“Шакур” ва “шокир” исмларига иймон келтириш самараси

0

1 – Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло том маънода “шакур” ва “шокир” зотдир. Зеро, У бандаларнинг оз амалларини қабул қилиб, эвазига кўп савоб беради. Шу сабабли шариатимиз бирон яхши амални, гарчи оз ва кичик бўлса-да, арзимас санашдан қайтарган. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Зар разияллоҳу анҳуга бундай деганлар: “Бирон яхши амални арзимас санамагин. Гарчи биродаринг юзига очиқчеҳра билан боқишинг (каби арзимас амал бўлса ҳам)”[1].

Шунингдек, шариат, катта ё кичик бўлишидан қатъи назар, ҳар қандай солиҳ амални бажаришга бизларни тарғиб қилган. Зеро, Аллоҳ таоло бирон яхши амалимизни зое қилмайди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Яримта хурмо билан, шу ҳам топилмаса, биргина ширин сўз билан бўлса-да, ўзларингизни дўзахдан ҳимоя қилингиз[2].

Музар қавми моддий томонлама ўта танг ҳолатга тушиб, бир гуруҳи Пайғамбаримиз ҳузурларига келишганда у зот мусулмонларни садақага буюриб бундай деганлар: “Динори борлар диноридан, дирҳами борлар дирҳамидан, кийим-кечаги борлар кийим-кечагидан, буғдойи борлар бир соъ буғдойдан, хурмоси борлар бир соъ хурмодан, ҳеч бўлмаса яримта хурмо бўлса ҳам садақа қилсин[3].

Аллоҳ таоло солиҳ амаллар эвазига Ўзи истаган миқдорда неча-неча баробар мукофотлар беришини талай оятларда баён қилган. Албатта, бу Аллоҳнинг фазл-марҳамати бўлиб, у билан истаган бандасини сийлайди.

Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ йўлида мол-дунёсини эҳсон қиладиган кишилар бамисоли ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди. Аллоҳ истаган бандаларига бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ (фазлу карами) кенг, билувчидир” (Бақара, 261);

Шубҳасиз, Аллоҳ ҳеч кимсага заррача (бўлса ҳам) зулм қилмас. Агар заррача яхшилик бўлса, уни бир неча баробар қилур ва Ўз ҳузуридан улуғ ажр ато қилур” (Нисо, 40);

Ким бирон чиройли амал қилса, Биз унинг учун ўша (чиройли амали)га яна чирой қўшамиз (яъни зиёда савоб ато этурмиз). Албатта Аллоҳ мағфират қилувчи, яхшиликни билувчидир” (Шўро, 23)”

Аллоҳга қарзи ҳасана (яъни Унинг йўлида хайру саховат) қиладиган кимса бормики, У зот унга (қарзини) бир неча ҳисса қилиб қайтарса ва унинг учун улуғ ажр-мукофот бўлса?!” (Ҳадид, 11)”.

Ушбу маънода бошқа оятлар ҳам кўп.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким ҳалол касбдан бир дона хурмо миқдорича садақа қилса – ваҳоланки, Аллоҳ фақат ҳалолини қабул қилади – Аллоҳ уни ўнг (қўл)и билан қабул қилади. Сўнгра уни эгаси учун худди бирингиз тойчоғини ўстирганидек (парваришлаганидек) ўстиради, ҳатто у тоғдек бўлиб кетади[4].

Абу Масъуд Ансорий разияллоҳу анҳу айтади: «Бир киши юганланган туяни олиб келиб: “Буни Аллоҳ йўлида бердим”, деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:Сенга бунинг эвазига қиёмат куни етти юзта юганланган туя бўлур” дедилар»[5].

Аллоҳ таолонинг бандаларга бўлган шукри, фазли ва саховатининг катталигидан уларнинг биргина яхши амалларига бир неча баробар ажр-савоб беради, ёмон амалларини эса, қандай бўлса шундай ёзиб қўяди, унга бир неча баробар жазо бермайди.

Аллоҳ таоло айтади: “Ким бирон чиройли амал қилса, унга ўн баробар қилиб қайтарилур. Ким бирон ёмон иш қилса, фақат ўшанинг баробарида жазоланур ва уларга зулм қилинмас” (Анъом, 160)”;

Ким бирон ёмонлик қилса, унга (охиратда ўша ёмонлиги) баробарида жозо берилиши аниқдир. Эркакми, аёлми ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхшилик қилса, ана ўшалар жаннатга дохил бўлурлар (ва) у жойда уларга беҳисоб ризқ берилур” (Ғофир, 40)”.

3 – Шуни яхши билиб олишимиз керакки, мусулмон банда қисқа умри мобайнида Аллоҳ розилигини истаб, ўқиган намози, қилган ҳажжи, тутган рўзаси, берган закот ва садақаси, қилган жиҳоди ва бундан бошқа яхши амалларининг ўзи асло абадий жаннат ва ундаги шод-ҳуррамлик, қўзни қувнатадиган манзаралар ва лаззатлар баҳоси бўлолмайди ёки дўзах ўтидан қутқаролмайди. Ҳолбуки, у ушбу ибодатларида хато-камчиликларга йўл қўйган бўлади. Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “(Шариатда кўрсатилгандек) тўғри амал қилинглар (яъни амалларни бажаришда чуқур ҳам кетманглар, сусткашликка ҳам йўл қўйманглар. Ҳеч бўлмаса тўғриликка) яқин бўлинглар. Хушхабар беринглар. Ҳеч қачон  биронтангизни амали жаннатга киритмайди”. Саҳобалар: “Ҳатто сизни ҳамми, ё Расулуллоҳ?”, деб сўрашди. “Аллоҳ марҳамати ила мени буркамаса, ҳатто мени ҳам”, деб жавоб бердилар[6].

Бир ривоятда бундай дейилган: “Биронтангизни амали жаннатга киритмайди ва дўзахдан қутқармайди. Аллоҳнинг марҳамати бўлмаса, ҳатто мени ҳам[7].

Демак, банданинг жаннатга кириши ва уни қўлга киритиши, дўзахдан қутилиши фақат Аллоҳ таолонинг фазли ва марҳамати ила бўлар экан.

3 – Ҳар бир банда Аллоҳга шукр қилиши фарз. Аллоҳ таоло шунга буюриб айтади: “Менга шукр қилингиз ва Менга куфрони неъмат (ношукрлик) қилмангиз!” (Бақара, 152);

Эй мўминлар, Биз сизларга ризқ қилиб бергани покиза нарсалардан енглар ва Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилувчи бўлсангизлар У зотга шукр қилингиз!” (Бақара, 172);

“(Эй мўминлар) Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан енглар ва Аллоҳга ибодат этувчи бўлсангизлар, У зотнинг неъматларига шукр қилинглар!” (Наҳл, 114);

Парвардигорингиз (берган) ризқ-рўзидан баҳраманд бўлинглар ва У зотга шукр қилинглар!” (Сабаъ, 15)”.

(Давоми бор)

[1] Муслим, 2626.
[2] Бухорий. 6174. Муслим, 1016.
[3] Муслим, 1017.
[4] Бухорий, 1410.
[5] Муслим, 1892.
[6] Бухорий, 5673. Муслим, 2816.
[7] Муслим, 2817.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг