Рамазонни қадрлаш (16): Рамазон неъматига эришиш (1)

0

Биз олдинги суҳбатларимизда айтиб ўтганимиздек, Аллоҳ таолонинг неъматлар хусусидаги ўзгармас қонуни борки, унга кўра Аллоҳ таоло неъматига шукр қилганларга неъматини янада зиёда қилади, неъматдан маҳрум бўлишга ҳақли кишиларни ундан маҳрум қилади. У шундай умумий қонун бўлиб, моддий ва маънавий неъматларни ҳам, аъзолар ва қалб неъматларини ҳам ўз ичига олади. Аллоҳнинг неъматларига сўз ва амалда шукр қилганларга Аллоҳ неъматларини зиёда қилади.

{لَئِنْ شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ} (إبراهيم: 7)

Аллоҳ таоло айтади: «Агар шукр қилсангиз, (неъматларимни янада) зиёда қиламан» (Иброҳим, 7).

Аксинча, кимда ким Аллоҳнинг неъматларини қадрламаса, ношукрлик қилса, уни куфрони неъмат билан қарши олса, у ҳолда Аллоҳ таоло бу неъматларни ё камайтиради, ё буткул қайтариб олади, бандани ундан маҳрум қилади. Рамазонга етиш ва бу ойда солиҳ амаллар қилишга муяссар қилинишдек улуғ неъматга шукр қилиш шунчаки қуруқ даъво ва орзу-ҳавас билан бўлмайди. Балки бу улуғ неъматга шукр қилишнинг чинакам белгилари бор. Бу неъматга шукр қилиш учун чинакам бел боғлаганлар, сидқ ва ихлос эгалари қўлларидан келган барча саъй-ҳаракатларини сарфлашлари лозимки, ана ўшанда Аллоҳ таоло уларни неъматга шукр қилувчилардан бўлишга муваффақ қилади. Бу белгини ўзингизда ҳам, бошқаларда ҳам кўришингиз мумкин.

Бирон бир неъматга шукр қилишнинг аломати унга тайёргарлик кўришдир. Инсон табиати ва фитрати шундай. Инсон бирон нарсага эришиш ниятида бўлса, унга тайёргарлик кўради. Айтайлик, хонадонига бирон ҳурматли меҳмон келишини кутаётган инсон тез-тез соатига қарайди. Агар кутилаётган меҳмон мартабали инсон бўлса, ҳадеб дарвозага чиқиб қарайверади ёхуд дарвоза олдига биронтани тургизиб қўяди. Ҳатто тилсиз жониворлар ҳам бирон нарсани истаса, унга тайёргарлик кўради, десак муболаға бўлмаса керак. Кўчада қўлингизда бирон егулик кўтариб кетаётганингизни кўрган ит тамшаниб қўяди. Бу дегани сиздан умидвор, бирон нарса берармикин, деган умидда тайёргарлик кўраётган бўлади. Бинобарин, айтиш мумкинки, бирон амал учун тайёргарлик кўрмаслик, унга бўлган хоҳишнинг йўқлигига далолат қилади. Инсон бировнинг қалбидаги ниятини билмайди, лекин зоҳирга қараб айтиш мумкинки, кимда ким бирон амалга ҳозирлик кўрмадими, демак уни хоҳламайди.

قال تعالى: (ولو أرادوا الخروج لأعدوا له عدة) (التوبة: 46).

Аллоҳ таоло айтади: «Агар мунофиқлар (сиз билан жиҳодга) чиқишни хоҳлаганларида унга ҳозирлик кўрган бўлур эдилар» (Тавба, 46).

Демак, инсон рамазон ойида амаллари мақбул бандалардан бўлишни истаса бунинг учун ҳозирлик кўриши лозим. Рамазонга тайёргарлик кўришни билмаганлар сўраб-суриштиришлари, билмаганларини ўқиб ўрганишлари керак. Ахир инсонлар дунёвий ишларда бор кучларини сарфлаб ўрганишга ҳаракат қиладилар-ку?! Агар одамларга рамазон ойи ичида ариза тақдим қилганларга ҳайит куни мукофот пули берилади, фарзандлари мактаб харажатларидан озод қилинади, дейилса, нима бўлишини бир тававвур қилиб кўринг-а! Барча одамлар бу ишга ошиқадилар, кўча-кўйда, оммавий транспорт воситаларида барчанинг гапи шу ҳақда бўлиб қолади. Одамлар бир бирларидан «Ариза топширдингизми, йўқми?», «Бланкани қаердан олиш керак экан?», «Оддий вараққа ёзаверса ҳам бўларканми ёки маҳаллақўмдан анкета олиш керакмикан?». Агар маҳалла қўмитасидан қоғоз олиш керак бўлса, у ерда навбатда турган халойиқни қўяверинг! Кўряпсизми, бирон ишга бўлган ҳарислик ва хоҳишнинг аломати унга тайёргарлик кўриш, шу ишга тааллуқли билмаган нарсаларини ўрганишга интилишдир. Ундан ташқари инсон бирон нарсани чиндан ҳам хоҳласа, уни аъло даражада ва кечга қолдирмай бажаришга ҳаракат қилади. Юқорида келтирган мисолимизда агар ҳукумат ваъда қилган мукофотларни вақтидан олдинроқ олиш йўллари бўлса, одамлар албатта шу ишнинг пайида бўладилар. Ҳатто шошилинч ҳолати бўлмаган одамлар ҳам бир иложини қилиб, қалбаки ҳужжатлар қилиб бўлса ҳам, шошилинч тарзда ишни битиришга киришиб кетадилар. Одамлар дунёвий ишларга муҳаббати бўлгани боис, бор имкониятини сарфлаб ҳаракат қилишади, ҳозирлик кўришади, шошилмаса ҳам бўладиган ишларга ҳам шошиладилар.

Шундан келиб чиққан ҳолда ғам-ташвиши Аллоҳнинг розилигига эришиш, охиратда Унинг ҳузуридаги мукофотларни қўлга киритиш бўлган бандалар доимо Аллоҳни рози қиладиган амалларга шошадилар.

{وَمَا أَعْجَلَكَ عَنْ قَوْمِكَ يَامُوسَى قَالَ هُمْ أُولَاءِ عَلَى أَثَرِي وَعَجِلْتُ إِلَيْكَ رَبِّ لِتَرْضَى} (طه: 83 -84)

Аллоҳ таоло айтади: «Эй Мусо, қавмингни ортда қолдириб, ўзинг олдингга ўтиб кетишингга шошилтирган нарса нима? Мусо деди: «Улар ҳам изимдан келмоқдалар. Раббим, мен Сени рози қилиш учун Сен томонга шошилдим» (Тоҳа, 83-84).

Бу хусусда банда садоқатининг биринчи белгиси бу ойда амал қилишга жиддий тайёргарлик кўриши, оз бўлса-да амал қилишга муваффақ қилинса, келажакда кўпроқ амал қилишга интилишидир. Инсон катта амаллар учун тайёргарлик кўрар экан, ишни кичик ишлардан бошлаши лозим. Зеро, бу билан катта ишларга замин ҳозирлаган бўлади. Айтайлик, инсон намоз ўқир экан, уни ўз вақтида, азон айтилган жойда ўқиш билангина чекланмасдан (албатта, шу ишнинг ўзи ҳам улуғ амал), балки асосий эътибори намозни пухта ва хушуъ билан адо этишга, Аллоҳ наздида мақбул намоз бўлишига қаратилиши лозим. Намоз ўқир экан, намози Аллоҳнинг наздида мақбул бўлишини умид қила оладиган даражада ўқиши лозим. Намозга азон айтилса, қалбида Аллоҳнинг жарчиси уни чорлаётганини ҳис этиши, У зотнинг нидосига лаббай деб намозга шошилиши лозим. Таҳорат олар экан, бир оздан сўнг Аллоҳнинг ҳузурида туришини, У зотга муножот қилишини хаёлидан ўтказиши ва бу учрашув учун мукаммал ва пухта таҳорат олиши керак. Аллоҳнинг уйи бўлмиш масжидга йўл олар экан, масжид сари ташлаган ҳар бир қадами эвазига Аллоҳ таоло унинг даражасини бир поғона кўтариши ёки битта гуноҳини соқит қилишини дилдан ҳис этиши, бошқача қилиб айтганда, масжидга кетаётиб оёқлари билан қадам ташлашидан олдин қалби билан қадам отиши лозим. Аллоҳнинг уйларига борар экан, танаси билан шошилишидан аввал қалби билан шошилиши, саъй-ҳаракат қилиши лозим.

قَالَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ: {يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا نُودِيَ لِلصَّلَاةِ مِنْ يَوْمِ الْجُمُعَةِ فَاسْعَوْا إِلَى ذِكْرِ اللَّهِ وَذَرُوا الْبَيْعَ} (الجمعة: 9)

Аллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар, жума куни намозга азон айтилса, Аллоҳнинг зикрига шошилинглар, савдо-сотиқни тарк қилинглар» (Жумъа, 9).

Аллоҳ таоло савдо-сотиқни тарк қилишдан олдин жума куни зикр – хутба тинглаш учун шошилишга буюрди. Аслида инсон савдо-сотиқни тарк қилиб, сўнг масжид сари ҳаракат қилади.

وأخرج سعيد بن منصور وابن أبي شيبة[1] وعبد بن حميد وابن المنذر وابن أبي حاتم عن الحسن أنه سئل عن قوله : { فاسعوا إلى ذكر الله } قال : ما هو بالسعي على الأقدام ولقد نهوا أن يأتوا الصلاة إلا وعليهم السكينة والوقار ، ولكن بالقلوب والنية والخشوع.[2]

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ «Аллоҳнинг зикрига шошилинглар» ояти тўғрисида сўралганда шундай деган: «Оятда оёқлар билан югуриш назарда тутилмаган. Ҳолбуки, мусулмонлар намозга (югуриб келишдан қайтарилган ва унга) оҳиста ва виқор ила келишга буюрилганлар. Балки оятдан қалблар, ният ва хушуъ билан (Аллоҳнинг зикрига шошилиш назарда тутилган)».

[1] Ибн Абу Шайба, 5603.

[2] Суютий. «Ад-дуррул мансур фит-таъвили бил-маъсур», 10/7.

Изоҳ қолдиринг