Рамазон суҳбатлари (20): Сергап бўлманг

0

Сергап бўлманг

Бу муборак ойда сергап бўлманг. Сергаплик деганда бефойда сўзларни кўп гапиришни назарда тутмоқдамиз.

Камгап бўлинг. Чунки қанча кўп гапирсангиз шунча кўп хато қиласиз.

Кўп гапириш виқорингизни кетказади.

Кўп гапириш одамлар гапингизга қулоқ солмай қўйишига сабаб бўлади. Тўғри-да, бефойда сўзларни кўп гапирсангиз сўзингизни тинглашдан нима фойда?!

Камгаплик пайғамбарларнинг, хусусан пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одатлари эди. Мўминлар онаси Ойша разияллоҳу анҳо айтади: «Пайғамбаримиз гапирсалар сўзларини санаса бўладиган даражада оз гапирардилар»[1].

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп гапиришдан огоҳлантириб бундай деганлар: «Менга энг суюклигингиз ва қиёмат куни менга энг яқин бўладиганингиз хулқи энг гўзалингиздир. Менга энг ёқмайдиганингиз ва қиёмат куни мендан энг узоқ бўладиганингиз оғиз тўлдириб, тинмай гапирадиган сергапингиздир»[2].

Кўп гапириш инсонни ғийбатга, одамлар шаънига ёмон сўзлар айтишга, чақимчиликка, турли хато-камчиликларга етаклайди. Оқибатда, одамлар маломатига қолиб кетасиз.

Аллоҳ таоло айтади: «Уларнинг пичир-пичирларининг кўпида бирон яхшилик йўқдир. Аммо пичирлашар экан, садақа беришга, бирон яхшилик қилишга ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бошқа. Ким бу ишларни Аллоҳ ризосини истаб қилса, эртага унга улуғ мукофот беражакмиз» (Нисо, 114).

Бошқа оятда бундай дейди: «Дарҳақиқат, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида қўрқув ва умид билан бўйин эгувчи, беҳуда – фойдасиз сўз ва амаллардан юз ўгирувчи кишилардир» (Мўъминун, 1-3).

Аллоҳ таоло суйган бандаларини васфлаб айтади: «Улар ёлғон гувоҳлик бермаслар ва беҳуда сўз ёки амал олдидан ўтсалар, ундан юз ўгирган ҳолларида ўтурлар» (Фурқон, 72).

Яна бир оятда дейди: «Қачон беҳуда сўзни эшитсалар, ундан юз ўгирурлар ва: “Бизларнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизларнинг амалларингиз ҳам ўзларингиз учундир. Омон бўлинглар. Бизлар нодон кимсалар билан ҳамсуҳбат бўлишни истамаймиз”, дерлар» (Қасас, 55).

Имкон қадар оз сўзлашга ҳаракат қилинг. Исломий ахлоқлар шахсиятингизда акс этмоғи лозим. Сизнинг ўзингизга хос исломий одоб-ахлоқингиз, хусусиятингиз бор. Шулардан четга чиқманг.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши сўз гапирсин, ё сукут қилсин»[3]. Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бир гапни айтмоқчи бўлсангиз-у, унинг яхши ё ёмон гаплигида иккилансангиз, сукут қилишингиз лозим бўлади». Негаки, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам «яхши сўз гапирсин, ё сукут қилсин», деганлар. Бошқа бир ҳадисда: «Ким сукут қилса, нажот топади», деганлар[4].

Шуни яхши билингки, кўп гапириш инсонни хато қилишга дучор қилади, номаи аъмолини қорайтиради. Кўп гапирсангиз қиёмат куни номаи аъмолингиз ҳуда-беҳуда гаплар билан тўлганини кўрасиз. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ таоло ҳуда-беҳуда гапиришни, кўп савол беришни, мол-дунёни зое қилишни ёмон кўради»[5].

Гапиришингиз керак бўлса, у ҳолда гапингиз орасида Аллоҳ таоло зикрини кўпайтиринг, одамларни яхшиликка буюринг, ёмонликдан қайтаринг.

Айтаётган ҳар бир сўзимиз ёзиб борилади.  Аллоҳ таоло айтади: «Инсон бирон сўзни талаффуз қилса, албатта унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олади)» (Қоф, 18).

Бошқа оятда шундай дейди: «(Сўнг ҳар бир кишининг) номаи аъмоли ўртага қўйилади. Ўшанда гуноҳкорларнинг унда битилган нарсалардан даҳшатга тушиб: «Шўримиз қурсин, бу қандоқ китобки, на кичик ва на катта гуноҳни қолдирмай, барчасини ҳисоблаб-битиб қўйибди», дейишларини кўрасиз. Улар қилиб ўтган барча амалларини ҳозиру нозир ҳолда топадилар. Парвардигорингиз ҳеч кимга зулм қилмас» (Каҳф, 49).

Ҳар бир сўзимиз ёзиб борилади, ҳар бир сўзимиз саҳифамизга битилади. Номаи аъмолингизни беҳуда сўзлар билан тўлдиришдан эҳтиёт бўлинг. Айтмоқчи бўлган гапингизда фойда бўлмаса, албатта гапирмаслик лозим. Аллоҳ таоло айтади: «Ҳали улар: “Учтадир, тўртинчилари итларидир”, десалар, айримлари: “Улар бешта бўлиб, олтинчилари итларидир”, деб аниқ билмаган нарсалари ҳақида гапирадилар. Яна: “Улар еттитадирлар, саккизинчилари итларидир”, ҳам дейдилар. (Эй Муҳаммад), “Уларнинг саноғини энг яхши биладиган зот Парвардигоримдир. Уларни жуда оз киши билур”, денг» (Каҳф, 22).

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ҳақ эканини била туриб тортишувни бас қилган кишига жаннатда бир уй берилишига мен кафилман»[6].

 Марям алайҳассалом Аллоҳ таолонинг «Бўл» деган сўзи ила ҳомиладор бўлгани ҳақида Қуръонда бундай дейилган: «Аллоҳ наздида Исонинг отасиз туғилишининг мисоли худди Одамнинг мисоли кабидир. Аллоҳ уни тупроқдан яратиб, сўнгра «Бўл», деди ва у жонли одам бўлди» (Оли Имрон, 59).

 Шунда Аллоҳ таоло Марямга деди: «Агар бирон одамзодни кўриб қолсанг (ва у сендан бу боланинг отаси ҳақида сўраса) у ҳолда: “Мен Раҳмон йўлида гапирмасликни назр (аҳд) қилганман. Шунинг учун бугун бирон инсонга сўзламайман”, дегин» (Марям, 26). Чунки Марям одамларга: «Ҳузуримга Жаброил келди. Кейин фалон-фалон ишлар содир бўлди», деса ҳеч ким ишонмайди, буни гапиришининг фойдаси йўқ. Шу сабабли Аллоҳ таоло унга гапирмасликни буюрди.

Фаришталар Лут алайҳиссаломнинг қавмини ҳалок қилиш учун кетаётиб, йўлда Иброҳим алайҳиссалом олдига кирганларида Иброҳим алайҳиссалом аввалига улардан қўрққан эди. Лекин кейин қўрқуви босилди. Аллоҳ таоло айтади: «Иброҳимдан қўрқув кетиб, унга хушхабар етгач, у Биз (яъни, фаришталаримиз) билан Лут қавми (яъни уларни ҳалок қилишга шошмаслик) ҳақида баҳслаша бошлади. Зотан, Иброҳим ҳалим, кўнгилчан ва ибодатли кишидир. (Фаришталар айтдилар): “Эй Иброҳим, бу баҳсни қўй. Чунки Парвардигорингнинг фармони келиб бўлган. Албатта, уларга қайтариб бўлмас азоб келувчидир”» (Ҳуд, 74-76). Яъни, Раббингнинг фармони келса, энди у ҳақда сўз юритиш бефойда. Демак, гапириш ортидан бирон фойда чиқмаса, гапирманг. Бу ҳам фойдага интилиш саналади. Шундай гўзал ва муборак кунларда Қуръон ўқиш, зикр, истиғфор ва Пайғамбаримизга саловат айтиш каби саҳифаларимизни мунаввар қиладиган яхши сўзларни гапиришга ҳарис бўлайлик. Сергап бўлмайлик.

Йиғинларда ҳаммани оғзингизга қаратиб, кўп гапираверманг. «Мен фалон ишни қилганман, мен фалон жойда бўлганман, мен… мен…» дея ўзингизни мақтайверманг. Фақат ўзингиз ҳақингизда гапириб, дунёда сиздан яхши инсон йўқлигини исботлашга уриниб, ўзингизни яхши кўрсатиш пайида бўлманг. Буларнинг барчасидан узоқ бўлинг. Виқорли-салобатли бўлинг, тавозели бўлинг, камтар бўлинг, вазмин бўлинг, асло кўп гапирувчи бўлманг. Юқорида айтиб ўтганимиздек, кўп гапирсангиз салобатингиз кетади, хатоларингиз кўпаяди, камчиликларингиз ошади, беҳуда сўзингиз ортади. Шунингдек, Аллоҳнинг буйруғига хилоф иш тутган, Раббингиз ёмон кўрган ишга қўл урган бўласиз.

Сергап бўлишдан эҳтиёт бўлинг. Негаки, сергаплик орқали шайтон сизни хатоларга бошлайди. Шуни билингки, ҳеч қачон «Алҳамдулиллаҳ» деганингиз ё Аллоҳни зикр қилганингиз учун афсусланмайсиз. Лекин бир кун келиб дунёда ё охиратда одамлар ҳақида ёмон сўзларни гапирганингиз ёки ножўя сўзни айтганингиз учун надомат чекасиз.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Киши беэътибор бир сўзни айтиб қўяди-да, сўнг шу сўзи сабабли машриқ билан мағриб ўртасидаги масофадан ҳам узоқроқ масофага дўзахга тушади»[7].

Ҳасан даражасига чиқадиган ҳадисда у зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Одамларни юзтубан (ёки бурунларини ишқаб) дўзахга улоқтирадиган фақат тилларининг маҳсули – гапирган гаплари эмасми?!»[8].

Тилнинг ёмон маҳсулидан эҳтиёт бўлинг. Беҳуда гаплар, ғийбат, ўзгаларни камситиш, устидан кулиш шулар жумласидан. Сергап бўлманг, балки виқорли бўлинг, Аллоҳни зикр қилувчи, шукр қилувчи бўлинг. Аллоҳ таоло барчамизга баракасини ёғдирсин, ёмонликлардан сақласин, ушбу муборак кунларда ажр-савобларни ғанимат қилиб берсин. Омин.

[1] Бухорий (3567) ва Муслим (2493) ривояти.

[2] Термизий (2018) ва Ибн Ҳиббон (482) ривоят қилган, Албоний «Саҳиҳ сунан ат-Термизий»да саҳиҳ деган.

[3] Бухорий (6018) ва Муслим (47) ривояти.

[4] Термизий (2501) ва Аҳмад (6481) ривояти. Албоний «Саҳиҳ ал-жомеъ»да (6367) саҳиҳ деган.

[5] Бухорий (1477) ва Муслим (593) ривояти.

[6] Абу Довуд «Сунан»да (4800) ривоят қилган, Албоний «Саҳиҳ сунан Абу Довуд»да саҳиҳ деган.

[7] Бухорий (6477) ва Муслим (2988) ривояти.

[8] Термизий (2616) ривоят қилган, ҳасан ҳадис.

Изоҳ қолдиринг