан қандай яхши хислат чиқса, унинг ўрнига албатта унга зид сифат кириб маҳкам ўрнашади. Оқ ўрнига қора, муҳаббат ўрнига нафрат ва ҳоказо. Бу ерда ҳам худди шундай айирбошлаш рўй берди. Бартер усули нафақат савдо-сотиқда, балки умр савдосида ҳам, ҳаёт-мамот, дунё ва охират бозорида ҳам бўлиб туради. Масалан, ўзбек мақолида «ўйнашга ишониб, эрсиз қолди» дейилганидек, баъзи енгилтак қиз-жувонлар мангу муҳаббатни оний лаззатга бартер қилишади. Унинг учун жонини беришга тайёр эри бўлатуриб, бошқа бир бетайин билан дон олишади. Сир фош бўлгач, садоқатли, фидокор эридан ҳам, бебурд ўйнашдан ҳам айрилади.

Бу ҳали ҳолва. Бундан баттар бартер бор.

«Бундан баттар яна қанақа бартер бўлиши мумкин?!» деб қизиқишингиз табиий. Майли унга ҳам ўз ўрнида изоҳ бериб кетайлик.

Арабларда الدُّنْيَا ضَرَّةُ الآخِرَةِ – «Дунё охиратнинг кундоши» деган гап бор. Бу ҳадис эмас. Исо алайҳиссаломга мансуб сўзлардан. Нима бўлган тақдирда ҳам, зоҳидлар оммани огоҳлантириб, бу сўзни кўп эслайдилар. Мундай ўйлаб кўрсангиз, бу гапда жон бор. Ҳаётга разм солсангиз, бунинг исботини топасиз. Баъзилар адолат билан ўртада туриб, икки дунёни обод қилади. Баъзилар дунёни рози қиламан деб, охиратидан айрилади. Абадий охират эвазига фоний дунёни обод этади. Бундай айирбош қилган киши дунё ва охиратда бирдай зарар кўради. Дунё ва охиратни бой беради.

Хуллас, оға-иниларда ҳам ана шундай мубодала; айир-бошлаш, бўлиб ўтди. Улар қалбида инсоният душманига игнадек жой очилган эди, у бундан «унумли» фойдаланиб, улардаги меҳр-муҳаббат ва раҳм-шафқатни тортиб олди. Шу тариқа шайтон акалар қўли билан ширин-шакар укани қудуққа тириклайин улоқтирди.

Муродига етган лаиннинг димоғи чоғ, иши битган ака-укалар шириндимоғ. Бегуноҳ бола эса нима учун қудуққа ташланганини билмасди. Зотан, у фитрати тоза, софдил бола ҳасад, хиёнат деган кўз илғамас иллатларни тушуна-диган ёшга ҳали етмаганди. Худбинлик ҳақида ҳеч қандай тушунчага эга эмас. Бола ҳали жуда ёш эди, беғубор эди. Балким бу зийрак болакай буларнинг барини билгандир. Бироқ бир отанинг фарзанди бўлмиш ака-укалар орасида бу қадар адоват, бу қадар разолат, ҳасад, кўролмаслик каби жирканч ишлар ўтиши етти ухлаб тушига кирмаган.

Балким, болапақир «менинг ўзим ёшлик қилиб қудуққа тушиб кетдим, ҳозир акажонларим тез етиб келиб мени бу ердан чиқарадилар, қутқарадилар», деб ўйлагандир. Ахир  бола ёмон гумон қилишни билмайди-ку.

Балким, балким…

 «Хайрихоҳ» акаларнинг эса парвойи палак. Улар шу тариқа маъсият ботқоғига ботганларини асло сезмайдилар. Пайдар-пай тўртинчи-бешинчи гуноҳга қўл урадилар.

Улар кечқурун оталари Ёқуб ёнига йиғлаб, дийдагирён қилиб келадилар. Кўз ёш ҳам сохта, қон ҳам сохта.

Бурунгилар ёлғон йиғини, мунофиқона кўз ёшни «шай-тон йиғи» деб аташган. Кўз ёшнинг эса ўндан ортиқ тури бор. Қисса давомида йиғининг бошқа турлари билан ҳам танишиб борамиз. Юм-юм йиғлатадиган мудҳиш воқеалар, қон йиғлатадиган мунгли ҳодисалар ҳали олдинда.

 «Шайтон йиғи» деб аталмиш йиғининг энг тубан тури кимларгадир роса қўл келар экан. Масалан, кўпинча золим сохта йиғи билан ўзини мазлум кўрсатади. Тулкига дарс берувчи маккор ўзининг «ҳақлигини» шундай ясама ёшлар билан исботламоқчи бўлади. Мурдор сохта кўз ёш билан ўзининг «покдамон»лигини изҳор этишга уринади.

Ёш Юсуфнинг ота бир, она бошқа акалари қилғилиқни қилиб қўйиб, қилмишларини ана шундай «шайтон йиғи» билан хаспўшламоқчи бўлишди-ю, лекин ўхшатишолмади.

Ёшликда акалар макрига йўлиққан Юсуф улғайиб, роса кўркам йигит бўлиб етилган чоғда яна бошқа бир макр қурбонига айланадики, у ҳақда:  ضربني وبكى، سبقني واشتكى сарлавҳали Ҳикоятда тўхтаймиз, иншааллоҳ.

Ҳозир эса ҳар бир босқичи ибрат ва сабоқдан иборат воқеа ривожи билан танишишда давом этайлик.

Улар кечқурун оталари ёнига йиғлаб келиб:

Дадажон, укамиздан айрилиб қолдик, жигаримиздан жудо бўлдик, дедилар, ва олдиндан тўқилган саҳна режасини ўзлари ўқиб, ўзлари ижро этдилар:

Биз Юсуфни матоларимиз ёнида қолдириб, ўзимиз қувлашиб, узоқроқ кетиб қолибмиз. Келсак, э воҳ, уни бўри еб кетибди.

Биламиз, ҳар қанча рост гапирсак ҳам сиз бизга бари бир ишонмайсиз, деб далил ўлароқ Юсуфнинг қонга беланган кўйлагини олиб келишди. Мана, кўринг, деб ҳўнг-ҳўнг йиғладилар.

Аллоҳ бу қонниدم كذب   «ёлғон, сохта қон» деб атаб, «Юсуфнинг кўйлагини ёлғон қонга белаб келишди» дейди. Кўздаги ёшнинг ясамалиги ҳам зоҳир, изоҳга муҳтож эмас.

Кўзда ёлғон ёш, қўлда ёлғон қон, тилда ёлғон сўз. Дил-да эса умуман бошқа нарса.

Ёлғонни ҳар ким ҳам эплайвермас экан. Уни қойилла-тадиган усталари бор. Шуни алоҳида эслаш ўринлики, Ёқуб алайҳиссаломнинг фарзандлари солиҳ инсонлардир. Бу қутлуғ хонадон ёлғон-яшиқ гаплардан, уйдирмалардан анча йироқ. Фарзандлар жуда яхши тарбия топган. Лекин шайтон пайғамбарзодаларни йўлдан оздиришга муваффақ бўлади. Шунинг учун умрида ёлғон нималигини билмаган болалар қаердандир қон топиб, Юсуфнинг кўйлагини ўша қонга белаб, шу билан отани ишонтирмоқчи бўладилар.

Кўйлак бус-бутун. Ҳеч қаери йиртилмаган. Қизиқ, ахир оч бўри кўйлак тугмасини аста ечиб, сўнг у кўйлакни бир жойга илиб ёки тахлаб қўйиб, ана ундан кейин «ўлжа»ни емайди-ку. Содда акаларнинг шунга ақли етмаган. Чунки уларда тажриба йўқ-да. Ёлғон ҳам катта «маҳорат» талаб қилади, бировни ишонтириш учун катта «қобилият» керак. Оға-иниларда ана шу «маҳорат», ана шу «қобилият» йўқ эди. Шунинг учун зийрак ота хом ўғиллар сафсатасига ишонмайди. Саҳнадаги сохта ўйин иш бермайди. Шундай қилиб, ўнта ношуд ўғил бир доно отани ишонтиролмайди.

Аммо, устомон бир киши минглаб одамни лақиллата олиши мумкин. Бунга мисол асримизда сероб. Биз ҳозир милоддан олдинги асрда юрган эканмиз, мисолни ўша даврдан бошлаганимиз маъқул. Тоинки, дастурхони тўкин, турли-туман бўлган ўқувчининг маънавий дастурхони ҳам тўкин, турфа хил бўлсин. Бунинг учун Ёқуб алайҳиссалом диёри Канъонни бир дамга тарк этиб, турклар диёри Туронга хаёлан саёҳат қиламиз.

Милоддан аввалги 6-аср бошларида эрон шоҳи Доро I қўшини Турон ҳудудига бостириб киради. Юнон тарих-чиси ва нотиғи Полиен (мил. 2-аср) 8 китобдан иборат «Ҳарбий ҳийлалар» («Стратегмалар») асарида ёзишича, сак қабилалари оқсоқоллари Сакфар, Омарч ва Оамирис форс қўшинини енгиш учун ҳарбий кенгаш ўтказаётганда, уларнинг ҳузурига оддий отбоқар келиб, ўз режасини баён қилган.

У Широқ эди.

Режага кўра, Широқ ўз қабиласи манфаатини ҳимоя қилиб, ҳарбий ҳийла ишлатган ва ёлғиз ўзи Доро I лашкар-ларига қарши турган ва уларни енган.

Унинг ғалаба қозонишида сохта қон қўл келади. У бу ерда зўр ёлғон ишлатади ва буни уддалайди.

Широқ Доро I қароргоҳига келиб, қабиладошлари унга ноҳақ ситам етказгани учун у Эрон қўшинини саклар (шаклар) қабиласи турган ерга қисқа йўл билан олиб бори-шини айтади. Ўзини мазлум қилиб кўрсатади. Қасоскор қиёфасига киради.

Доро I бунга ишонади деб уйлайсизми?

Йўқ, албатта. У бу бетайин одамнинг сўзига ишониши қийин. Шу ерда Широқ «ёлғон қон»ни ишга солади. Қон кўп ерларда кучли далил ҳисобланган. Шунинг учун у Эрон шоҳи  Доро I ёнига киришдан олдин ўз қулоқ-бурнини кесиб қонга беланади. «Мана, кўринглар, ўз қаби-ладошларим мени қай аҳволга солишди, қулоқ-бурнимни кесиб ташлашди», деб нолийди.

Широқни бу аҳволда кўрган Доро I унинг гапига лаққа тушади. Қадим замонлардан шоҳлар хоинлардан унумли фойдаланган. Қонга беланган бу кишини ҳам шоҳ ўз эли-нинг бир хоини деб билиб, унинг ҳамма гапига ишонади.

Широқ душман қўшинини Қизилқум ичкарисига бош-лайди. Эрон қўшини «йўлбошловчи»нинг «холис» масла-ҳати билан фақат 7 кунга етадиган сув, озиқ-овқат ва ем-ҳашак олган эди. Жазирама иссиқда чўлни кечиб ўтаётган душман қўшини ҳолдан тояди, озиқ-овқат ҳам тугайди. Ниҳоят, муҳлатнинг 7-кунида душман қўшини алдангани- ни пайқайди. Широқ шоҳ Доро I ва унинг саркардаларига:

«Мен бир ўзим Доро қўшинини енгдим. Сизларни алдаб, чўлнинг қоқ ўртасига олиб келдим. Хоҳлаган томонингизга кетишингиз мумкин, воҳагача ҳар тўрт томонингиз етти кунлик йўл дейди.

Даҳшатга тушган шоҳ ва унинг саркардалари Широққа ялиниб ёлворадилар. Лекин бу ўтинчлар жавобсиз қолади. Сўнг сувсиз чўлдан олиб чиқиши учун унга катта бойлик ваъда берилади. Широқ кўнмайди. Алдадим, алданмайман, дерди унинг забони ҳоли. У шу йўлда жон фидо қилишини айтгач, Доро I нинг саркардаси Рокосбат уни қилич билан чопиб ташлайди. Қўшиннинг асосий қисми сувсизлик ва очликдан Қизилқум чўлида қирилиб кетади. Фақат шоҳ ва унинг оз сонли аъёнлари ёмғир ёғиши натижасида ҳало-катдан қутулиб, Боқтра дарёси (Амударё) қирғоғига аранг етиб келадилар.

Бу тарихий воқеани орадан 800 йил ўтгач, Полиен ўзи-нинг 8 томли «Ҳарбий ҳийлалар» китобида келтирган.

Ўзбекистон миллий энциклопедияси.

Бу, қадимда ўтган одамларни бир нарсага ишонтириш осон иш эмаслигига бир мисол эди. Қадимгилар ХХ, ХХI аср одамлари каби ялтироқ шиорларга тез алданишмаган…

(давоми бор)

[1] Ком – Оғиз. Дом – Тузоқ, тўр, қопқон. Дароз – Новча, бўйчан.

Изоҳ қолдиринг