Аллоҳ суйган бандалар: Ёлғиз Аллоҳга бандалик қилиш (15)

0

Қалб ибодат турларидан яна бири – таваккул

Таваккул – манфаат келтириш ва зарарни даф қилишда қалбнинг Аллоҳ таолога суяниши. Таваккул сабабларни ушлашни инкор этмайди. Чунки сабабларни олмаслик шариат қоралаган иш. Сабабларга суяниб қолиш эса тавҳидга зиддир.

Аллоҳ таоло деди: “Агар Унинг пайғамбари келтирган нарсаларга ишонувчи ва Унинг шариатига амал қилувчи бўлсангиз, Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига таваккул қилинглар!” (Моида, 23).

Ким Аллоҳга таваккул қилса, (Аллоҳ унинг барча ишларига, ғам-ташвишларига) Ўзи кифоя қилувчидир” (Талоқ, 3).

Мусо деди: “Эй қавмим, агар сизлар Аллоҳ жалла ва алога иймон келтирган ва Унинг шариатига бўйсунган бўлсангиз, фақат Унга ишонинглар, Унинг амрига таслим бўлинглар! Агар мусулмон бўлсангиз, Унинг ўзигагина таваккул қилинглар!” (Юнус, 84).

Ибн Қаййим рaҳимаҳуллоҳ шу оят ҳақида дейди: “Аллоҳ таоло таваккулни Исломнинг дуруст бўлишига далил қилди. Банданинг иймони кучли бўлган сари, таваккули ҳам кучли бўлади. Иймони заифлашса, таваккул ҳам заифлашади. Таваккулнинг заифлиги иймоннинг заиф эканига далилдир. Аллоҳ таоло таваккул билан ибодат, таваккул билан иймон, таваккул билан тақво, таваккул билан Ислом ва таваккул билан ҳидоятни жамлаган. Бундан кўринадики, таваккул иймон ва эҳсон даражаларининг ва Ислом амалларининг барчасига асл-асосдир. Таваккулнинг амаллардаги ўрни жасаднинг бошдаги ўрни кабидир. Бош жасадда тургани каби, иймон, унинг даражалари ва амаллар ҳам таваккул танасида қоим бўлади” (“Фатҳул мажид” китоби, 353-бет).

Аллоҳга қайтиш

Гуноҳлардан бутунлай тийилиб, Аллоҳнинг тоатига тўла-тўкис қайтиш. Аллоҳ таоло деди: “Раббингизга тоат-ибодат ва тавба билан қайтинглар. Ва унга бўйин эгинглар” (Зумар, 54).

Тоғутга итоат қилишдан сақланган, Аллоҳга холис тоат-ибодат билан Унинг Ўзига тавба қилган кишилар учун Аллоҳнинг розилиги, жаннатдаги абадий ноз-неъматлар хушхабари бордир” (Зумар, 17).

Ёрдам сўраш

Аллоҳ таоло деди: “Биз Сенгагина ибодат қиламиз ва барча ишларимизда фақат Сендан ёрдам сўраймиз” (Фотиҳа, 5).

Расулуллоҳ сaллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар сўрасанг, Аллоҳдан сўра ва ёрдам тиласанг ҳам, Аллоҳдан тила” (Термизий ривояти).

Хавф-қўрқув

Аллоҳ таоло деди: “Парвардигорининг ҳузурида туришдан қўрқиб, Унга итоат қилган, Унинг маъсиятларидан тийилган бандалар учун иккита жаннат бордир” (Раҳмон, 46).

Раббиларининг раҳматидан умидвор бўладилар, азобидан қўрқадилар” (Исро, 57).

Расулуллоҳ сaллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Жоним қўлида бўлган Зот Аллоҳга қасамки, мен билган нарсани билганингизда эди, оз кулиб кўп йиғлаган, тўшакларда хотинларингиз билан лаззатланмаган, чўл-даштларга чиқиб илтижолар қилган бўлар эдингиз” (Термизий ривояти, Албоний саҳиҳ деган, 6098).

Бошқа бир ҳадисда бундай деганлар: “Ким (саҳардаги душман ҳужумидан) қўрқса, тунда йўлга чиқади. Ким йўлга чиқса, манзилига (мақсадига) етади. Огоҳ бўлингларки, Аллоҳнинг (жаннат неъматларидан бўлган) матоси қимматдир. Огоҳ бўлингларки, Аллоҳнинг матоси жаннатдир” (Термизий ривояти).

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг