Ҳаром амаллар: Маст қилувчи ичимликлар ичиш

2

Аллоҳ таоло деди: “Эй мўминлар, ароқ (маст қиладиган ичимлик ичиш), қимор (ўйнаш), бут-санамлар (яъни, уларга сиғиниш) ва (улар ёрдамида фол очиладиган) ёйлар шайтон амалидан бўлган ифлос (ва ҳаром) ишлардир. Шундай экан, улардан узоқ бўлингиз, шояд нажот топсангиз!” (Моида, 90). Оятда мазкур нарсалардан узоқ бўлишга, яқинига йўламасликка буюрилиши уларнинг ҳаромлигига кучли далилдир. Устига-устак, ароқ кофирларнинг илоҳлари ва бут-санамлари билан ёнма-ён зикр қилиниши «ароқ ҳаром эмас» дегувчиларга баҳона қолдирмайди. Саҳиҳ ҳадисларда ҳам ароқ ичадиган кимсаларга белгиланган алоҳида жазо ва таҳдидлар келган. Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир. Аллоҳ маст қилувчи ичимлик ичган кишига (қиёматда) «тийнатул хабал»дан ичиришни Ўзига вожиб қилди”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, “тийнатул хабал” нима?» деб сўрашган эди, “Дўзах аҳли баданидан чиққан тер ёки улар баданидан оққан суюқлик (қон ва йиринг)лар” деб жавоб бердилар (Имом Муслим).

Ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Кимда ким маст қилувчи ичимликка муккасидан кетган ҳолда Аллоҳга йўлиқса, у Зотга худди бутпараст сингари йўлиқибди” (Табароний), дейилган. Яъни, маст қилувчи ичимликни ҳалол деб билган кимса бутпараст билан баробардир.

Ҳозирги пайтга келиб маст қилувчи ичимликларнинг турлари кўпайиб кетган. Унга хилма-хил номлар қўйиб олишган: коньяк, пиво, вино, водка, шампан ва ҳоказо.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Умматимдан бир тоифа ароқ ичадилар, лекин унинг номини ўзгартириб оладилар” (Имом Аҳмад). Дарҳақиқат, бу тоифа умматда пайдо бўлди. Улар уни ароқ дейиш ўрнига “кайфиятни кўтарувчи ичимлик” деб атайдилар. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳни ва мўминларни алдамоқчи бўладилар, ваҳоланки, фақат ўзларини алдаётганларини билмайдилар” (Бақара, 9).

Шариат турли ҳийла-найранг ва ўйинларга йўл бермайдиган аниқ чегарани белгилаб қўйган. Ҳадиси шарифда: “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамр (ароқ)дир ва ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти), дейилган.

Демак, ақлни оздирувчи ва маст қилувчи ҳар қандай нарсанинг ози ҳам, кўпи ҳам ҳаромдир. Ҳарчанд унга бошқача ном қўйишмасин, унинг номи бир, ҳукми маълумдир.

«Маст қилиш ёки кайф қилиш учун эмас, балки чанқоқ босиш учун озгина ичса бўлади», деб пиво ичувчилар мана бу ҳадисни яхшилаб ўқиб олсинлар: “Кўпи маст қиладиган нарсанинг озгинаси ҳам ҳаромдир” (Имом Аҳмад, Ибн Можа ва Дорақутний ривояти).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам маст қилувчи нарсаларни, қуюқ ёки суюқ бўлсин, бир-биридан ажратмаганлар (яъни ҳаммаси ҳаромдир).

Маст қилувчи ичимлик билан даволаниш мумкин эмас. Сабаби, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ азза ва жалла ҳаром нарсани даво (шифо) қилмаган”, “У даво эмас, дарддир”, деган сўзлари билан бу масалага узил-кесил нуқта қўйганлар.

Маст қилувчи ичимлик сабабли лаънатланган кимсалар хусусида ушбу ҳадис етарлидир: “Аллоҳ маст қилувчи ичимликни ҳам, уни ичувчини ҳам, қуювчини ҳам, сотиб олувчини ҳам, сотувчини ҳам, тайёрлатувчини ҳам, олиб келувчини ҳам, олиб келтирувчини ҳам лаънатлади” (Абу Довуд ривояти).

Ибн Можа ривоятида: “Пулини егувчини ҳам” деган қўшимча бор.

Сўзимиз охирида Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ароқхўрларга қарата айтган бир мавъизаларини келтирамиз: “Ким ароқ ичса ва маст бўлса, қирқ кун намози қабул бўлмайди, ўлиб қолса, дўзахга тушади, тавба қилса, тавбаси қабулдир. Яна ичса ва маст бўлса, қирқ кун намози қабул бўлмайди, ўлиб қолса, дўзахга тушади, тавба қилса, тавбаси қабулдир. Сўнг яна ичса ва маст бўлса, қирқ кун намози қабул бўлмайди, ўлиб қолса, дўзахга тушади, тавба қилса, тавбаси қабулдир. Шундан кейин яна ичса, қиёмат куни Аллоҳ унга «радғатул хабал» (ҳалокат балчиғи)дан ичиради”. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, «радғатул хабал» нима?” деб сўрашди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дўзах аҳлидан чиққан суюқлик (қон ва йиринг)лар”, деб жавоб бердилар (Ибн Можа ривояти).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Discussion2 fikr

  1. Bizga olloxni tanitishda xizmat qilayotgan shayximiz va ularning shogirtlari va shu narsalarni òqishligimmiz uchun xizmat qilayotganlardan ollox roziy bolsin

Изоҳ қолдиринг