Аллоҳ суйган бандалар: Ёлғиз Аллоҳга бандалик қилиш (16)

0

Хавфнинг қисмлари

Хавф икки қисмдир:

  1. Фитрий хавф.

Бу қўрқув бирон зарардан қўрқишни Аллоҳ инсоннинг хилқатида яратган фитрий қўрқувдир. Масалан, йиртқич ҳайвондан, душмандан, оловдан, золимдан ва ҳоказо. Бундай хавф тавҳидга зид эмас, иймонга ҳам путур етказмайди, чунки бу ҳол ҳатто айрим пайғамбарларда ҳам содир бўлган. Аллоҳ таоло айтади: “Мусо ва Ҳорун дедилар: “Эй Раббимиз, у бизни зудлик билан азобга дучор қилишидан ёки туғён қилиб ҳақни қабул қилмаслигидан қўрқамиз”. Аллоҳ таоло Мусо билан Ҳорунга (шундай) деди: “Сизлар (Фиръавндан) қўрқманглар! Мен сизлар билан биргаман. Гапларингизни эшитиб, ишларингизни кўриб турибман” (Тоҳа, 45-46).

Бундай қўрқувнинг чиндан ҳам сабаби бўлса, маломат қилинмайди. Агар сабабсиз ёки арзимас бир сабаб билан бўлса, унда маломатга қолади ва бундай кишини қўрқоқ дейилади. Қўрқоқлик эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳдан паноҳ тилаган хунук сифатлардандир.

  1. Тааббудий хавф:

Тааббудий хавф – улуғлаш ва тақарруб қўрқуви бўлиб, бундай хавф ёлғиз Аллоҳ таборака ва таолонинг ҳаққидир. Бу тариқа қўрқув Аллоҳдан ўзгага бўлиши жоиз эмас. Ким Аллоҳдан ўзгадан бундай қўрқув билан қўрқса, Исломдан чиқарадиган катта ширк содир этган бўлади. Масалан, қабрда ётган маййитдан ўзига ё оиласига, ё мол-дунёсига бирон зарар етказиши мумкин, деб қўрқиши. Аллоҳ таоло деди: “Сизлар улардан қўрқманглар. Агар чиндан мўмин бўлсанглар, Мендан қўрқинглар” (Оли Имрон, 175).

Бошқа оятда: “Улардан қўрқасизларми? Агар чин мўмин бўлсангиз, Аллоҳ қўрқишингизга лойиқроқ Зотдир” (Тавба, 13), дейилган.

Яна: “Аллоҳга холис, Унинг азобидан қўрқиб ва савобини умид қилиб, дуо қилинглар” (Аъроф, 56), деб айтган.

Демак, ибодатда қўрқув ва умид бўлиши лозим. Шу оятга кўра, “мен Аллоҳга дўзахидан қўрқиб ёки жаннатининг умидида ибодат қилмайман”, деб даъво қиладиганларнинг адашгани аниқ бўлади.

Фитрий ва тааббудий хавф ўртасидаги фарқ

Бу икки хавф ўртасини қандай ажратамиз, деб сўралса, айтамиз: бу икки қўрқув орасидаги фарқ бундай:

Фитрий қўрқув – нафратланиб қўрқиш.

Тааббудий қўрқув – муҳаббат билан қўрқиш.

Шердан ёки душмандан қўрқаётган киши улардан нафратланиб қўрқади. Лекин Аллоҳдан қўрқаётган киши эса Уни яхши кўриб қўрқади. Шунингдек, авлиё ёки солиҳ кишиларнинг қабридан қўрқаётган мушрик ҳам уни яхши кўриб қўрқади. Хавфни муҳаббат билан бириктириш айни ибодатдир.

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг