Ҳаром амаллар: Куй ва қўшиқ эшитиш

0

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтади: «Аллоҳга қасамки, “Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар билимсизлик билан (ўзгаларни) Аллоҳнинг йўлидан оздириш учун ва у (йўл)ни масхара қилиш учун беҳуда сўз(лар)ни сотиб олур” (Луқмон, 6) оятидаги “беҳуда сўзлардан мурод мусиқадир”.

Абу Омир ва Абу Молик Ашъарий разияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Умматимдан шундай одамлар бўладики, улар зино, ипак, маст қилувчи ичимлик ва мусиқани ҳалол санайдилар” (Имом Бухорий ривояти).

Анас разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда эса: “Бу уммат ичида ер ютиш, (осмондан) тош ёғиш, (исёнкорларни) тўнғиз ва маймунларга айлантириб (ҳолатлари) содир бўлади. Бу эса улар маст қилувчи ичимликлар ичишган, ўзларига яллачилар олишган ва мусиқа асбоблари чалишган пайтда бўлади” (Ибн Абу ад-Дунё ривояти).

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ноғорадан қайтарганлар, найни эса аҳмоқ ва фожирнинг товуши деб таъриф этганлар. Ўтган уламолар, хусусан, Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ уд[1], танбур, най, рубоб ва чанг каби мусиқа асбобларини ҳаром деганлар. Ҳадисда қайтарилган мусиқа остига скрипка, қонун, орган, пиянино, гитара ва булардан бошқа замонавий мусиқа асбоблари ҳам киради. Чунки замонавий мусиқа асбоблари ҳадисларда ҳаромлиги айтилган қадимги мусиқа асбобларидан кўра инсонга кўпроқ салбий таъсир қилади. Мусиқа нашъаси, кайфи маст қилувчи ичимликлар нашъасидан кўра кучлироқдир. Мусиқага ашула жўр бўлса, хусусан, яллачи аёлларнинг овозлари қўшилса, ҳаромлиги янада ортади, гуноҳи тобора катталашади. Ашула ишқ, муҳаббат, севги ва аёл ҳусн-жамолининг васфи ҳақида бўлса, мусибат янада катталашади. Шунинг учун ҳам уламолар: “Куй-қўшиқ зинонинг чопаридир. У қалбга нифоқ уруғини сепади” деб, огоҳлантиришган. Куй-қўшиқ, мусиқа асримиздаги энг катта фитналардан бирига айланиб бўлган. Ҳозирги кунда соатлар, қўнғироқлар, ўйинчоқлар, компютер ва телефонларга мусиқанинг кириб кетиши бало устига бало бўлиб, бундан сақланиш ва узоқ бўлиш мусулмонлардан ўзгача қатъият талаб қилади. Аллоҳнинг ўзи ёрдам берсин.

[1] Уд – катта ноксимон косахонали, калта дастали, кўп торли, чертиб чалинадиган мусиқа асбоби (Ўзбек тилининг изоҳли луғати, 4-жилд, 263-бет. ЎМЭ нашриёти, 2008 йил).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг