Инсон сочи ва бадан тукларини сотиши жоизми?

0

Инсон ўзининг ёки бошқа инсоннинг – хоҳ тирик, хоҳ ўлик бўлсин – соч ва тукларини сотиши ёки заруратсиз фойдаланиши ҳаром. Бу борада фуқаҳолар ўртасида хилоф йўқ. Негаки, Аллоҳ таоло инсон зотини азизу мукаррам қилиб яратган. Соч ва туклар одамнинг бир бўлаги саналади. Одамнинг бир бўлагини сотиш эса, уни хорлашга, обрўсини оёқ ости қилишга сабаб бўлади.

 “Ал-мавсуатул фиқҳийя” (“Қувайт фиқҳ қомуси”) (26\102) китобида шундай дейилади:

Одам зотининг сочини сотиш ва ундан фойдаланиш жоиз эмаслигига фуқаҳолар иттифоқ қилишган. Сабаби, одам зоти азиз-мукаррам қилиб яратилинган. Аллоҳ таоло айтади: Биз Одам фарзандини азизу мукаррам қилдик[1]. Бинобарин, унинг бирон бўлагини (сотиш орқали) хорлаш, оёқ ости қилиш жоиз бўлмайди”.

Ҳанафий мазҳабида мўътабар саналган “Ҳидоя” (6\425) китобида шундай дейилган: “Инсоннинг сочини сотиш ҳам, ундан фойдаланиш ҳам жоиз эмас”.

Ҳанафий мазҳаби уламоларидан Ибн Ҳумом (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Одамнинг сочини сотиш, ундан фойдаланиш жоиз эмас. Чунки одам зоти хор қилиб эмас, балки мукаррам қилиб яратилган. Бинобарин, унинг бирон бўлагини таҳқирлаш, хорлаш жоиз эмас[2].

Моликий мазҳаби уламоларидан Аҳмад Совий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Ўлган инсоннинг тирноғи, сочи ва умуман ҳеч бир бўлагидан фойдаланиб бўлмайди. Негаки, мазкур нарсалар эҳтиром қилишга буюрилган. Уларнинг биронтасини (майитдан кесиб, ё юлиб) олиш инсон ҳурматини поймол қилишга киради[3].

Шофеий мазҳаби уламоларидан Нававий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Танадан узилмай туриб сотиш ҳаром бўлган нарсаларни узилгандан кейин ҳам сотиш ҳаромдир. Масалан, одам зотининг сочи[4].

Ҳанбалий мазҳаби уламоларидан Буҳутий айтади: “Одамнинг сочи пок саналса-да, ундан фойдаланиш жоиз эмас[5]. Маълумки, фойдаланиш мумкин бўлмаган нарсаларни сотиш ҳам жоиз эмас.

Эслатма:

Юқорида уламолардан келтирилган иқтибосларда “соч” дейилган сўзга инсон танасидаги барча туклар киради. Чунки улар соч деганда инсон танасидаги барча тукларни назарда тутишган. Бинобарин, инсон танасидаги сочдан бошқа тукларни ҳам сотиш ҳаром саналади.

Валлоҳу аълам.

[1] Исро сураси 70-оят маъносининг таржимаси.
[2] Ибн Ҳумом. “Фатҳул-Қадийр”, 6\425-426.
[3] Аҳмад Совий. “Булғатус-солик”, 1\432.
[4] Нававий. “Ал-мажмуъ”, 9\305.
[5] Буҳутий. “Кашшофул-қиноъ”, 1\70.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг