Рамазонни қадрлаш (14): Ибодатнинг руҳидан ғафлатда қолиш

0

Кўпчилик Аллоҳга хушуъ ила чинакамига ибодат қилолмаганидан шикоят қилади. «Намоз ўқийман-у, лекин ҳеч хаёлимни жамлаб, хушуъ билан намоз ўқий олмайман», деган нолишлар тез-тез қулоққа чалинади. Ёки кўпчилик рамазон ойида Қуръон тиловат қилишади, хатм қилишади, лекин уни тадаббур ва тафаккур ила ўқий олмайдилар. Нега энди биз доимо ибодатнинг руҳига қолганда ожиз қоламиз? Ахир бу билан биз ибодатдаги энг асосий нарса, ундаги энг катта рукндан ожиз қолмаяпмизми?! Биргина намозни оладиган бўлсак, ахир бандалар хушуъсига қараб намоздаги даражалари турлича бўлмайдими?!

Ҳар бир ибодатнинг руҳи бор. Ҳатто сиртдан қараганда шунчаки мол-мулкнинг бир қисмини фақирга чиқаришдан иборат бўлган закотнинг ҳам руҳи бор. Закотнинг қалбга таъсири бор, у иймонни зиёда қилади, қалбни поклайди.

قَالَ تَعَالَى: {خُذْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ صَدَقَةً تُطَهِّرُهُمْ وَتُزَكِّيهِمْ بِهَا وَصَلِّ عَلَيْهِمْ} (التوبة: 103)

Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад), сиз уларнинг молларидан бир қисмини ўзларини поклаб тозалайдиган садақа сифатида олинг ва уларнинг ҳақларига дуо қилинг».

Оятга эътибор берган бўлсангиз, Аллоҳ таоло закотдан келиб чиқадиган зоҳирий асоратларни тилга олмади. Айтайлик, Аллоҳ таоло оятда «улардан закотларини олингки, камбағаллар бойисин, бошига мусибат тушганларнинг мусибати арисин, шодлансин», демади. Негаки, закот ёки садақанинг энг катта таъсири ва фойдаси закот чиқарувчининг ўзига бўлади, закот унинг қалбини поклайди, иймонини зиёда қилади.

كَانَ عَلِيُّ بْنُ الْحُسَيْنِ إِذَا أَتَاهُ السَّائِلُ رَحَّبَ بِهِ، وَقَالَ: مَرْحَبًا بِمَنْ يَحْمِلُ زَادِي إِلَى الْآخِرَةِ “[1]

Али ибн Ҳусайн (Зайнулобидин) раҳимаҳуллоҳнинг олдига бирон тиланчи тиланиб келса «Марҳабо, захирамни охиратга кўтариб олиб борувчи», деб қарши олар эди. Кўриб турганингиздек, салафи солиҳлар тиланчини фазл-марҳамат соҳиби деб билишар эди.

عَنْ عَائِشَةَ، أَنَّهُمْ ذَبَحُوا شَاةً، فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَا بَقِيَ مِنْهَا»؟ قَالَتْ: مَا بَقِيَ مِنْهَا إِلَّا كَتِفُهَا قَالَ: «بَقِيَ كُلُّهَا غَيْرَ كَتِفِهَا»: ” هَذَا حَدِيثٌ صَحِيحٌ”

(حكم الألباني) : صحيح[2]

Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Улар (яъни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хонадони аҳли) қўй сўйдилар. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қўйдан нима қолди?» деб сўрадилар. Ойша разияллоҳу анҳо: «Ундан фақат қўли қолди», деди. У зот айтди: «(Аксинча), қўлидан бошқа барча жойи қолди».

Демак, бир инсон бирон нарсадан садақа қилса, аслида ундан садақа қилинган бўлагигина боқий қолади. Фақир кимса сиз садақа қилган нарсанинг фонийсини еб, боқийсини сиз учун охиратга захира қилиб қўяди. Кўриб турганингиздек, марҳамат соҳиби аслида садақа қилувчи эмас, балки садақани олган фақир-мискиндир. Лекин бу ҳақиқатни фақат ибодат руҳини ҳис қилган, амали билан Аллоҳнинг розилигини истаган бандагина билади. Бу тушунча амалдан олдин туради, чунки у амал устидан ҳукмрондир. Бу тушунчага эга бўлмаган банда шариатга мувофиқ солиҳ амал қилиши имконсиз.

Нарсанинг чинакам қадр-қийматини билмаган инсон ундан тўғри фойдалана олмайди. Бир инсон қимматбаҳо нарсалардан фақат тилла ва кумушнигина билса, унинг қўлига соф зумрад тоши тутқазилса, унинг қадрига етмайди, уни бирон ноўрин мақсадда фойдаланиши ёки кераксиз тошни улоқтиргандек ташлаб юбориши ҳам мумкин. Аммо бундан ҳам ёмони дин бобидаги жаҳолат ва диний неъматларни қадрламасликдир. Қанчадан-қанча инсонлар рамазон неъматидан маҳрум бўлган бир пайтда Аллоҳ таоло сизни рамазонга етказди. Бироқ сиз бу неъматни қадрига бормаяпсиз. Яна қанча инсонлар бу неъматга етсалар-да, унда солиҳ амаллар қилишга муваффақ қилинмаган бир даврда Аллоҳ сизни бу амалларга муваффақ қилди. Сиз бўлсангиз яна рисоладагидек неъматга шукр қилмаяпсиз. Олдин айтиб ўтганимиздек, неъмат улуғ бўлган сари унга шукр қилиш мажбурияти ҳам оғирлашиб бораверади.

Демак, биз билдикки, рамазон улуғ бир неъмат экан. Бинобарин, ҳар биримиз бу неъматга эришиш ва ундан юқори даражада фойдаланиб қолиш тўғрисида ўйлашимиз лозим.

Айтайлик, бир шаҳарда бозорлар касодга учраган, одамларда нақд пул муаммо бўлиб турган бир пайтда бир инсоннинг қўлига нақд пул тушиб қолди, кимдандир катта миқдорда мерос олди. Тижоратни яхши билган инсон бундай пайтда нақд пул келиши неъмат эканини яхши билади. Ундан ташқари мазкур маблағнинг бозор касодга учраб турган, одамларда нақд пул танқис бўлган вақтда келиши яна бир неъмат. Устига-устак арзон нархда товар берадиган тожир ҳам топилса, энди неъмат устига неъмат бўлади. Шундай қилиб, бундай шахсда тижоратдан фойда топиш омиллари тўлиқ такомиллашган бўлади. Бироқ шунча имкониятларга қарамай у тижоратда зарар билан чиқса-я?! Мол-давлат орттириш имкониятлари муҳайё бўлса-да, тижоратда зарар билан чиққан одамни нима дейиш мумкин?! Ҳа, бундай инсон маҳрум инсондир.

[1] Ибн Жавзий. “Ал-бирру вас-сила”, 1/216.

[2] Термизий, 2470.

Изоҳ қолдиринг