Рамазон суҳбатлари (18): Ёлғон гапирманг

0

Ёлғон гапирманг

Бу суҳбатда Aллоҳ ва Расули севмайдиган, пайғамбарлар ва солиҳлар сифатларидан бўлмаган ёмон бир иллатдан ўзимни ва сизларни огоҳлантирмоқчиман. У ёлғончилик иллатидир. Ёлғончи бўлманг. Чунки ёлғон гуноҳга, гуноҳ эса дўзахга етаклайди. Киши ёлғон сўзлашда давом этади, уни ўзига одат қилиб олади, ҳатто Aллоҳ ҳузурида каззоб-ёлғончи деб ёзиб қўйилади. Aллоҳ таоло: «Ёлғончиларга Aллоҳнинг лаънати бўлсин», деган (Оли Имрон, 61). Бошқа оятда ушбу қабиҳ иллатни қоралаб, шундай деди: «Илмсизлиги билан одамларни адаштириш учун Аллоҳ номидан ёлғон тўқиган кимсадан кўра золимроқ ким бор?!» (Aнъом, 144). Илмсиз бўлатуриб Aллоҳ номидан ёлғон тўқийдиган кимсадан кўра золимроқ ҳеч ким йўқ! Ёлғоннинг энг хатарлиси ва энг ёмони Aллоҳ номидан тўқилган ёлғондир. Ёлғон гапириш мунофиқлар сифати бўлса, Aллоҳ номидан ёлғон гапириш кофирлар сифатидир. Aллоҳ номидан ёлғон тўқиш энг ёмон ҳаром ишдир. Aллоҳ айтмаган нарсани айтди, дейиш ёки Aллоҳга туҳмат қилиб Унинг фарзанди бор, дейиш шу жумладандир. Aллоҳ бундай туҳматлардан покдир, Унинг жуфти ҳам, фарзанди ҳам йўқ. Демак, ёлғоннинг энг хатарлиси, энг ёмон ва хунук бўлгани Aллоҳ номидан тўқилган ёлғондир.

Шунингдек, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам номларидан тўқилган ёлғон ҳам ёлғонларнинг энг хатарлисидир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ким қасддан менинг номимдан ёлғон сўзласа, жойини дўзахдан ҳозирлайверсин»[1]. Яъни, ҳозирдан ўзи учун дўзахдан жой қилиб олаверсин.

Ёлғонлар ичида энг хатарлиларидан яна бири қозининг ҳузурида ва маҳкамаларда ёлғон гапириш, яъни ёлғон гувоҳлик беришдир. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг катталари ҳақида хабар берайми?» дедилар. «Ҳа, эй Расулуллоҳ», дейишди саҳобалар. Шунда у зот: «Aллоҳга ширк келтириш ва ота-онага оқ бўлиш», дедилар. Ёнбошлаб ўтирган эдилар, қад ростлаб ўтириб олдилар-да: «Огоҳ бўлинг, ёлғон гапириш ва ёлғон гувоҳлик бериш», дея такрорлайвердилар, ҳатто саҳобалар: «Қанийди, тўхтасалар», деб қолишди[2]. Aллоҳ таоло улуғ китобида мўмин бандаларини сифатлаб шундай дейди: «Улар ёлғон гувоҳлик бермайдилар ва гуноҳ-маъсиятлар қилинадиган мажлисларга ҳозир бўлмайдилар. Тасодифан ботил ва беҳуда ишлар билан машғул бўлган кишилар ёнидан ўтиб қолсалар, юз ўгириб, уларнинг қилмишларини ёқтирмаган ҳолда ўтиб кетадилар» (Фурқон, 72). Ёлғон гувоҳлик бериш энг ёмон ва энг хунук ёлғонлардандир. Чунки у шундай ёлғонки, унинг ортидан бошқа ёмон оқибатлар келиб чиқади. Яъни ҳақ-ҳуқуқлар поймол бўлади. Ёлғон гувоҳлик бериш сабабидан кимдир қамалиб кетиши мумкин. Шунда ёлғон гувоҳлик берган кимса қамалган кишининг гуноҳларини елкасига олади. Маҳбуснинг қамоқда ўтказган ҳар бир куни учун ёлғон гувоҳлик берган киши гуноҳдан бўлган улушини олаверади. Ёлғончилик одамлар ҳуқуқи оёқости бўлишига сабаб бўлади. Мисол учун, киши ёлғондан «бу мол сеники эмас, меники» дейди ёки фалончига тегишли бўлмаган молни унинг моли дейди. Натижада, ёлғон гап билан ҳақ-ҳуқуқлар поймол этилишига сабаб бўлади.

Қаттиқ қораланган ёлғонларнинг яна бири одам асли кўрмаган тушини кўрдим деб даъво қилиши, «тушимда шундай-шундай ишлар бўлди», деб одамларни алдашидир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ёлғоннинг энг ёмонларидан бири киши кўзлари кўрмаган нарсани кўрдим, деб даъво қилишидир»[3]. Яъни, «мен тушимда шундай-шундай нарсаларни кўрдим», деб айтишидир. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Ким кўрмаган тушини кўрдим деса, (қиёмат куни) унга иккита арпа донасини (ёки иккита майда тукни) бир-бирига боғлаш юклатилади ва ҳеч қачон буни уддасидан чиқолмайди»[4]. Яъни, қиёмат куни у одамнинг олдига иккита арпа донаси келтирилиб, «иккаласини бир-бирига боғла», деб буюрилади. У эса буни уддалай олмай, тўхтовсиз азобга гирифтор бўлади. Aллоҳ Ўзи хоҳлаган муддатда ундан бу азобни аритмагунча шу ҳолатида қолади. Демак, кўрмаган тушни кўрдим, деб даъво қилиш энг ёмон ёлғонлардан саналар экан. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ростгўйлик хотиржамлик, ёлғон шубҳа-гумондир»[5], дедилар.

Айтиб ўтганимиздек, ёлғон қасамлар сабабли одамлар ҳақ-ҳуқуқи поймол этилади. Хоссатан, ёлғон қасам аср намозидан кейин содир бўлса, ушбу қасам эгаси қиёмат кунида Aллоҳ унга ғазаб қилган ҳолида У Зотга йўлиқади. Ҳадисда келади: «Ким ёлғон қасам ичиб, шу сабабли мусулмон кишининг молини ўзлаштириб олса, Aллоҳ унга ғазаб қилган ҳолда йўлиқади»[6]. Бошқа бир ҳадисда эса: «Уч киши борки, қиёмат кунида Aллоҳ унга сўзламайди, уни покламайди ва унга оғриқли азоб бордир», деб, улардан бири асрдан кейин ёлғон қасам билан бировнинг молини ўзлаштириб олган кимса эканини айтганлар[7]. Мусулмоннинг молини ўзлаштириб олиш учун аср намозидан кейин Aллоҳ номи билан қасам ичган одамнинг жазоси шудир. Уламолар бу қасамни «ботирувчи қасам» (ғамус) деб атайдилар. Чунки у эгасини жаҳаннам оловига ботиради. Ёлғон қасам инсоннинг дўзах оловида куйишига сабаб бўлади.

Ёлғончи бўлишдан эҳтиёт бўлинг. Ёлғончи бўлманг. Унинг ҳар қандай кўринишларидан четланинг. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Иккиюзламачи энг ёмон одамлардан биридир. У бировларга бир юз билан, бошқа бировларга эса бошқа юз билан келадиган кишидир»[8]. Бир аёл Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Эй Расулуллоҳ, менинг кундошим бор. Aгар мен эрим бермаган нарсани берди, деб даъво қилсам гуноҳкор бўламанми?», деди. Шунда у зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ўзига берилмаган нарсани берилди, деб гап тарқатган киши иккита ёлғон кийим киювчига ўхшайди»[9].

Ёлғон гапиришдан ва ёлғонга одатланиб қолишдан эҳтиёт бўлинг! Чунки ёлғонингиз одамларнинг сизга бўлган ишончини йўққа чиқаради, одамлар сизга ортиқ ишонмайдиган бўлиб қолишади. Aгар халқ ичида ёлғончилик билан танилиб қолсангиз, Aллоҳ таоло ҳузурида ҳам, одамлар олдида ҳам юзингиз қора бўлиб, каттаю кичик сиздан нафратланадиган бўлиб қолади.

Ҳар бир қоиданинг истисноси бўлганидек, баъзи ўринларда ёлғонга рухсат берилган. Масалан, урушда ёлғон гапириш. Чунки душманга қарши жанг алдовдан иборатдир. Aгар душманга рост сўзлаб, биродарларингиз турган жойни рўй-рост айтиб берадиган бўлсангиз, улар биродарларингизни ўлдиришади. Бинобарин, урушдаги ёлғон умумий қайтарилган ёлғондан истисно қилинди. Шунингдек, одамлар орасини ислоҳ қилиш учун ёлғон гапириш ҳам жоиз. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Одамлар ўртасини ислоҳ қилиш мақсадида ўзи тарафидан яхши сўзларни қўшиб етказадиган ёки яхшиликни гапирадиган киши ёлғончи бўлмайди»[10]. Гоҳида киши аёлини рози қилиш мақсадида унга ёлғон гапириши ҳам шу қабилдандир. Аммо бу аёлининг ҳақларини зое қилиш мақсадида бўлмаслиги, балки уни рози қилиш учун бўлиши керак. Масалан, аёлини у даражада яхши кўрмаса ҳам, унга «Мен сени қаттиқ яхши кўраман» деб айтиши жоиз. Шунингдек, аёл ҳам эрига: «Сиз каби инсонни ҳеч ҳам кўрмаганман», деб айтса, ёлғон гапирган бўлмайди. Чунки ҳақиқатдан ҳам унга ўхшашини кўрмаган бўлади. Зеро, Aллоҳ таолонинг оят-мўжизаларидан бири тилларимиз, рангларимиз ва кўринишимизни турлича қилиб қўйганидир. Қолаверса, бу каби сиртдан қараганда мақтовли сўзлар эр-хотинлик алоқаларининг кучайишига сабаб бўлади. Бироқ бундай шамали, қочиримли сўзларни фақат эҳтиёж тушганда, тор доирада қўллаш лозим. Aслида эса, инсон тилини ростгўйликка, ўзини ёлғондан узоқ юришга ўргатиши керак бўлади.

 Ёлғон одамларга туҳмат қилиш учун ишлатилса, гуноҳи янада каттароқ ва ёмонроқ бўлади. Масалан, иффатли солиҳа аёлни зинода, фоҳишаликда айблаш ҳам ёлғоннинг энг ёмон ва қабиҳ турларидан биридир.

Ёлғонни гуноҳи катталигига қараб тартиблайдиган бўлсак, Aллоҳ номидан сўзланган ёлғон энг ёмони, сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам номларидан айтилган ёлғон, сўнг ёлғон гувоҳлик бериш, сўнг оилали, покиза, мўмина аёлларга бўҳтон қилиб, зинода айблаш, сўнг одамларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлишига сабаб бўладиган ёлғон ва ниҳоят ёлғон қасам ичишдир. Ёлғоннинг барча кўринишларидан, барча турларидан қаттиқ эҳтиёт бўлинг. Aллоҳ таолодан барчамизни ушбу қабиҳ иллатдан сақлашини сўрайман. Aллоҳ барчамизни ёмон хулқлардан муҳофаза қилсин. Омин.

[1] Бухорий (110) ва Муслим (2134) ривояти.

[2] Бухорий (5976) ва Муслим (87) ривояти

[3] Бухорий ривояти, 3509.

[4] Бухорий (2225) ва Муслим (2110) ривояти.

[5] Термизий (2518), Аҳмад (1723) ва Насоий (5711) ривояти. Албоний «Саҳиҳ сунан ат-Термизий»да саҳиҳ деган.

[6] Бухорий (6676) ва Муслим (138) ривояти.

[7] Бухорий (2672) ва Муслим (108) ривояти.

[8] Бухорий (6058) ва Муслим (2526) ривояти.

[9] Бухорий (5219) ва Муслим (2130) ривояти.

[10] Бухорий (2692) ва Муслим (2605) ривояти.

Изоҳ қолдиринг