Рамазон суҳбатлари (21): Фитначи бўлманг

0

Фитначи бўлманг

 Бу суҳбатимизда ўзимни ва биродарларимни огоҳлантириб айтаман: фитначи бўлманг! Фитначи бўлманг, яъни одамларнинг диндан юз ўгиришларига сабабчи бўлманг. Зеро, одамларни фитналантириш деганда уларни диндан тўсиш назарда тутилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди: «Фитна қотилликдан ёмонроқдир» (Бақара, 191). Оятда айтилган фитнадан мурод одамларни диндан тўсишдир. Демак, одамларни диндан тўсиш қотилликдан ёмон экан. Фараз қилайлик, икки киши бор. Бири одам ўлдирди, иккинчиси одамни диндан чиқишига, кофир бўлишига сабабчи бўлди. Қай бирининг жинояти ёмонроқ деб ўйлайсиз? Албатта, бир одамни диндан чиқишига сабаб бўлган инсоннинг жинояти одам ўлдирган инсоннинг жиноятидан ёмонроқдир. Бунинг далили Аллоҳ таолонинг ушбу сўзидир: «Фитна қотилликдан ёмонроқдир» (Бақара, 191). Ўлдирилган одам жаннатга кириши мумкин, аммо диндан чиққан эса дўзахга тушади. Демак, одамларни фитналантириш уларни ўлдиришдан ёмонроқ экан.

Фитначи бўлманг! Одамларни фитналанишига сабабчи бўлманг!

Қуръонда мўминлар бундай дуо қилиши айтилади: «Раббимиз, бизларни кофир кимсаларга фитна қилмагин» (Мумтаҳана, 5). «Раббимиз, бизларни золимларга фитна қилмагин» (Юнус, 85). Олимлар ушбу оятлар тафсирида икки хил маънони айтишган. Биринчиси, «Эй Раббимиз, кофир кимсаларни устимиздан ғолиб қилма. Агар шундай қилсанг, улар ўзларини ҳақмиз дея ўйлаб қолишади. Натижада, залолатда ва ҳақни қўйиб ботилга юзланишда бардавом бўлишади». Бу биринчи маъно. Иккинчиси эса, «Эй Раббимиз, кофирлар ҳақ диндан юз ўгиришига бизларни сабабчи қилмагин. Агар биз одамларни диндан юз ўгиришига сабаб бўлсак, азобга дучор бўламиз».

Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзини яхшилаб тафаккур қилинг: «Ичган қасамларингизни аҳдлашган кишиларингизни алдаш воситаси қилиб олмангиз. Акс ҳолда, қадами мустаҳкам ўрнашганидан кейин тойиб кетган кишига ўхшаб, сизлар ҳам тинч-хотиржам бўлганингиздан сўнг ҳалок бўлиб кетасиз ва бу дунёда Аллоҳнинг йўлидан тўсганингиз, яъни бошқалар сизлардан бу хиёнатни кўришлари ортидан бу диндан юз ўгиришларига сабаб бўлганингиз туфайли сизларни ёмон аҳволга соладиган азобни тотасиз ҳамда охиратда ҳам сизлар учун улкан азоб бўлгай» (Наҳл, 94).

Айтайлик, сиз соқол қўйган, оқ кийим кийган, виқорли бўлсангиз, хуллас, шакл-шамойилда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга ўхшашга ҳаракат қилган бўлсангиз, одамлар сизнинг гўзал услубда сўзлашингизга, чиройли кўринишда юришингизга қараб сизни яхши кўра бошлайди. Сизга яқин бўлишга ҳаракат қилишади, сизнинг йўлингизга эргашиш ниятида бўлишади. Кейин улардан бири тижоратда айлантиришингиз учун сизга пул беради. Сиз эса унинг пулини ўзлаштириб оласиз. Энди, у нима қилади, деб ўйлайсиз? Албатта, дин ва диндорларни ёмон кўриб, улардан узоқлашади. Сиз шунга сабабчи бўлдингиз.

Ёки биров билан аҳдлашиб, аҳдга вафо қилмайсиз. Одамлар сизнинг аҳдга вафо қилмаслигингизни кўрсалар, сизнинг йўлингизни, яъни диндорликни тарк қилишади.

Одамлар сиз ҳақингизда яхши гумонда бўладилар, сиз эса ўзгаларни ғийбат қиласиз, бошқаларнинг мол-мулкини ўзлаштириб оласиз, одамлар шаънига ножўя сўзлар айтасиз. Юқоридаги оятда айтилганидек, тўғри йўлга кираман деган инсон ортга қараб кетади, ҳақ йўлдан узоқлашади. Бунга ким сабабчи? Албатта сиз.

Фитначи бўлишдан, одамлар диндан узоқлашишига, ибодатлардан безишига сабабчи бўлишдан эҳтиёт бўлайлик. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга хуфтон намозини ўқир, сўнг қавмига бориб, уларга ўша намозни имом бўлиб ўқиб берарди. Намозни узоқ ўқирди. Баъзан хуфтон намозида замсурага Бақара сурасини ўқирди. Унинг ортида турган саҳобалар кундузи ишлар эдилар. Кун бўйи экин-тикин, касб-ҳунар билан машғул бўлиб қаттиқ чарчашар, хуфтон намозини ўқибоқ уйқуга кетишарди. Муоз эса замсурага узун суралардан ўқирди. Кунларнинг бирида бир ансорий саҳоба хуфтон намозига келиб Муозга иқтидо қилди. Муоз эса замсурага Бақарани ўқий бошлади. Ҳалиги ансорий жуда чарчаган эди. Қаттиқ чарчаганидан жамоатдан ажралиб, намозини ўзи ўқиб чиқиб кетди. Эртасига бу иши учун Муознинг у ҳақда ножўя сўз айтгани, мунофиқ дегани қулоғига чалинди. Шунда у Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бориб, бўлиб ўтган воқеани айтиб берди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Муозни чақиртириб: «Эй Муоз, фитначимисан?!» дедилар. Бошқа бир ривоятда: «Фитначи, фитначи, фитначи», деб уч бор айтдилар. Сўнг: «Агар бирингиз имомга ўтса, намозни енгилроқ ўқисин. Зеро, ортингизда заиф-ночор, касал ва ишли одамлар бўлади», дедилар[1].

Шу муборак кунларда Пайғамбаримизнинг мазкур сўзларини эслатиб ўтмоқчиман. Чунки рамазонда имомлар намозни узун ўқигани учун одамлар жамоат намозига қатнашмай қўйиш ҳолатлари учрайди. Баъзи имомлар узун намоз ўқиши билан фахрланади. Бу эса кўпчиликка оғир келиб, намозга қатнашмай қўяди. Ҳадисда «Агар бирингиз имомга ўтса, намозни енгилроқ ўқисин. Агар ёлғиз ўзи бўлса истаганича узун ўқийверсин»[2], дейилган, ахир.

Яна шуни эслатмоқчиманки, халифа Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ Мадина масжиди имомини қисқа, кичик сураларни ўқишга буюриб бундай дер эди: «Узун оятлардан бўлса, бир ракаатда беш оятча, қисқа оятлардан бўлса, ўн оятча ўқигин». Чунки Масжиди набавий имомининг ортида ўнг минглаб, ҳатто юз минглаб иқтидо қилган намозхонлар бўлади. Шу сабабли Умар ибн Абдулазизнинг даврида таровеҳ намозининг ракаатлари сони кўп, қироати қисқа бўларди. Аммо ёлғиз ўзингиз нафл намоз ўқимоқчи бўлсангиз ёки нафл намозларда имомга ўтсангиз, у ҳолда истаганча узун ўқийверинг. Аммо фарз намозлар бўлса, қисқароқ қилинг. Зеро, бомдоддан бошқа фарз намозларни қисқа ўқиш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одатлари эди. Бомдодда баъзан олтмиш-юз оят ўқир эдилар. Хуфтонда эса, Пайғамбаримиз Муозга: «Замсурага «Саббиҳисма Роббикал аълаа», «Ваш-шамси ва зуҳааҳа» сураларини ўқисанг бўлмасмиди», деганлар[3].

Одамларни жамоат намозига қатнашишдан бездирувчи бўлманг, фитначи – одамларни диндан узоқлашишига сабабчи инсон бўлманг! Одамларнинг диндан юз ўгиришига сабаб бўладиган ишларни қилманг, сўзларни сўзламанг. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбани бузиб Иброҳим Халил алайҳиссалом давридаги ҳолатига келтириш ҳақида ўйладилар. Лекин у зот ҳолатни эътиборга олиб бундай қилмадилар. У зот айтдилар: «Эй Ойша, агар қавминг яқинда Исломга кирган бўлмаганида, Каъбани бузиб, Иброҳим алайҳиссалом қурган пойдевор устига қурган бўлардим. Лекин уларнинг қалблари буни қабул қилмаслигидан қўрқаман»[4]. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар бу ишни нотўғри тушуниши мумкинлигидан ва баъзилар: «Муҳаммад Каъбани қайта қуриб, унга эгалик қилмоқчи» дейишидан хавотирланиб бу ишга қўл урмадилар.

Шу ўринда яна бир савол туғилади. Нега Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ораларидаги мунофиқларни ўлдирмадилар? Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу ҳақда сўрашганда ва баъзилар бу ишни талаб қилишганда: «Муҳаммад ўзига эргашганларни ўлдиряпти, демасинлар», деб жавоб берганлар[5].

Одамлар фитналанишига сабаб бўладиган, уларни диндан узоқлаштирадиган ҳар қандай амалдан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарар эдилар.

Мусулмон биродарим ва муслима синглим, одамларнинг фитналанишига сабаб бўлманг. Тақводор мусулмонга тўғри келмайдиган ишларни қилиб, одамларнинг диндан узоқлашишига сабаб бўлманг! Акс ҳолда, динга юзланиб келаётган одамлар диндан юз ўгиришига сабабчи бўлиб қоласиз. Юқорида Аллоҳ таолонинг бу ҳақда айтган муборак сўзини ўқидингиз: «Ичган қасамларингизни аҳдлашган кишиларингизни алдаш воситаси қилиб олмангиз. Акс ҳолда, қадами мустаҳкам ўрнашганидан кейин тойиб кетган кишига ўхшаб, сизлар ҳам тинч-хотиржам бўлганингиздан сўнг ҳалок бўлиб кетасиз ва бу дунёда Аллоҳнинг йўлидан тўсганингиз, яъни бошқалар сизлардан бу хиёнатни кўришлари ортидан бу диндан юз ўгиришларига сабаб бўлганингиз туфайли сизларни ёмон аҳволга соладиган азобни тотасиз ҳамда охиратда ҳам сизлар учун улкан азоб бўлгай» (Наҳл, 94).

Алдов, хиёнат ва аҳдга вафо қилмасликка ундайдиган омил озгина дунёвий манфаатга эришиш бўлгани боис Аллоҳ таоло оят давомида бундай деган: «Сизларнинг ҳузурингиздаги нарсалар йўқ бўлур. Аллоҳ даргоҳидаги нарсалар эса боқийдир. Биз албатта сабр-қаноат этган зотларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз» (Наҳл, 96).

Одамлар орасида фитна сўзи чақимчилик маъносида кенг тарқалган. Масалан, фалончи фитначи деб одамларнинг гапини бир-бирларига ташиб, ўрталарини бузувчи шахсга айтилади. Тўғри, чақимчилик фитнанинг бир турига киради. Лекин аслида, фитна сўзи ҳақдан юз ўгириб ботилга юзланиш демакдир. Фалончи фитналанди, дегани ҳақдан юз ўгириб, ботилга ўтди, деганидир.

Аёлларни огоҳлантираман, эркакларни фитнага солманг! Аёл киши очиқ-сочиқ ҳолда кўчага чиқса, эс-ҳушли, оқил инсонни ҳам фитнага туширади. Масжидга виқор билан кетаётган эркак олдидан безаниб, нозланиб бир аёл чиқса, уни намоздан тўсиши мумкин.

Аёлларга шуни эслатиб ўтмоқчиман, Аллоҳдан тақво қилинг, очиқ-сочиқ кийиниб, пардоз-андоз қилиб, йигитларни фитнага солманг. Чунки бу ишингиз одамлар фитналанишига сабаб бўлади.

 Оммавий ахборот воситалари масъулларига ҳам эслатиб ўтмоқчиман, Аллоҳдан қўрқинг, турли беъмани сериаллар қўйиб, ҳар хил шубҳалар ёйиб, одамларни динидан узоқлаштирманг. Зеро, фитна қотилликдан ёмондир.

Фитначи бўлманг. Аллоҳ сизлардан рози бўлсин. Аллоҳ таолодан фитналашдан, фитналанишдан, диндан чиқиб кетишдан паноҳ беришини сўрайман. Омин.

[1] Бухорий (701), Муслим (465), Абу Довуд (790), Насоий (835), Ибн Можа (986), Аҳмад (14307) ва Ибн Хузайма (1633) ривояти.

[2] Бухорий (703) ва Муслим (467) ривояти.

[3] Ҳадис тахрижи 1-ҳошияда ўтди.

[4] Бухорий (126) ва Муслим (1333) ривояти.

[5] Бухорий (4905) ва Муслим (2584) ривоти.

Изоҳ қолдиринг