Рамазон суҳбатлари (26): Гўзал ахлоқли бўлинг

0

Рамазон суҳбатлари туркумидан навбатдаги суҳбатимизга хуш келибсиз! Аллоҳ таоло бу ой рўзасини тутишда, таровеҳ намозлари ўқиш ва Қуръон тиловатлари қилишда сизу бизга ва барча мусулмонларга барака берсин, аллоҳумма амин!

Биродарларим, сизларга маълумки, ибодатлар жорий этилишидан бўлган энг олий мақсад ахлоқларни тузатишдир. Шу жумладан, рўзанинг жорий этилишидан бўлган мақсад ҳам ахлоқларни тузатишдир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким ёлғон гапириш ва унга амал қилишни ҳамда гуноҳ қилишни тарк этмас экан, емоқ-ичмоғини тарк этишининг Аллоҳга кераги йўқ! – дедилар. Бошқа бир ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Агар бирингиз рўзадор бўлса уят сўзларни айтмасин, овозини баланд кўтариб бақир-чақир қилмасин. Агар биров уни сўкса ёки ҳақорат қилса, “мен рўзадорман” десин”.

Айтиб ўтилганидек, рўза бизга тақводор бўлишимиз учун фарз қилинган. Аллоҳ таоло айтади: “Тақводор кишилар бўлишингиз учун сизларга рўза фарз қилинди”.

Рўза ҳақида келган оятларнинг охирида Аллоҳ таоло бундай дейди:

“Булар (юқорида айтилган ҳукмлар) Аллоҳнинг чегараларидир. Сизлар уларга яқинлашманг! Одамлар ҳаром ишлардан сақланишлари учун Аллоҳ ўз оятларини мана шундай очиқ-равшан баён қилади”.

Рўзадан кўзланган мақсад ахлоқни тузатишдир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар:

 “Қиёмат куни тарозида чиройли хулқдан кўра оғирроқ келадиган ҳеч нарса йўқ. Киши гўзал ахлоқи билан тинимсиз рўза тутувчилар ва кечалари ухламай намоз ўқувчилар даражасига етади”.

Гўзал хулқ соҳибининг мартабаси кетма-кет рўза тутиб, бир кун ҳам рўзани канда қилмайдиган ва кечалари ухламай намоз ўқийдиганларнинг мартабаси демакдир. Албатта киши гўзал ахлоқи билан узлуксиз рўза тутувчилар ва кечалари ухламай намоз ўқийдиганлар даражасига эришади. Бир киши гўзал хулқли, лекин нафл ибодатларда бироз қосирлиги бор.  Бошқа биров эса нафл ибодатларда тиришқоқ, лекин хулқи ёмон. Қай бири афзал бўлади? Албатта, гўзал хулқли киши афзал бўлади. Худди миннатли садақадан кўра бир оғиз ширин сўз афзал бўлгани каби. Аллоҳ таоло айтади:

“Яхши гап ва кечириш кетидан озор келадиган садақадан яхшироқдир”.

Гўзал ахлоқли бўлишимиз жуда ҳам муҳимдир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар этиб юборилишларидан бўлган улкан мақсад ҳам ахлоқларни тузатиш экани барчангизга сир эмас. У зот айтадилар: “Мен фақат яхши ахлоқларни комил қилиш учун юборилдим”. Бошқа бир ривоятда: “Улуғ ахлоқларни комил қилиш учун юборилдим” – дедилар.

Абу Зар разияллоҳу анҳуга Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар этиб юборилганлари ҳақида хабар етиб келганида у инисини Маккага юбориб, бу одам нима деяпти ва нимага буюраяпти, билиб келгин, деди. Иниси бориб келиб, у улуғ ахлоққа чақираяпти, деди.

Маълумки, гўзал ахлоқ соҳиби жаннатда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга энг яқин кишилардан бўлади. Зеро Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар:

“Менга энг суюклигингиз ва қиёмат куни менга энг яқин бўладиганингиз хулқи энг гўзал бўлганингиздир. Менга энг ёқмайдиганингиз ва қиёмат куни мендан энг узоқ бўладиганингиз оғиз тўлдириб, тинмай гапирадиган вайсақиларингиз ҳамда мутакаббирларингиздир”.

Кўп гапирадиган киши қиёмат куни Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи ва салламдан энг узоқда бўлади.

Рўза тутар экансиз, гўзал ахлоқли бўлишга интилинг. Агар бирон киши сизни сўкса ёки ҳақоратласа, ёмонликка яхшилик билан жавоб қилинг. Аллоҳ таоло айтади:

“Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал сўзлар билан қайтаринг! (Шунда) баногоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қалин дўст каби бўлиб қолади. Унга (ёмонликни яхшилик билан қайтариш хислатига) фақат сабр-тоқатли зотларгина эришадилар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришади”.

Рўза маҳали ширинсўз бўлинг. Аллоҳнинг зикрини кўпайтиринг, ажру савобларингизни зое қилиб қўйманг. Ҳеч бир мусулмонни ғийбат қилманг. Акс ҳолда ажру савобларингиз сиз ғийбат қилган кишиларга кетиб қолади. Мусулмонлар шаънига тил теккизманг. Савобларингиз ўша сиз шаънига тил теккизган кишиларга кетиб қолади. Машаққат чекиб рўза тутасиз, жидди-жаҳд қиласиз, Қуръон тиловат қиласиз, кечалари намозлар ўқиб чиқасиз. Кейин эса шунча амалдан сўнг жоҳиллигингиз сабабли буларнинг савобларини ўзингиз ғийбат қилган кимсаларга бериб қўясиз. Улар сизнинг савобларингиздан оладилар, агар савобларингиз бўлса. Савобларингиз бўлмаса, уларнинг ёмон амалларидан олиб сизга юкланади, сўнг бу амаллар сизни дўзахга гирифтор қилади, Аллоҳ асрасин!

Тилингизни асранг. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким менга икки жағи ўртасидаги нарсани, яъни тилини ва икки оёғи ўртасидаги нарсани, яъни авратини сақлай олишга кафолат берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман”.

Аллоҳ сизга барака берсин, модомики рўзадор экансиз, улуғ ахлоқларга риоя қилинг! Саховатли бўлинг, ифторга меҳмон келган бўлса, унинг ҳурматини жойига қўйинг. Билингки, Аллоҳ таоло бундай деган:

“Не бир нарсани эҳсон қилсанглар, Аллоҳ унинг ўрнини тўлдиргай. У энг яхши ризқ берувчи Зотдир”.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

“Бандалар тонг оттирган ҳар куни икки фаришта тушиб, уларнинг бири: “Эй Аллоҳ, эҳсон қилувчининг эҳсони ўрнини тўлдиргин”, дейди, иккинчиси: “Эй Аллоҳ, хасис, зиқнага талафот бергин”, дейди” (Бухорий ривояти).

Гўзал ахлоқли бўлинг. Имкон қадар сукут сақланг, кўп гапирманг. Сергап кимса қиёматда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан узоқда бўлади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Ким сукут сақласа нажот топади”.

Яна айтганлар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса яхши сўзни сўзласин ёки жим бўлсин”.

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар бирор сўзнинг яхши ёки ёмон эканида иккиланиб қолсанг, сукут сақлашинг лозим бўлади. Чунки Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам “яхши сўзни сўзласин ёки жим бўлсин” деганлар”.

Тортишувдан юз ўгиринг. Чунки Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўзи ҳақ бўлатуриб тортишувни тарк этган кишига жаннатнинг ўртасидан бир уй берилишига мен кафилман” – деганлар.

Талашиб-тортишманг, ўзингизни ҳақли қилиб кўрсатиш учун уриниб-чиранманг. Яхши амал қилаверинг, шояд нажот топсангиз. Сукут қилишга одатланинг, бир сўзда фойда бўлмаса гапирманг. Сабрга одатланинг, агар биров сизга жоҳиллик қилса, сабрли бўлинг, биров сизни сўкса, пайғамбаримиз ўргатганларидек, унга: “Мен рўзадорман”, денг. Олийжаноб бўлинг, жанозаларга қатнашинг, касалларни зиёрат қилинг, ночорларни топиб, уларга ёрдам беринг. Токи сизда ҳам Абу Бакр разияллоҳу анҳуда жамланган яхши хислатлар топилсин.

Бир куни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Ичингизда ким бугун рўзадор бўлиб тонг оттирди?” – дедилар. Абу Бакр: “Мен, ё Расулуллоҳ”, деди. “Ким бугун бир мискинни тўйдирди?” –дедилар. Абу Бакр: “Мен, ё Расулуллоҳ” – деди. “Ким бугун жанозага қатнашди?” – дедилар. Абу Бакр: “Мен, ё Расулуллоҳ” – деди. “Ким бугун бирон касални зиёрат қилди?” – дедилар. Абу Бакр: “Мен, ё Расулуллоҳ” – деди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир куннинг ўзида ушбу ишларнинг барчасини қилган бўлса, у албатта жаннат аҳлидан бўлади” – дедилар.

Аллоҳ таоло барчамизнинг тутаётган рўзаларимиз ва ўқиётган намозларимизга барака берсин.

Изоҳ қолдиринг