Рамазон суҳбатлари (19): Зинога яқинлашманг

0

Зинога яқинлашманг

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, барчамиз бу муборак ойда кундузи рўза тутамиз, кечалари нафл намоз, зикр ва тиловат билан машғул бўлишга, садақа ва эҳсон каби яхшиликлар қилишга интиламиз.

Яхшиликларга бел боғлаш билан бирга ёмонликлардан, Аллоҳ таоло қайтарган ишлардан узоқ бўлишимиз ҳам зарур. Шундай ишлардан бири зинодир. Зинога яқинлашманг! Аллоҳ таоло деди: «Зинога яқинлашманг! Зеро, зино ўта қабиҳ иш ва жуда ёмон йўлдир» (Исро, 32).

Шариатимизда бундай жирканч ишга олиб борадиган, унга сабаб бўладиган барча йўллар тўсилган.

Афсуслар бўлсин, шундай улуғ кунларда ҳам ҳаёсиз сериаллар намойиш этилмоқдаки, улар одоб-ахлоқнинг бузилишига олиб боради. Аллоҳ бу ишлардан рози бўлмайди. Аллоҳ асрасин.

Шариатимиз зинога олиб борадиган барча йўлларни тўсган. Уларнинг бошида зинога элтувчи восита бўлган номаҳрамларга қараш туради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: «Эй Пайғамбар, мўминларга айтинг, ўзларига ҳалол бўлмаган аёллар ва авратларга қарашдан кўзларини тийсинлар ва жинсий аъзоларини Аллоҳ ҳаром қилган ишлардан сақласинлар. Мана шу улар учун энг покиза ишдир. Албатта, Аллоҳ улар нима қилаётганидан хабардор Зотдир. Мўмина аёлларга ҳам айтинг, кўзларини ўзлари учун ҳалол бўлмаган авратларга қарашдан сақласинлар, жинсий аъзоларини Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан тийсинлар» (Нур, 30-31).

Биз Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга қарашдан қайтарилганмиз. Айниқса, кўча-кўйда очиқ-сочиқ юрган аёлларга қараш, ойнаи жаҳонда ёки ижтимоий тармоқларда намойиш этилаётган сериалларни кўриш, газета ва журналлардаги суратлар, дўконларда сотиладиган ички кийимлар, хуллас зинога сабаб бўладиган ҳар қандай нарсага қарашдан ман қилинганмиз. Аллоҳ таоло деди: «Албатта, инсон қулоғи, кўзи ва қалбини нимага ишлатгани ҳақида сўроққа тутилади» (Исро, 36).

Шунингдек, инсонни жунбушга келтириб, фаҳшга етаклайдиган қабиҳ сўзларни тинглашдан ҳам қайтарилганмиз. Юқорида айтганимиз оят бунга далил бўлади.

Номаҳрам аёллар билан холи қолишдан ҳам қайтарилганмиз. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Киши номаҳрам аёл билан бир жойда холи қолса, албатта, учинчилари шайтон бўлади»[1].

Бошқа бир ҳадисда эса: «Аёллар олдига киришдан сақланинглар», деб айтганларида ансорлардан бир киши: «Эй Расулуллоҳ, эрнинг яқинларига нима дейсиз?» деди. «Эрнинг қариндошлари ўлимдир» дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам[2].

Яъни, аёл эрининг ака-укаси ёки амакиваччаси каби кишилар билан холи қолишининг хатари ўлим хатари билан баробардир. Кўпчилик буни енгил санайди, натижада, нохуш ҳолатлар содир бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам зинога восита бўлган бундай ишларнинг йўли тўсилган.

Зинога элтувчи йўллардан яна бири аёлларнинг маҳрамсиз сафар қилишидир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган аёлнинг маҳрамсиз сафар қилиши ҳалол бўлмайди»[3]. Чунки аёл кишининг маҳрамсиз сафар қилиши унинг фосиқлар қўлига тушиб, ор-номуси поймол бўлишига ва шайтон унга йўл топишига сабаб бўлиши мумкин.

Аёллар овозларини майин қилиб гапиришдан қайтарилганлар. Аллоҳ таоло айтади: «Бегона эркаклар билан сўзлашганда мулойим овоз билан сўзлашмангки, қалбида фисқу фужур ва марази бўлган кимса сизлардан ёмон мақсадига эришишни умид қилиб қолмасин» (Аҳзоб, 32).

Бошқа бир оятда эса: «Бироқ иддада ўтирган аёллар билан зино қилишга хуфёна ваъдалашишдан ёки турмуш қуришга келишишдан сақланинглар. Уларга уйланиш ниятингиз борлигини очиқча айтмасдан, балки шунга ишора қиладиган сўзлар билан шама қилишингиз бундан мустаснодир» (Бақара, 235), деб марҳамат қилган.

Аёллар ясан-тусан қилиб, ноз-карашма билан ўзини кўз-кўз қилишдан қайтарилган. Чунки бундай қилишлари кўпинча фаҳшга, зинога сабаб бўлади. Аллоҳ таоло деди: «Исломдан илгари жоҳилият даври аёллари қилганидек очиқ-сочиқ юрманглар» (Аҳзоб, 33).

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларни дўзахдан огоҳлантириб бундай деганлар: «Дўзах аҳлидан бўлган икки тоифа одамлар борки, мен ҳали уларни кўрмаганман. Биринчиси қўлларида сигирнинг думига ўхшаш қамчилари бўлган, улар билан одамларни урадиган тоифадир. Иккинчиси эса (баданини тўсмайдиган даражада) кийим кийган, аслида эса яланғоч, эркакларга мойил бўлган, (жамолини кўз-кўз қилиш билан) эркакларни ҳам ўзига мойил қиладиган аёллардир. Уларнинг бошлари (сочларига ўралган ёхуд қистирилган нарсалар сабабидан) туянинг эгик ўркачи каби дўмпайиб туради. Бундай аёллар жаннатга кирмайдилар, унинг ҳидини ҳам топмайдилар. Жаннатнинг ҳиди фалон-фалон масофадан келиб туради»[4].

Зинога яқинлаштирадиган ишлардан яна бири номаҳрам аёллар билан қўл бериб кўришишдир. Биз бундан қайтарилганмиз. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизлардан бирортангизнинг бошига бигиз суқилиши ўзига ҳалол бўлмаган аёлга қўл теккизишидан яхшироқдир»[5] .

Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен аёллар билан қўл бериб кўришмайман. Менинг юзта аёлга айтган сўзим битта аёлга айтган сўзим кабидир», деганлар[6]. Яъни аёллардан биттама-битта байъат олмайман, деганлар.

Ойша разияллоҳу анҳо Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида бундай деганлар: «Огоҳ бўлинглар! Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўллари бирон (бегона) аёлнинг қўлига ҳаргиз тегмаган, аёллар билан байъат қилсалар, сўз билан байъат қилар эдилар»[7].

Шундай экан, азиз рўзадор биродарлар, фаҳш, мункар ишлардан ва унга элтувчи сабаблардан ҳазар қилинг, уларга яқин йўламанг. Зинокор икки дунёда шармандаси чиқиб, бадном бўлишини асло унутманг!

Зино сабаб неча-неча жигарлар – ака-ука, опа-сингиллар юз кўрмас бўлиб кетишган, қанча кишилар ҳаёти остин-устин бўлиб кетган, қанча мусибатлар, фожеалар рўй берган.

Зинокор бу дунёда шарманда бўлиб, иснодга қолса, охиратда азоб-уқубатга лойиқ бўлади.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мен яланғоч эркак ва аёлларни тагидан олов ёқилган тандирда авратлари куйдирилаётганини кўрдим. «Улар ким?» деб сўраган эдим, «Улар зинокор эркак ва зинокор аёллар», деб айтишди»[8].

Олов зинокорнинг бу дунёда саноқли дақиқалар лаззатланган авратини куйдиради. Қанча куйдиришини Аллоҳ билади, Аллоҳ хоҳлаганича куйдиради.

Зино сабаб насаблар бузилади. Бировнинг боласи бошқа бировга тиркалади. Зинокор эркак оилали аёл билан зино қилса, туғилган бола ҳақиқий отаси бўлмаган одамга нисбат берилади. Натижада, ҳақ-ҳуқуқлар поймол бўлиши, меросга ноҳақ эга чиқиш каби ножўя ишлар ўртага чиқади.

Зино турли касалликларнинг пайдо бўлишига ва одамлар орасида кенг тарқалишига сабаб бўлади.

Зино сабаб обрў-эътиборли кишилар шарманда бўлади, бир лаҳзада обрў-эътиборидан мосуво бўлиб, одамлар назаридан тушади. Аллоҳ таоло деди: «Улар зино қилмайдиган кишилардир. Ким юқорида айтилган гуноҳи кабиралардан биронтасини қилса, охиратда жазога йўлиқади. Қиёмат куни унга азоб бир неча баробар қилиб берилади ва у азобда хор ва ҳақир ҳолда абадий қолади» (Фурқон, 68).

Сиз ўз онангиз, опа-синглингиз, қизингиз ёки амма ва холангиз зино қилишига рози бўласизми? Унда қандай қилиб бошқаларнинг онаси, опа-синглиси, қизи, амма ёки холаси зино қилишига рози бўласиз?

«Экканингни ўрасан» деган гапни унутманг. Қандай амал қилсангиз, шунга яраша жазо, ё мукофот оласиз.

Зино қилганингизни биров билмай, бу дунёда қутулиб қолишингиз мумкин, бироқ охиратдаги қаттиқ ва аламли азобдан асло қутула олмайсиз.

Шариатда зинонинг жазоси жуда оғир қилиб белгиланган. Турмуш қурмаган зинокор аёл ва зинокор эркакнинг жазоси ҳар бирига юз дарра уришдир. Уларга жазони ижро этиш асносида мўминлардан бир гуруҳи ҳозир бўлишлари лозим. Агар зинокор аввалда турмуш кўрган бўлса, ўлгунича тошбўрон қилинади. Бу жиноятнинг нақадар жирканч ва манфур эканига далилдир.

Эй мусулмонлар, охиратда авратлари куйдириладиган зинокор эркак ва аёллар тушган тубанликка тушиб қолишдан эҳтиёт бўлинг! Фаҳш-мункарни ташвиқ қилувчи ва нафсни жунбушга келтирувчи сериалларни кўришдан сақланинг! Не умидлар билан тутаётган рўзангиз савобини кетказиб қўйманг! Таровеҳ намозларини ўқир экансиз, сериалларда кўрган саҳналар кўз ўнгингизда гавдаланиб, намоздаги хушунинг йўқолишига сабаб бўлади. Ойнаи жаҳон ва ижтимоий тармоқларда кўрганларингизни шайтон алайҳи лаъна эсингизга солиб, намозда ўқиётган оятларни тадаббур ва тафаккур қилишдан сизни чалғитади.

Шунинг учун ҳамиша, ҳар доим ва хусусан шундай муборак ой – рамазон кунлари ва тунларида ҳар хил сериал ва кўрсатувлар кўришдан четланинг. Бундай сериал ва кўрсатувларни тарқатаётганлар одамларни фаҳш ва разилликка ундаб, уларни Аллоҳнинг динидан бурмоқчи бўладилар. Яна бир бор Аллоҳ таолонинг «Албатта, инсон қулоқ, кўз ва қалбини нималарда ишлатгани ҳақида сўроққа тутилади» (Исро, 36) деган сўзини эслатиб ўтаман.

Зинодан огоҳ этиб қуйидаги сўзларни айтган киши нақадар ҳақ сўзлаган: «Қараш, жилмайиш, саломлашиш, келишиш ва учрашиш… Зинога элтувчи бу ишларни ўз ўрнида яхшиликка ишлат, ёмонликка ишлатма. Зинога олиб борадиган барча йўлни беркит».

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Болаларингизни етти ёшида намозга буюринглар, ўн ёшида намозга бепарволик қилса уринглар ва (ўғил-қизларнинг) ётоқ жойларини ажратиб қўйинглар»[9].

Буларнинг бари зинога олиб борувчи йўлларни тўсиш учун айтилган.

Аллоҳ таоло барчамизни, аҳли-оиламиз ва фарзанду зурриётимизни бундай фаҳш-мункарлардан сақласин. Омин.

[1] Термизий (2165) ривоят қилган, Албоний «Саҳиҳ сунан ат-Термизий»да саҳиҳ деган.

[2] Бухорий (5232) ва Муслим (2172) ривояти.

[3] Бухорий (1862) ва Муслим (1338) ривояти.

[4] Муслим (2128) ва Аҳмад (8665) ривояти.

[5] Табароний «Ал-мўъжам ал-кабир»да (20/211, 486) ривоят қилган, Албоний «Саҳиҳ ал-жомеъ»да (5045) саҳиҳ деган.

[6] Насоий ривояти, 4181. Албоний «Саҳиҳ сунан ан-Насоий»да (4192) саҳиҳ деган.

[7] Бухорий (5288) ва Муслим (1866) ривояти.

[8] Бухорий ривояти, 7047.

[9] Абу Довуд (495) ва Аҳмад (6756) ривояти. Албоний «Саҳиҳ ал-жомеъ»да (5868) ҳасан деган.

Изоҳ қолдиринг