Рамазонни қадрлаш (1): Қалб дунёқарашининг аҳамияти

0

Дарҳақиқат, шариатимиздан маълумки, илм амалдан олдин, нур эса фурқон – ҳақ билан ботил ўртасини ажратишдан олдин туради. Қуръон оятлари ҳам шунга далолат қилади. Инсон бирон нарсага амал қилиши, ҳатто уни шунчаки ҳис қилиши учун аввало уни қалби билан кўриши лозим. Одамлар қалби ила кўрган нарсаларинигина ҳис қила оладилар. Шунинг учун инсон аввало қалб илмини ислоҳ қилиши, унга ҳақни кўрсатиши лозим, токи ҳақни Аллоҳ нозил қилгандек кўра олсин. Одамлар Аллоҳнинг ишларидаги, қазои қадаридаги адолати ва фазл-марҳаматини кўра олишлари миқдорича тақдирга сабр қиладилар, пешоналарига битилганига рози бўладилар. Инсон бирон нарсага амал қилиши ёки ҳис қилишидан олдин уни қалби билан кўради. Масалан, инсон закот ёки садақанинг фақир ва мискинлардан олдин аввало ўзи учун яхшилик эканини билсагина уни чин дилдан одамларга улашади. Зулматга бурканган қалб садақа чиқаришни мол-давлатнинг озайиши, деб билади. Ҳатто баъзи инсонлар закотни ҳам шундай ўйлайдилар. Айниқса, инсоннинг мол-мулки кўпайиб, ундан чиқариладиган закот миқдори ҳам катта бўлса, закот чиқариш ниҳоятда оғир кечади. Миллион-миллион пули борлар учун закот чиқариш ниҳоятда мушкул иш саналади. Бундай инсонлар ҳатто молининг закотини ҳам ҳисоблаб ўтирмасдан озроқ садақа чиқариб закотдан қутилмоқчи бўладилар. Закот миқдори катта бўлгани учун молларидан бу маблағни ажратиш қалбларига оғирлик қилади. Аллоҳ сақласин, бундайлар закотни камбағалликка сабаб бўлади, деб ўйлайдилар.

كَانَ عَلِيُّ بْنُ الْحُسَيْنِ إِذَا أَتَاهُ السَّائِلُ رَحَّبَ بِهِ، وَقَالَ: مَرْحَبًا بِمَنْ يَحْمِلُ زَادِي إِلَى الْآخِرَةِ”

Али ибн Ҳусайн (Зайнулобидин) раҳимаҳуллоҳнинг олдига биров тиланиб келса, «Марҳабо, захирамни охиратга кўтариб олиб борувчи», деб қарши олар эди[1].

قَالَ إِبْرَاهِيمُ بْنُ أَدْهَمَ: «نِعْمَ الْقَوْمُ السُّؤَّالُ يَحْمِلُونَ زَادَنَا إِلَى الْآخَرَةِ”

Иброҳим ибн Адҳам раҳимаҳуллоҳ айтади: «Садақа сўраганлар ажойиб инсонлар! Улар захирамизни охиратга кўтариб борадилар»[2].

Кўриб турганингиздек, салафи солиҳлар тиланчини фазл-марҳамат соҳиби, деб билишар эди. Чунки тиланчи ёхуд садақа сўраган кимса чиндан ҳам садақага муҳтож бўлса ва сизнинг олдингизга тиланиб келса, демак, у сизни жаннат эшикларидан бирига етаклаган, охиратга тақдим қилганингизни ўзингиздан олдин жаннатга олиб борган бўлади. Гуёки бу тиланчилар эшигингиз остонасига келиб: «Жаннатга юборадиган бирон нарсаларингиз борми?», дегандек гап. Салафи солиҳларда шаклланган бу тушунча Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги каби ҳадисларидан олинган аслида:

حَدَّثَنَا قَتَادَةُ، عَنْ مُطَرِّفٍ، عَنْ أَبِيهِ، قَالَ: أَتَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَهُوَ يَقْرَأُ: أَلْهَاكُمُ التَّكَاثُرُ، قَالَ: ” يَقُولُ ابْنُ آدَمَ: مَالِي، مَالِي، قَالَ: وَهَلْ لَكَ، يَا ابْنَ آدَمَ مِنْ مَالِكَ إِلَّا مَا أَكَلْتَ فَأَفْنَيْتَ، أَوْ لَبِسْتَ فَأَبْلَيْتَ، أَوْ تَصَدَّقْتَ فَأَمْضَيْتَ

Абдуллоҳ ибн Шиххир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдларига келдим. У зот «Алҳаакумут-такосур» (яъни «мол-дунё орттириш сизларни машғул қилиб қўйди») сурасини ўқиётган эдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одам боласи «Молим, молим», деб (фахрланади, алданади). Эй одам боласи, ахир сенга ўз молингдан фақат еб битирганинг, кийиб тўзитганинг ёки садақа қилиб, охиратга қолдирганинг фойда беради-ку?!»[3]

Демак, садақа қилган барча нарсаларимиз бизлардан олдин Аллоҳнинг ҳузурига бориб, бизларга замин яратиб туради. Аллоҳ таоло айтади:

{وَمَنْ عَمِلَ صَالِحًا فَلِأَنْفُسِهِمْ يَمْهَدُونَ} (الروم: 44)

«Ким солиҳ амал қилса, ўзи учун (қабр ва жаннатда) замин ҳозирлаган бўлади» (Рум, 44).

Кимда шу тушунча мавжуд бўлса, фақир ва мискинларга фазл-марҳамат соҳиби, деб қарайдиган бўлади. Ҳатто садақа улашиши учун чинакам бир камбағални кўрсатиб қўйган кишини ҳам менга яхшилик қилди, деб ўйлайдиган бўлади. Агар Аллоҳ таоло ўз фазл-марҳамати билан унинг садақасини қабул этса, албатта, бунинг учун мақтов, ҳамд-сано ва миннатга биринчи навбатда Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳақли бўлади. Қалб кўзи кўр инсон эса, агар садақа қилса ҳам, ўзини фазл-марҳамат соҳиби деб билади. Уларни худди Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларидаги баъзи аъробийларга ўхшатиш мумкин. Улар шунчаки исломни қабул қилишлари билан ўзларини Аллоҳ ва Расулига яхшилик қилдик, деб ўйлашган эди.

قَالَ اللَّهُ لِنَبِيِّهِ: {يَمُنُّونَ عَلَيْكَ أَنْ أَسْلَمُوا قُلْ لَا تَمُنُّوا عَلَيَّ إِسْلَامَكُمْ بَلِ اللَّهُ يَمُنُّ عَلَيْكُمْ أَنْ هَدَاكُمْ لِلْإِيمَانِ} (الحجرات:17)

Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад), улар сизга мусулмон бўлишгани сабабли миннат қилишади. Айтинг: «Менга мусулмонлигингизни миннат қилмангиз! Балки Аллоҳ иймонга ҳидоят қилгани учун сизларга миннат қилади» (Ҳужурот, 17).

Улар ҳолатни аксинча тасаввур қилдилар, мусулмонликлари сабабли ўзларини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга миннат қилишга ҳақли деб билдилар. Ҳолбуки, Аллоҳ ва Расули миннат қилишга ҳақлироқ эди. Демак, аввало инсоннинг қалбидаги тасаввури тўғри бўлиши керак. Зеро, бирон нарсани ҳис қилиш ёки уни амалга ошириш қалбдаги тасаввурга боғлиқ. Қалбдаги дунёқараш бузуқ бўлса, муносабат ҳам, юриш-туриш ҳам бузилади. Буни шариатда ҳам, кавний ёхуд қадарий ишларда ҳам кузатиш мумкин. Масалан, қалбдаги эгри дунёқарашдан Аллоҳнинг қазои қадарига нисбатан норозилик, сабрсизлик туғилади.

Аслида Аллоҳ тақдир қилган ишларда ёмонлик йўқ, унинг барчаси яхшиликдан иборатдир. Ундаги ёмонлик бўлиб кўринган ишлар аслида бўлиши шарт бўлган асоратлардир. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ бунга бир қанча мисоллар келтиради. Масалан, қуёшда жузъий ёмонлик бор, бироқ у қуёшдаги яхшилик ва мавжудотлар учун манфаат олдида кўринмай кетади. Шунингдек, оловда ҳам жузъий ёмонлик бор. Аллоҳ таоло ақлли инсонларни мазкур мавжудотлардаги яхшиликлардан фойдаланишга, улардаги жузъий зарарлардан сақланишга ёки зарурат туғилганда унга бардош беришга муваффақ қилади. Айтайлик, металлар эритиладиган улкан печларда ёки новвойхоналарда ишлатиладиган печларда қандайдир зарар бўлиши мумкин. Бироқ ақлли инсонларга оловдаги улкан манфаатлар махфий бўлмайди. Ақлсиз ёки ақли калта инсонларгина олов ёки қуёшдаги улкан манфаатларни идрок қила олмайди ёки уларда мавжуд жузъий зарарни манфаатидан устун қўяди.

Умуман олганда, шариатда ҳам, қадарда ҳам бир қарашда зарарли бўлиб кўринган жузъий жиҳатлар бўлиши мумкин. Бироқ уларни Аллоҳ таоло Ўзи билган етук ҳикматлар учун яратган бўлиб, бу ҳикматлардан айримларини бизларга маълум қилган, айримлари эса ёлғиз Ўзига аён.

[1] Ибн Жавзий, «Ал-бирру вас-сила» (1/216).

[2] Абу Нуайм, «Ҳилятул авлиё ва табақотул асфиё», 8/32

[3] Имом Аҳмад (16306), Муслим (2958), Термизий (2342, 3354), Насоий (6/238) ривояти. Ҳадис матни Муслимга оид.

Изоҳ қолдиринг