Рамазон суҳбатлари (8): Парҳезкор бўлинг

0

Парҳезкор бўлинг

Бу суҳбатимизда диндаги асосий ишлардан бири – парҳезкорлик, яъни ҳаром ва шубҳадан четланиш ҳақида сўз юритамиз.

Парҳезкорлик энг яхши хислатлардан бири бўлиб, у билан ўзингизни кўп ёмонликлардан сақлайсиз.

Бу мавзуда мен учта ҳадиси шарифни айтиб ўтмоқчиман. Аҳли илмлар сўзларига кўра, улар парҳезкорлик мавзусида асос саналади.

Биринчиси Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларидир: «Ҳалол аниқ, ҳаром ҳам аниқ. Улар оралиғида кўпчилик инсонлар билмайдиган шубҳали нарсалар бор. Ким шубҳали нарсалардан сақланса, динини ва обрўсини (нуқсонлардан) поклабди. Ким шубҳалар ичига тушса, у гўё кириш тақиқланган қўриқхона атрофида чорвасини ўтлатаётган чўпонга ўхшайди. Чорваси ўша қўриқхона ичига кириб қолиши хавфи бор. Ҳар бир подшоҳнинг тақиқланган қўриқхонаси бор. Огоҳ бўлинглар, Аллоҳнинг ер юзидаги тақиқланган «қўриқхонаси» Унинг ҳаром қилган нарсаларидир… Огоҳ бўлинглар, жасадда бир парча гўшт бор, агар у яхши бўлса жасаднинг ҳаммаси яхши бўлади, агар у бузилса, жасаднинг ҳаммаси бузилади. У қалбдир»[1].

Бу ҳадисдан ҳалол-ҳаромлиги аниқ бўлмаган шубҳали нарсаларни тарк қилиш лозимлиги тушунилади.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳолатни бир кишига ташбеҳ қилдилар. Унинг ери бор, қўшнисининг ҳам ери бор. Агар унинг қўйлари ўзига қарашли ўтлоқнинг четига келиб қолса, ундан чиқиб, қўшнисининг ерига ўтиб кетиши ва ҳаром ейиши эҳтимоли бор. Аммо ерининг ўртароғида бўлса, подадан ажралган қўй қўшнисининг ерига ўтиб кетмайди ва уни ортига қайтариб кела олади.

Шунга ўхшаш, биз ҳам шубҳали нарсаларни тарк қилишимиз ва улардан узоқ бўлишимиз керак. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, кўп гумонлардан четланинг! Чунки айрим гумонлар гуноҳдир» (Ҳужурот, 12).

Нега Аллоҳ таоло: «Айрим гумонлардан четланинг, чунки айрим гумонлар гуноҳдир» демади? Сабаби, биз гумонларнинг қайси бири гуноҳу қайси бири гуноҳ эмаслигини ажрата олмаймиз. Шу боис кўп гумонларни тарк қиламиз, шунда гуноҳ бўлган гумонлар ҳам бунинг ичига кириб кетади.

Иккинчи ҳадис Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларидир: «Сени шубҳага солган нарсани қўйгин-да, шубҳалантирмайдиган нарсани ол»[2].

Учинчи ҳадис эса: «Яхшилик – гўзал хулқдир. Гуноҳ эса кўнглингни ғаш қиладиган ва одамлар билиб қолишини истамайдиган ишингдир»[3].

Парҳезкорлик бобида келган асосий ҳадислардир.

Демак, биринчиси «Ким шубҳали нарсалардан сақланса, динини ва обрўсини (нуқсонлардан) поклабди» ҳадиси, иккинчиси «Сени шубҳага солган нарсани қўйгин-да, шубҳалантирмайдиган нарсани ол» ҳадиси, учинчиси «Яхшилик – гўзал хулқдир. Гуноҳ эса кўнглингни ғаш қиладиган ва одамлар билиб қолишини истамайдиган ишингдир» ҳадисидир. Ва бу борада биз суянадиган ояти карима: «Эй мўминлар, кўп гумонлардан четланинг! Чунки айрим гумонлар гуноҳдир» (Ҳужурот, 12) оятидир.

Бу оят ва ҳадисларни ўрганиш билан кўп масалалар ва фатволардан беҳожат бўласиз, чунки сиз Аллоҳ розилигини истаб шубҳали нарсаларни тарк қиласиз.

Парҳезкорликнинг турлари бор. Жумладан, фаҳш ишлардан парҳез қилиш.

Машҳур ҳадисни ёдингизга солиб ўтсам, унда ғорга қамалиб қолган кишилардан бири шундай дуо қилади:

«Эй Аллоҳим, амакимнинг қизи бор эди, мен уни жуда севар эдим. Уни тўшакка чорлаганимда бош тортганди. Бир йили қийналиб қолиб, ёрдам сўраб келди. Мен унга у билан зино қилишимга имконият бериши эвазига бир юз йигирма динор бердим. Ва ниҳоят ундан ўз ҳирсимни қондиришга қодир бўлиб турганимда у: «Аллоҳдан қўрқ, муҳрни (яъни бокираликни) ноҳақ бузишинг сенга ҳалол бўлмайди», деди. Шунда мен ундан ўзимни тортдим ва берган тиллаларимни ҳам қайтариб олмадим. Эй Аллоҳим, агар мен шуни Сенинг юзингни истаб қилган бўлсам, мушкулимизни арит». Шунда харсангтош улар сиғмагудек даражада яна бир оз очилди[4].

Ҳадис давомидаги иккинчи кишининг воқеаси ҳаром молни ейишдан парҳез қилишга мисол бўлади. У Аллоҳга илтижо қилиб бундай дейди:

«Мен ишчилар ёллаб ишлатиб, уларнинг ҳақларини бердим. Лекин улардан бири ўз ҳақини олмасдан кетиб қолди. Мен унинг иш ҳақини тижоратда айлантирдим, ундан кўп мол-дунё вужудга келди. Бир қанча вақт ўтгач, у одам келиб: «Эй Аллоҳнинг бандаси, менинг иш ҳақимни бер», деди. Мен унга: «Мана бу кўриб турганинг туя, сигир, қўй ва қуллар сенинг иш ҳақинг ҳисобидан», дедим. У одам: «Эй Аллоҳнинг бандаси, менинг устимдан кулма», деди. Мен: «Сенинг устингдан кулаётганим йўқ», дедим. Шунда у ҳалигиларнинг ҳаммасини ҳайдаб олиб кетди, ҳеч нарса қолдирмади. Эй Аллоҳим, агар мен шу ишни Сенинг юзингни истаб қилган бўлсам, мушкулимизни арит». Шунда харсангтош сурилди ва ғордан чиқиб кетдилар[5].

У ҳаром молдан парҳез қилганини ўртага қўйиб илтижо қилди ва Аллоҳ таоло уларнинг устидаги балони аритди.

Абдуллоҳ ибн Салом разияллоҳу анҳу бир кишига насиҳат қилиб деди: «Сен судхўрлик кенг тарқалган бир жойдасан. Агар бировга қарз берсанг ва у сенга бир сомон вазнича нарса ҳадя берса олмагин, у рибо бўлади»[6].

Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг бир қули ишлаб пул топиб келар эди, Абу Бакр унинг топган пулидан ер эди. У бир куни егулик келтирди ва Абу Бакр ундан еди. Қул: «Бунинг нималигини биласизми?» деди. «Нима эди?» деди Абу Бакр. «Жоҳилият пайтида бир одамга фолбинлик қилган эдим. Аслида фолбинликни яхши билмас, бироқ уни алдаган эдим. Ўшанинг ҳаққини энди берди, бу еганингиз ўшандан эди», деди. Абу Бакр қўлини оғзига солиб, еганини қусиб ташлади»[7].

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам фолбинлик қилиб пул топишдан қайтарганлар.

Саҳобаи киромларнинг ҳаромдан парҳез қилишларини кўрсатувчи бир қанча воқеаларни ҳам мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

Масалан, Умар разияллоҳу анҳу халифалик даврида ўғли Абдуллоҳ шериги билан Кўфага тижорат ёки бир иш юзасидан борган эди. Мадинага қайтаётганида Кўфа амири Абу Мусо Ашъарий унга: «Эй Ибн Умар, бу ерда анчагина закот моли бор, уни отангга элтиб бер. Хоҳласанг, бу пулга бу ердан бирон нарса сотиб ол. Мадинада сотиб, фойдасини оласан ва танини отангга берасан», деди. Ибн Умар ва шериги шундай қилишди. Абдуллоҳда мол-дунё асарини кўрган Умар ундан: «Сенда мол-дунёнинг асарини кўряпман, қаердан келди сенга бу пул?» деб сўради. Абдуллоҳ унга бўлган воқеани айтиб берди. Умар: «Йўқ, бу мол давлатнинг моли, унинг ҳаммасини байтулмолга қайтарасан», деди. «Нега, эй ота, Абу Мусо берган пулнинг ҳаммасини сизга келтириб бердим-ку», деди. «Йўқ, сен закот моли билан тижорат қилибсан, топган фойдангни ҳам бизга топширишинг керак», деди. Ҳар икки томон ўз гапида маҳкам турди, шундан сўнг ишни Умарнинг шўро мажлиси ҳукмига ҳавола қилдилар. Шўро мажлиси фойданинг ярми Ибн Умарга бўлади, қолган ярми молнинг ҳаққи, деб ҳукм қилди. Унга: «Чунки сен закот молини тижорат қилиб кўпайтирган бўласан. Шунинг учун қилган фойдангнинг ярмини оласан ва ярмини байтулмолга берасан», дедилар. Шундай қилиб, Умар разияллоҳу анҳу ўғли Абдуллоҳни бошқа одамлар оладиган нарсадан ортиқча бирор нарса олишдан ман қилди.

Умар разияллоҳу анҳунинг парҳезкорлигига яна бир мисол: ўлжалар тақсимида бошқаларни ўғли Абдуллоҳдан устун қўярди. Абдуллоҳ ибн Умардан олдин ҳижрат қилганларни ва баъзида ҳар жиҳатдан у билан тенг бўлганларни ҳам ундан афзал ўринга қўярди. Бир сафар Усома ибн Зайдга тўрт минг дирҳам, ўғли Абдуллоҳга эса уч минг дирҳам улуш ажратди. Абдуллоҳ ҳайрон бўлиб: «Отажон, Усомага тўрт минг, менга эса уч минг бердингиз. Ваҳоланки, Усоманинг отаси сиздан афзал эмас эди, ўзи ҳам мендан афзал эмас», деди. Умар: «Унинг отаси Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга сенинг отангдан, ўзи эса сендан кўра маҳбуброқ эди», деди.

Парҳезкорлик борасида пайғамбарлар ва саҳобалардан мана шундай гўзал намуналар келган.

Инсон ҳаром молдан парҳез қилганидек, ор-номус ва обрў-эътиборга тажовуз қилишдан ҳам парҳез қилиши керак.

Ойша онамизга туҳмат қилиниши ҳодисасида айримлар оғиз кўпиртириб гапирди. Ўшанда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайнабдан: «Ойша тарафидан бирон ножўя иш содир бўлганини кўрганмисан?» деб сўрадилар. У: «Мен аҳлингиздан фақат яхши ишларни кўрдим», деб жавоб берди. Ойша айтади: «Аллоҳ Зайнабни парҳезкорлик сабабли (фитнадан) сақлади»[8].

Обрў-номусга чанг солишдан сақланиш мол-мулкка чанг солишдан сақланиш билан баробар ёки ундан ҳам яхшироқдир.

Аллоҳ таоло барчамизни парҳезкор ва Ўзидан қўрқувчи бандалардан қилсин. Омин.

[1] Бухорий (52) ва Муслим (1599) ривояти.

[2] Термизий (2518), Насоий (5711), Аҳмад (1723) ва Ибн Ҳиббон (722) ривояти. Шуайб Арноут «Тахриж ал-муснад»да (1727) саҳиҳ деган.

[3] Муслим ривояти, 2553.

[4] Бухорий (5974) ва Муслим (2743) ривояти.

[5] Аввалги манба.

[6] Бухорий ривояти, 3814.

[7] Бухорий ривояти, 3842.

[8] Бухорий (4141) ва Муслим (2770) ривояти.

Изоҳ қолдиринг