Аллоҳ суйган бандалар: Ёлғиз Аллоҳга бандалик қилиш (13)

0

Иккинчи қисм:

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриш.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриш ҳам фарз саналиб, Аллоҳга бўлган муҳаббатга тобе ва чамбарчас боғлиқдир. Пайғамбарни яхши кўриш Аллоҳни яхши кўриш ва Аллоҳ учун яхши кўриш ҳисобланади. Мўминнинг қалбида Аллоҳнинг муҳаббати зиёда бўлса, Расулига муҳаббат ҳам зиёда бўлади, камайса, камаяди.

Анас разияллоҳу анҳу айтади Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимда уч нарса бўлса, иймон ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Унинг Расулини барчадан кўра кўпроқ яхши кўриши, кимни яхши кўрса, фақатгина Аллоҳ учун яхши кўриши, Аллоҳ уни куфрдан қутқарганидан сўнг яна куфрга қайтишни оловга ташланишдан ҳам ёмонроқ кўриши” (Бухорий, 1/60, Муслим, 2/13 ривояти).

Яна Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Токи мен сизлардан биронтангизга ота-онасидан, боласидан ва барча инсонлардан севимли бўлмагунимча комил иймонли бўлмайди” (Бухорий, 1/58, Муслим, 2/15).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатнинг шартлари

  • Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига итоат этиш. Аллоҳ таоло деди: “Биз бирор пайғамбарни юборган бўлсак, фақатгина унга Аллоҳнинг изни-иродаси билан итоат қилиниши учун юбордик” (Нисо, 64);

  • Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам огоҳлантирган ва қайтарган нарсалардан тийилиш. Аллоҳ таоло деди: “Ким Аллоҳнинг ҳукмларини инкор қилиш билан тажовуз қилиб, Аллоҳ ва Расулига осий бўлса, Аллоҳ уни дўзахга мангу қоладиган ҳолда киритади, у учун хорловчи азоб бордир” (Нисо, 14);

  • Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган хабарларни тасдиқлаш ва бу нарса Расулуллоҳга бўлган комил иймондандир;

  • зоҳир-у ботинда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга тақлид қилиш. Аллоҳ таоло деди: “Эй мўминлар, сизлар учун Аллоҳнинг Пайғамбари (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сўзларида, феълларида ва юриш-туришларида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб, 21);

  • Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам зикр қилинганларида у зотга салавот айтиш. Аллоҳ таоло деди: “Албатта, Аллоҳ таоло ва Унинг малоикалари Пайғамбарга мақтов йўллаб, унинг ҳаққига дуо қиладилар. Эй Аллоҳга ва Пайғамбарига иймон келтирган ва Унинг шариатига амал қилган кишилар, Аллоҳнинг Пайғамбарига салавот ва саломлар йўлланглар” (Аҳзоб, 56).

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг