Муҳаммад ибн Восеъ Аздий (4)

2

Аллоҳ таоло мусулмонларнинг қалбларига ором туширди ва уларга Ўзи томонидан бўлган руҳ билан мадад берди. Мусулмонлар кун бўйи душманни қиличдан ўтказдилар. Кеч киргач эса, Аллоҳ таоло мушрикларнинг оёқларига титроқ, қалбларига эса қўрқув солди ва орқаларига қарамай қоча бошладилар. Мужоҳидлар уларнинг ортларидан қатл қилган, асирга олган ва қувғин қилган ҳолда тантанали юриш қилдилар. Ва ниҳоят душман Қутайба ибн Муслимдан сулҳ ва фидя олишни сўрадилар. Қутайба рози бўлди.

Асирга олинган душман ичида кўп ёмонликлар қилган, қавмини мусулмонларга қарши тинмай гиж-гижлаган ўта ярамас бир киши бор эди. У Қутайба ибн Муслимга:

– Эй амир, мени қўйиб юборсангиз, эвазига катта миқдорда фидя бераман – деди. Қутайба ибн Муслим:

– Қанча бермоқчисан?

– Чинда тайёрланган, қиймати бир миллионга тенг беш минг ипак кийимлик бераман.

Қутайба лашкарнинг обрў-эътиборли кишиларига қараб:

– Нима дейсизлар? – деди. Улар:

– Бунча мол мусулмонлар ғаниматини бойитади, ундан ташқари биз бундай ғалабага эришганимиздан сўнг бу ва бунга ўхшаш кишиларнинг ёмонлигидан қўрқиб ўтирмаймиз, деб ҳисоблаймиз – дедилар. Қутайба ибн Муслим Муҳаммад ибн Восеъ Аздийга қараб:

– Сиз нима дейсиз, эй Абу Абдуллоҳ? – деди. Муҳаммад ибн Восеъ:

– Эй Амир, мусулмонлар диёрларидан ғаниматни кўпайтириш ва мол жамғариш учун чиқмаганлар. Улар Аллоҳнинг розилигини истаб, ер юзида Унинг динини ёйиш ва душманни мағлуб этиш учун чиққанлар, – деди. Қутайба ибн Муслим:

– Аллоҳ сизни яхши мукофотлар билан сийласин. Аллоҳга қасамки, ўзини қутқариш учун бутун дунё молини фидя қилса ҳам, бу кимсанинг бундан кейин бирон муслима аёл қалбига қўрқув солишига йўл қўймайман, – деди ва уни қатл қилишга амр этди.

Муҳаммад ибн Восеъ Аздийнинг умавий амирлар билан алоқаси Язид ибн Муҳаллаб ва Қутайба ибн Муслимга чекланиб қолмаган, балки улардан бошқа амир ва волийларга ҳам боғланган эди. Ана шу боғланишнинг энг кўзга ташлангани Басра волийси Билол ибн Абу Бурда билан бўлган эди. Муҳаммад ибн Восеъ билан бу волий ўртасида кўп воқеа-ҳодисалар юз берган бўлиб, улар одамлар орасида тилдан-тилга кўчиб юрган, тарих саҳифаларида битилгандир. Қуйида шулардан бирини келтирамиз:

Кунларнинг бирида Муҳаммад ибн Восеъ волий ҳузурига кирди, эгнига жунли дағал бир чопон кийиб олган эди. Волий унга:

– Эй Абу Абдуллоҳ, нима учун эгнингизга бундай дағал кийим кийиб олдингиз? – деб сўради. Шайх ўзини эшитмаганга олиб жавоб бермади. Волий шайхга қараб:

– Эй Абу Абдуллоҳ, нега жавоб бермаяпсиз? – деб, қайта сўради. Шунда Муҳаммад ибн Восеъ:

– Зоҳидликдан шундай кийим кийиб олдим, дейишни хоҳламаяпманки, бу билан даражамни кўтаргандай бўлиб қоламан. Йўқчиликдан кийдим, дейишни ҳам истамайманки, бу билан Раббимдан шикоят қилиб қўяман. Мен унисини ҳам, бунисини ҳам хоҳламайман, – деди. Волий:

– Бирон эҳтиёжингиз бўлса, айтинг, бажарамиз, эй Абу Абдуллоҳ? – деди.

– Инсонлардан сўрайдиган менинг бирон ҳожатим йўқ. Фақат мен бир мусулмон биродаримнинг ҳожати учун сизнинг олдингизга келдим. Аллоҳ шу ҳожатни ўталишига изн берган бўлса, сиз шунга сабабчи бўласиз ва мақтовга эга бўласиз, аммо Аллоҳнинг изни бўлмаса, уни сиз ҳам ўтай олмайсиз ва узрли бўласиз.

– Иншааллоҳ, Аллоҳнинг изни билан ўтаймиз, – деди ва шайхга қараб:

– Қазо ва қадар ҳақида нима дейсиз?

– Эй амир, Аллоҳ таоло қиёмат куни бандаларидан қазо ва қадар ҳақида сўрамайди, балки улардан амаллари ҳақида сўрайди.

Волий хижолат бўлганидан жим бўлиб қолди. Муҳаммад ибн Восеъ волий ҳузурида ўтирар экан, тушлик вақти бўлиб таом ҳозирланди. Волий шайхни дастурхонга таклиф қилди, шайх эса буни рад этди. Волий қаттиқ туриб олди. Ҳадеб узр айтган шайхдан аччиқланган волий:

– Таомимиздан тановул қилишни кареҳ кўряпсизми дейман? – деди. Муҳаммад ибн Восеъ:

– Бундай деманг, амир… Аллоҳга қасамки, сиз амирларнинг яхшиларингиз биз учун ўз болаларимиздан ва яқинларимиздан ҳам суюклироқдирсизлар, – деди.

Муҳаммад ибн Восеъ Аздий бир неча маротаба қозилик мансабига таклиф қилинди. Лекин ҳар сафар буни қаттиқ туриб рад қиларди. Қозиликни қабул қилмагани боис озорларга ҳам дуч келарди. Бир куни Басранинг миршаблар бошлиғи Муҳаммад ибн Мунзир шайхни чақиртириб:

– Ироқ амири сизни қозиликка тайинлашимни талаб қилди, – деди. Муҳаммад ибн Восеъ:

– Мени бундай ишлардан озод қилинглар, Аллоҳ сизларни саломат қилсин, – деди. Миршаблар бошлиғи қайта-қайта талаб қилаверди, шайх эса бош тортиб тураверди. Шунда бошлиқ:

– Аллоҳга қасамки, қозиликни қабул қиласиз, ё бўлмаса уч юз дарра урдириб сазойи қилдираман, – деди. Муҳаммад ибн Восеъ:

– Эркинг қўлингда, хоҳлаганингни қилавер. Дунёда азобланган охиратда азоблангандан кўра яхшироқдир, – деди. Миршаблар бошлиғи қилмишидан хижолат чекиб, у кишини қўйиб юборди.

Басра масжидидаги Муҳаммад ибн Восеънинг илм ҳалқаси толиби илмлар учун бир бошпана, ҳикмат ва насиҳат талабгорлари учун эса мусаффо булоқ каби эди. Тарих ва сийрат китобларида бу ҳалқаларга оид хабарлар йиғиб, жамлаб қўйилган. Ана шундай хабарлардан бирида келишича, бир киши Муҳаммад ибн Восеъга:

– Менга насиҳат қилсангиз, эй Абу Абдуллоҳ, – дейди. Муҳаммад ибн Восеъ:

– Дунё ва охиратда шоҳ бўлишингни насиҳат қиламан, – дейди. Шунда насиҳатталаб ҳайрон бўлиб:

– Бунга қандай эришаман? – деди.

– Ўткинчи дунё матоларидан ўзингни тийсанг, одамлар қўлидаги нарсалардан беҳожатлигинг билан дунёда шоҳ бўласан, Аллоҳнинг ҳузурида гўзал ажру-савобларга эришишинг билан эса охиратда шоҳ бўласан.

Бир киши:

– Мен сизни Аллоҳ учун яхши кўраман, эй Абу Абдуллоҳ, – деганида Муҳаммад ибн Восеъ: «Мени Унинг учун яхши кўрганинг Аллоҳ ҳам сени яхши кўрсин», деди-да, ўгирилиб: «Парвардигоро, мени Сен ёмон кўриб, одамлар мени Сен учун яхши кўришларидан Ўзингдан паноҳ тилайман», деб дуо қилди.

Одамларнинг ўзи ҳақида айтган мақтовларини эшитиб қолса ёки улар унинг тақво ва ибодатини гапирсалар, уларга қараб: «Агар гуноҳларнинг ҳиди бўлганида мендан келаётган ҳиднинг бадбўйлигидан биронталарингиз менга яқин кела олмас эдингиз, – дер эди.

Муҳаммад ибн Восеъ шогирдларини Аллоҳ азза ва жалланинг Китобини маҳкам ушлашга ва унинг соясида ҳаёт кечиришга тарғиб қилишдан ҳеч тўхтамас эди. Жумладан, шундай дер эди: «Қуръон мўминнинг бўстонидир. Унинг қаерига тушса ҳам, бир боғга тушган бўлади». Шунингдек, одамларни кам таом ейишга тарғиб қилиб: «Ким камтаом бўлса, идрокли бўлади, бошқага ҳам тушунтира олади, очиқ ва феъли юмшоқ бўлади. Кўп таом ейиш эса, кишининг ўзи истаган кўп нарсалардан тўсиб қўяди», дер эди.

Муҳаммад ибн Восеъ тақво ва парҳезкорликда юқори даражаларга эришди. Бу ҳақда кўп хабарлар ривоят қилинган. Шулардан бирида айтилишича, бир куни Муҳаммад ибн Восеъ эшагини сотгани бозорга олиб чиқади. Бир киши: «Шу эшакни менга раво кўрасизми?» дейди. Муҳаммад ибн Восеъ: «Агар уни ўзимга раво кўрганимда сотмаган бўлар эдим», деб жавоб беради.

Муҳаммад ибн Восеъ ҳаётини гуноҳлардан ташвишланиб, Раббига йўлиқишдан хатарнок бўлиб ўтказди. «Қандай тонг оттирдингиз, эй Абу Абдуллоҳ?» деб сўралса:

– Ажалим яқин, орзуйим катта, амалим эса ножўя, дер ва ҳол сўраган кишида ажабланиш аломатларини кўрса:

– Кун сайин охиратга яқинлашиб бораётган кишининг ҳоли қандай бўлиши мумкин?!»- дер эди.

Муҳаммад ибн Восеъ касал бўлиб, ўлим тўшагида ётиб қолганида зиёратчилар сони кўпайиб, келиб-кетувчилар, турган ва ўтирганлардан уйи одамга тўлди. Буни кўрган шайх ёнларида турган яқинларидан бирига: «Менга айтчи, эрта қиёмат кунида пешона ва оёқларимиздан тутилсак, булар мени сақлаб қола оладиларми? Агар дўзахга улоқтирилсам, булар менга нима фойда бера оладилар?!» – деди ва Раббига юзланиб муножот қила кетди: «Эй Раббим, мен Сендан бирон ёмон жойда турган бўлсам ёки бирон ёмон жойда ўтирган бўлсам ёки бирон ёмон жойга кирган бўлсам ёки бирон ёмон жойдан чиққан бўлсам ёки бирон ёмон амални қилган бўлсам ёки бирон ёмон сўзни айтган бўлсам, шуларнинг барчасини кечиришингни сўрайман, мени кечир. Сенга шуларнинг баридан тавба қиламан, тавбамни қабул эт. Ҳисоб-китобга йўлиқишимдан олдин Сенга таслим бўламан» – деб, жон таслим қилди.

Discussion2 комментария

  1. Assalomu alaykum. Sahobalar va Tobeinlar haqida nashriyotda chiqgan biror bir to’liq kitob bormi? Yoki o’zbek internet to’rida Sahoba va Tobeinlar haqida mavjud bo’lgan biror kitobni tavsiya qila olasizlarmi?

    • IxlosOrg

      Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ!
      Алҳамдулиллаҳ;
      “Тобеинлар ҳаётига чизгилар” китоби чоп этилган.

Изоҳ қолдиринг