Ақида асосларининг умумий баёни ва далиллари

0

Исломий ақида асосларининг умумий баёни ва унинг далиллари

Мусулмон биродар, шуни билингки, (Аллоҳ барчамизни муваффақ қилсин) исломий ақида, яъни нажот топувчи фирқа – аҳли суннат ва жамот ақидасининг асослари Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига ва тақдирнинг яхши-ёмонига иймон келтиришдир. Бу асослар кўплаб оят ва ҳадислар далолат қилган ҳамда уммат иттифоқ илган асослардир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Юзларингизни машриқ ва мағриб томонларига бураверишингиз яхшилик эмас,  балки Аллоҳга,  охират кунига,  фаришталарга,  китобларга,  пайғамбарларга иймон келтирганлар … яхши кишилардир” [Бақара: 177].  Аллоҳ таоло яна шундай дейди: “Албатта Биз ҳар бир нарсани тақдир (аниқ ўлчов) билан яратдик” [Қамар: 49]. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Пайғамбар ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўминлар (ҳам иймон келтирдилар).  Аллоҳга,  фаришталарига,  китобларига ва пайғамбарларига иймон келтирган ҳар бир киши (айтди):  “Унинг пайғамбарларидан бирон кишини ажратиб қўймаймиз” [Бақара: 285]. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Кимки Аллоҳга,  фаришталарига,  китобларига,  пайғамбарларига ва охират кунига ишонмаса,  демак,  у жуда қаттиқ адашибди” [Нисо: 136]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда шундай дейилади: “Иймон Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига ва тақдирнинг яхши-ёмонига иймон келтиришингдир”. Ушбу иймон рукнлари деб аталмиш катта асосларга барча пайғамбарлар ва шариатлар иттифоқ қилишган, илоҳий китоблар ҳам бу асослар билан нозил бўлган, ким бу асосларнинг ҳаммасини ёки айримларини инкор этса иймон доирасидан чиқиб, кофирлардан бўлиб қолади. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Албатта,  Аллоҳ ва Пайғамбарига ишонмайдиган,  Аллоҳ билан пайғамбарларининг ораларини ажратишни истайдиган, (яъни Аллоҳга ишониб,  пайғамбарларини инкор қиладиган) ва “айрим пайғамбарларга ишонамиз,  айримларига ишонмаймиз”,  дейдиган ҳамда ора йўлни тутишни истайдиган кимсалар — ана ўшалар ҳақиқий кофирдирлар.  Бундай кофирлар учун хор қилгувчи азобни тайёрлаб қўйганмиз.  Аллоҳ ва пайғамбарларига иймон келтирган ҳамда улардан биронтасини ажратиб қўймаган зотларга эса яқинда (Аллоҳ) муносиб мукофотларини ато этажак.  Аллоҳ мағфиратли,  меҳрибон бўлган зотдир” [Нисо: 150-152].

Мазкур катта асос ва рукнлар изоҳ ва шарҳга муҳтож. Биз келгуси сатрларда бунга ҳаракат қиламиз, иншааллоҳ.

Изоҳ қолдиринг