Аллоҳнинг исм ва сифатлари: “Шокир” ва “шакур” исмларининг Аллоҳга нисбатан қай маънода қўлланиши

0

Қатода раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг “Албатта, У мағфиратли ва шакур зотдир” (Фотир, 30) сўзини тафсирлаб бундай дейди: “Бандаларнинг гуноҳларини мағфират қиладиган, уларнинг яхши амалларини раҳматсиз (мукофотсиз) қолдирмайдиган Зот[1].

Бошқа ўринда бундай дейди: “Аллоҳ азза ва жалла гуноҳларни мағфират қиладиган, яхши амалларга бир неча баробар ажр-савоб бериб, миннатдор бўладиган (мукофотлайдиган) Зотдир[2].

Хаттобий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Шакур – бандаларнинг озгина тоат-ибодатига миннатдор бўлиб (яъни мукофотлаб), эвазига кўп ажр-савоб берадиган, беҳисоб неъматларини ато қиладиган, шунингдек, уларнинг озгина шукрига рози бўладиган Зот. Аллоҳ таоло (мўминлар жаннатга кирганда айтадиган сўзлари ҳақида) бундай деган: “Дарҳақиқат, Парвардигоримиз мағфиратли ва шакур (озгина амалимизга кўп ажр-савоб ато этадиган) Зотдир” (Фотир, 34).

Аллоҳга нисбатан шукр сифатининг маъноси банданинг озгина тоат-ибодатидан рози бўлиб, қабул этиб, эвазига улкан савоб берадиган Зот дегани, валлоҳу аълам. Аллоҳ азза ва жаллани шакур сифати билан мақташдан (Аллоҳда шакур исми ва сифати бўлишидан) кўзда тутилган мақсад бандаларни оз бўлса ҳам тоат-ибодатга тарғиб этиш бўлиши мумкин. Токи улар кўп амал қилишга кучлари етмаса, оз амалларга беписанд бўлмасинлар, кўпига кучлари етмагани учун озини ҳам ташлаб қўймасинлар[3].

Байҳақий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Шакур – озгина тоат-ибодатга шукр қилиб, эвазига кўп савоб берадиган Зот. Аллоҳнинг шукр қилиши бандага мақтов айтиши маъносида бўлиши мумкин. Бинобарин, шукр сифати Унинг зотида бўлган калом (сўзлаш) сифатига тегишли бўлади[4].

Демак, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бандасини мақтаса, унга шукр қилган бўлар экан.

Абу Муҳаммад Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳ бандаларнинг амалларига мақтов айтса, Ўзининг амалини мақтаган бўлади. Чунки бандаларнинг амалларини Ўзи яратган. Агар берилган неъмат учун берувчини мақтаганга шакур дейилса, Ўзи берган неъмат учун мақтов айтадиган Зот шакур дейилишга ҳақлироқ бўлмасинми?!

Аллоҳ таоло бандаларни мақташи қуйидаги кўринишда бўлади.

Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилувчи аёллар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот (яъни жаннат) тайёрлаб қўйгандир” (Аҳзоб, 35);

Дарҳақиқат, у (Айюб Аллоҳ рози бўладиган йўлга) бутунлай қайтувчидир” (Сод, 44) ва шу каби оятлар. Аслида, булар (бандалардаги мазкур мақтовли сифатлар)нинг барчаси Аллоҳнинг берган неъмати саналади[5].

Саъдий раҳимаҳуллоҳ Аллоҳнинг Шокир ва Шакур исмлари ҳақида бундай деган: “У шундай зотки, оз амалга шукр қилади (яъни рози бўлиб, мукофотлайди), кўп гуноҳларни кечиради, ихлосли бандаларнинг амалларига беҳисоб мукофот беради, шукр қилганларга шукр қилади (яъни мақтайди), эслаганларни эслайди, ким Унга солиҳ амал қилиб яқинлашса, ундан-да кўпроқ унга яқинлашади[6].

[1] Ибн Жарир Табарий. “Ал-жомеул-баён”, 19\366. “Ҳажар” нашриёти. Миср, Қоҳира. 26-жилд. Биринчи босма, 2001 йил.
[2] Собиқ манба, 20\503.
[3] Хаттобий. “Шаънуд-дуо”, 65-66. “Дорус-сақофатул-арабия” нашриёти. Ливан, Байрут. 1-жилд. Учинчи босма, 1992 йил.
[4] Байҳақий, “Ал-эътиқод”, 52-бет. “Дорул-фазила” нашриёти. Саудия Арабистони, Риёз. 1 жилд. Биринчи босма, 1999 йил.
[5] Ғаззолий. “Ал-мақсидул-асно”, 105-106-бетлар. “Ибн Ҳазм” нашриёти. Ливан, Байрут. 1-жилд. Биринчи босма, 2003 йил.
[6] Абдураҳмон Саъдий. “Тайсирул-Карим”, 948-949-бетлар. “Муассасатур-рисола” нашриёти. Ливан, Байрут. Бир жилд. Биринчи босма, 2002 йил.

Изоҳ қолдиринг