Муҳаддислар амири – Имом Бухорий (2)

0

Илм сафарида ҳам онасининг роли тугамади

Бухорий ўн олти ёшга тўлганида онаси уни ва укаси Аҳмадни ҳаж қилиш учун Маккага олиб борди. Ҳаж қилганидан кейин Бухорийда илм олишга янада катта бир фурсат пайдо бўлди. Улар ҳаж ибодатини адо қилиб бўлганларидан кейин Бухорий ҳадис ўрганиш ва шайхлардан дарс олиш мақсадида Маккада қолди. Онаси ва укаси Бухорога қайтиб кетдилар.

Кўриниб турибдики, Бухорий ҳаж қилиб, илмни араб тилида ва асл манбаидан олиши бу онасининг фикри эди. Онаси Бухорий ўқиб, олим бўлиб, қайтганида ўз юртида таълим беришини эмас, балки бутун дунёга таълим беришини истар эди.

Бухорийнинг илмий сафари Макка ва Мадинадан бошланди. У олти йил давомида Ҳарамайндаги шайхлардан илм олганидан кейин олимлару муҳаддислар билан учрашиб, суҳбатлашиб, улардан ҳадис ўрганиш мақсадида ислом оламининг бошқа шаҳарларига сафар қилди. Сафар машаққатларини бошидан кечириб, илм диёрларидан бирортасини қолдирмай, ҳаммасига борди ва у ердаги шайхлардан ҳадис ўрганди. Ҳатто баъзи шаҳарларга бир неча маротаба борди.

Бухорий Макка ва Мадинадан ташқари Бағдод, Восит, Басра, Кўфа, Дамашқ, Кесария, Асқалон, Хуросон, Балх, Найсобур, Марв, Ҳирот, Миср ва бошқа шаҳарларга бориб, у ердаги шайхлардан ҳадис ривоят қилган.

Бухорий ўз юртидан ташқарида эканида шериклари унинг илми ва зеҳнига қойил қолишгани ҳақида Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ шундай дейди: “Ҳошид ибн Исмоил ва яна бошқа бирининг Бухорий ҳақида қуйидагича ҳикоя қилганини эшитдим: “Абу Абдуллоҳ Бухорий биз билан бирга Басрадаги шайхлардан ҳадис эшитгани борар эди. У ёш йигит бўлишига қарамай ҳадисларни ёзмас эди. Бир неча кун ўтди, биз эса унга: “Сен биз билан бирга Басрадаги шайхлардан ҳадис эшитгани бораяпсан, лекин ёзмаяпсан. Бу нимаси?!” – дер эдик. Ўн олти кун ўтганидан кейин бизга: “Сизлар менга бу борада жуда ҳам кўп гапирдинглар. Ёзган ҳадисларингни менга кўрсатингларчи” – деди. Биз унга ёзган ҳамма ҳадисларимизни кўрсатдик, ўн беш мингтадан зиёдроқ экан. Бухорий бизга бу ҳадисларнинг барчасини ёддан ўқиб берди. Ҳатто биз унга қараб, китобларимиздаги баъзи камчиликларни тўғрилаб олдик. Кейин у бизга: “Нима деб ўйлайсизлар, мен сизлар билан шайхларга бориб вақтимни зоя қилаётган эканманми?! ” – деди. Шунда биз унга ҳеч ким тенг кела олмаслигини англаб етдик”.

Бухорий илм йўлида қилган сафарлари ҳақида шундай дейди: “Шом, Миср ва Арабистон Ярим Оролига икки марта, Басрага тўрт марта бордим. Ҳижозда олти йил яшадим. Кўфа билан Бағдодга неча марта борганимни ҳисоблай олмайман”.

Шайхлари

Демак, Бухорийнинг устозлари мингдан ортиқ бўлгани ҳайратланарли эмас. Бу ҳақда унинг ўзи шундай дейди: “Мен мингдан ортиқ шайхлардан ҳадис олдим. Ёзган ҳамма ҳадисларимнинг санадини биламан”.

Янада аниқроқ қилиб шундай дейди: “Бир минг саксонта шайхдан ҳадис ўргандим. Уларнинг барчаси муҳаддислар бўлиб, бир овоздан: “Иймон сўз ва амалдан иборат бўлиб, зиёда ва ноқис бўлади” – дер эдилар”.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Бухорийнинг таниқли шайхларидан бири эди. Бухорий у кишини эслаб шундай дейди: “Имом Аҳмад билан охирги марта хайрлашганимда менга: “Эй Абу Абдуллоҳ, илмни ва унга муҳтож одамларни ташлаб Хуросонга кетасизми?” – деди. Мен унинг сўзларини энди тушунаяпман”. Яҳё ибн Маин, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, Али ибн Мадийний, Қутайба ибн Саид, Абу Бакр ибн Абу Шайба ва Абу Ҳотим Розийлар Бухорийнинг шайхларидан ҳисобланади.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг