Рамазон суҳбатлари (25): Ҳақларни адо этиш ва зулмлардан зиммани поклаш

0

Ҳақларни адо этиш ва зулмлардан зиммани поклаш

Рўзадор киши тутган рўзаси, ўқиган намози, қилган дуоси ва берган садақасидан унумли фойда олиши учун муҳим бир жиҳатга эътибор қаратиши зарур. У ҳам бўлса зиммасидаги ўзгалар ҳаққини адо этиши, бировлар билан олди-берди ва муносабатларидаги ноҳақликларини бартараф этишидир. Рўза тутган ҳолда одамларга зулм қилишдан тийилмас экансиз, шубҳасиз, бу ишингиз рўзанинг савобига путур етказади. Савобларингиз сиз зулм қилган кишиларга олиб берилади. Бақара сурасидаги рўза ҳақида келган оятлардан кейин бевосита ушбу оятлар келиши ҳам шу маънони кўрсатади:

«Бир-бирингизнинг мол-дунёларингизни ноҳақ йўллар билан еманг! Одамларнинг молларидан бир қисмини ҳаром йўл билан ейиш учун гуноҳлигини билатуриб, ҳокимларга пора узатманг!» (Бақара, 188).

Сурада рўза ва унинг аҳкомлари зикр қилингандан сўнг, одамларнинг молларини ноҳақ йўллар билан ейишдан огоҳ этилдик. Бир ўйлаб кўринг, рамазонда рўзадор бўлганингиз учун ҳалол овқатни ейишдан ўзингизни тиясиз, ҳолбуки у таом аслида сизга ҳалол эди. Шундай экан, қандай қилиб аслида ҳам ҳаром бўлган ўзгаларнинг молларини ноҳақ йўл билан ейишга журъат этасиз?!

Зиммангиздаги одамларнинг ҳақ-ҳуқуқларини адо этмасликдан сақланинг. Шу сабабдан мен аввало ўзимга, сўнг сизга баъзи ҳақ-ҳуқуқларни эслатмоқчиман.

Аллоҳ ва Расулининг ҳаққидан сўнг энг катта ҳақ ота-онанинг ҳаққидир. Ҳа, ота-онанинг ҳаққи! Рўзадор ҳолатингизда ҳам, бошқа ҳолатда ҳам, умуман ҳар қандай ҳолатда ота-онага оқ бўлманг. Ота-онага оқ бўлиш катта гуноҳ ва ёмон амал, айниқса бу муборак ойда гуноҳи янада каттароқ ва оғирроқ бўлади. Сиз рўза тутиш билан бир қаторда ҳақ-ҳуқуқларга риоя этишга ҳам буюрилгансиз. Ота-онага оқ бўлиш рўзага таъсир қилади. Тўғри, рўзангиз очилмайди, аммо рўзанинг савобидан айриласиз. Рўза тутган ва Аллоҳнинг китобини тиловат қилган мўминга бундай ишлар ярашмайди. Аллоҳ таоло китобида ота-онага яхшилик қилишга, уларни норози қилмасликка, ҳатто уларга уф тортмасликка буюрган.

Аллоҳ айтади: «Айтинг: “Келинглар, Парвардигорингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай. У зотга бирон нарсани шерик қилманг, ота-онага яхшилик қилинг”» (Анъом, 151).

Ота-онага яхшилик қилинг. Уларнинг ҳақларини адо этинг.

Қариндошларнинг ҳам сизнинг устингизда ҳақлари бор. Қариндош-уруғчилик алоқасини узган киши лаънатга қолади. Аллоҳ таоло айтади:

«Агар иймондан юз ўгирсангиз, катта эҳтимолки, ерда бузғунчилик қиласиз ва қариндош-уруғларингиз билан алоқани узасиз. Ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлаб, қулоқларини кар, кўзларини эса кўр қилиб қўйган» (Муҳаммад, 22-23).

Қариндош-уруғчилик риштасини узган киши лаънатланган. Рўзадор бўлатуриб қандай қилиб ўзингизни лаънатга гирифтор қиласиз? Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло халқларни яратган вақт силаи раҳм туриб, арш устунларидан бирига осилди ва: “Эй Раббим, Сендан қариндош-уруғчиликни узишдан паноҳ сўраб шу ўринда турибман”, деди. Аллоҳ таоло унга деди: “Силаи раҳм қилганни Ўзимга яқин қилиб, силаи раҳмни узгандан  алоқани узишим сени рози қиладими?” Силаи раҳм: “Ҳа, албатта (рози қилади)”, деди. Аллоҳ таоло: “Унда шундай қиламан”, деди»[1]. Шунинг учун силаи раҳм айтар экан: «Ким менинг риштамни боғласа, Аллоҳ у билан ришта боғлайди, ким менинг риштамни узса, Аллоҳ ундан риштасини узади». Бу ҳадисда бироз заифлик бўлса ҳам, шу маънода келган бошқа ҳадислар унинг мазмунини қўллаб-қувватлайди. Қариндош-уруғчиликни узишдан ўта эҳтиёт бўлинг. Гарчи қариндошлар алоқани узса ҳам, сиз узманг. Чунки Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Силаи раҳм қилиш сиз билан борди-келди қилиб турган қариндошингизга яхшилик қилиш эмас, балки сиз билан алоқани узган қариндошингиз билан алоқа қилишингиздир»[2].

Опа-синглингиз, ака-укангиз билан борди-келди қилинг. Гарчи улар алоқани узсалар ҳам, сиз уларни зиёрат қилаверинг. Ота-онага яхшилик қилинг. Айниқса рамазон ойида бунга кўпроқ эътибор беринг.

Қўшнининг ҳаққини ҳам унутманг. Чунки Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Жаброил менга қўшнига яхшилик қилишни кўп тайинлаганидан ҳатто қўшниларни бир-бирига меросхўр қилармикан деб ўйлаб қолдим“, дедилар[3]. Раббимиз қўшнига яхшилик қилишга буюриб: «Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!» (Нисо, 36) дегач, оят давомида хоҳ қариндош, хоҳ бегона бўлсин, ҳар қандай қўшнига яхшилик қилишга буюрди. Қўшнига яхшилик қилишга аввало Раббимиз амр этди, Жаброил алайҳиссалом қаттиқ тайинлади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам: “Ким Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирган бўлса қўшнисига яхшилик қилсин“, дедилар[4].

Абу Зар разияллоҳу анҳуга: «Эй Абу Зар, шўрва қилсанг, сувини кўпроқ сол, қўшнингга ҳам берасан», дедилар[5].

Ва яна: «Эй аёллар, гарчи қўйнинг туёғи бўлса ҳам қўшнингизга таом чиқаришни арзимас санаманг», дедилар[6].

Ҳеч бир аёл шунга ўхшаган нарсани қўшнисига чиқаришни арзимас санамасин. Ўз навбатида ҳеч бир аёл шунга ўхшаган нарсани қабул қилишдан ор қилмасин.

Эй аёллар, қўшнингизга оз ва арзимас нарса бўлса ҳам эҳсон қилишдан тортинманг. Гарчи кофир бўлса ҳам қўшнининг ҳаққи бор. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳумо хонадонида қўй сўйилса, уйдагиларига: «Яҳудий қўшнимизга ҳам бердингларми? Яҳудий қўшнимизга ҳам чиқардингларми?» дер эди[7].

Топганингизга Аллоҳ барака берсин, шундай ишларга ҳам эътиборли бўлинг. Ҳақларни эгаларига адо этинг. Ота-она, қариндош-уруғ, қўни-қўшни, камбағал-мискин, бева-бечоралар ҳақларини унутманг. Сафарда бўлсангиз, ҳамроҳларингиз ҳаққини ҳам унутманг. Баъзи уламолар оятда келган «яқин қўшни»дан мурод сафардаги ҳамроҳдир деганлар. Такси ё бирон машинада кетаётган пайтингизда йўлда тўхтаб, бирон енгил егулик ёки ичимлик сотиб олмоқчи бўлсангиз, имкони бўлса машинадаги ҳамроҳларингизга ҳам қўшиб олинг. Баъзи уламолар қариндош қўшни ва ён қўшни ҳақидаги оятда келган «ён қўшни»дан мурод умр йўлдошдир, деганлар. Дарҳақиқат, хотинга яхшилик қилиш тўғрисида бир қанча оят ва ҳадислар келган.

Аллоҳ таоло айтади: “Уларга яхши муомалада бўлинглар” (Нисо, 19).

Сўнгра (оилани) яхшилик билан сақлаш ёки чиройли суратда ажрашиш (лозим)” (Бақара, 229).

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Хотинларга яхши муомала қилишни васият этаман“, деганлар[8].

Хотиннинг зиммангиздаги ҳақларидан бири унга яхшилик қилмоғингиздир. Ишдан қайтганингизда хотинингиз кайфиятини туширадиган тарзда хўмрайиб, қовоқ уйиб кириб келманг. Аксинча, уйга очиқ чеҳра ва табассум билан киринг.

Яхши амаллардан биронтасини ҳам арзимас санаманг. Ҳатто биродарингизга очиқ чеҳра билан йўлиқишни ҳам кам санаманг. Биродарингизни табассум билан қарши олишингиз ҳам садақа ҳисобланади. Рўзадор маҳалингизда бундай садақалар ажридан кўп-кўп жамғариб олинг. Чунки булар номаи аъмолингизга ёзилади. Ёзилган амаллардан қиёмат куни масъул бўласиз. Рамазон ойида яхши амалларни қилишга ва уларни ғанимат билишга ҳарис бўлинг.

Аллоҳ таоло барчамизни яхшиликларга муваффақ қилсин. Омин.

[1] Бухорий (4830) ва Муслим (2554) ривояти.

[2] Бухорий ривояти, 5991.

[3] Бухорий (6014) ва Муслим (2624) ривояти.

[4] Бухорий (6019) ва Муслим (48) ривояти.

[5] Муслим ривояти, 2625.

[6] Бухорий (2566), Муслим (1030) ривояти.

[7] Абу Довуд (5152), Термизий (1943) ва Байҳақий «Маърифат ас-сунан вал-осор»да (6/214) ривоят қилган. Албоний «Саҳиҳ ат-тарғиб ват-тарҳиб»да (2574) саҳиҳ деган.

[8] Бухорий (3331), Муслим (1468) ривояти.

Изоҳ қолдиринг