Рамазон суҳбатлари (27): Амалларингизни зое қилманг

0

Амалларингизни зое қилманг

Бу суҳбатимизда Аллоҳ таолонинг: “Амалларингизни йўққа чиқарманг!” (Муҳаммад, 33) деган ояти ҳақида сўз юритамиз.

Шубҳасиз, бу муборак ойда Аллоҳнинг изни ва марҳамати ила кўпдан кўп ажр-савобларга эга бўламиз. Намоз, рўза, зикр, Қуръон тиловати ва таҳажжуд ажрларини йиғиб оламиз. Оқил киши бундай ҳасанотларни ғанимат билиши ва уларни қўлдан бой бермаслиги керак. Чунки Аллоҳ таоло айтади: “Амалларингизни йўққа чиқарманг!” (Муҳаммад, 33).

Қийналиб қилган солиҳ амалларингиз ажру савобини йўқ қилиб юборманг. Баъзилар рўза тутади, лекин рўза ҳолида ёки ифтордан сўнг телевизор олдида ўтириб олиб, сериаллар, қўшиқ ва рақслар томоша қилади. Қулоқ ва кўзини ҳаромга тўйдиради. Аллоҳни рози қилмайдиган, фаҳшга чорлайдиган сўзларга қулоқ тутади. Ярим-яланғоч баданларни томоша қилади. Ҳолбуки, Раббимиз айтади: “Албатта, инсон қулоқ, кўз ва қалбини нималарда ишлатгани ҳақида сўроққа тутилади” (Исро, 36).

Ҳой мусулмонлар, сиз рўза тутдингиз. Рўза ҳасанотдир. Телевизордаги ҳар хил бетайин кўрсатувларни томоша қилиб рўзанинг ҳасанотларини ювиб юборманг. Қулоғингиз ҳаромни эшитмасин. Бундай ҳаромларга қулоқ тутиб тунги намоз лаззатидан айрилиб қолманг. Бир тоифа кишилар ҳаромга қараш, ҳаромни тинглаш билан савобларини зое қилиб қўядилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Умматимдан бир тоифа кишилар бўлади. Улар зинони, ипакни, ароқни ва мусиқани ўзларига ҳалол санайди[1].

Бу каби ҳаром ишларни ҳалол санаш айниқса ҳозирда кенг тарқалган. Яна бошқа бир тоифа инсонлар кўча-кўйда, кафеларда чилим ва сиегарет чекиб ўтиришади, номаҳрам аёллар даврасида қадрли вақтларини Аллоҳни рози қилмайдиган ишлар билан ўтказишади. Бу ишлар шубҳасиз, тутган рўзалари савобини кетказади.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким ёлғон гапириш ва унга амал қилишни ташламаса, ейиш-ичишдан тийилишининг Аллоҳга кераги йўқ!” деганлар[2]. Чунки бу иш рўзанинг савобини, рўзадорнинг кўплаб ҳасанотларини зое қилиб юборади. Рўзадор ҳасанотларини беҳуда кетишдан асрасин. Акс ҳолда, Аллоҳ хабар қилганидек, қийналиб тўқиган ипини чуватиб юборган аёлга ўхшаб қолади. Аллоҳ таоло айтади: «Ўзи йигирган ипини пишиқ-пухта бўлганидан сўнг чуваб ташлаган хотинга ўхшаб қолмангиз!» (Наҳл, 92).

Маккада эси оғган, ақли заиф бир аёл бор эди. Арқон қилиб сотиш мақсадида кун бўйи ип йигирар, кеч кириши билан йигирган ипларини чуваб ташлаб, шунча қилган меҳнатини кўкка совурарди.

Бу оят яхши амални қилиб, сўнг унинг савобини зое қилиб юборадиган ҳар бир аҳмоққа мисол қилиб келтирилган. Масалан, бир киши намоз ўқишни бошлайди-да, сўнг намозни бузиб чиқиб кетади, бу иши билан сўзсиз гуноҳкор бўлади. Кошкийди, бу нодон намозни аввалдан ўқимаганда эди. Узрсиз намозни бузгани учун гуноҳкор бўлди ва намози ҳам ботил бўлди. Намози ботил бўлибгина қолмай, гуноҳкор ҳам бўлди. Чунки у Раббининг амрига беписандлик қилди.

Рўзадор киши аъзоларини ҳаромдан асраши лозим. Кўзини ҳаромдан асрасин, тилини ҳаромдан асрасин, қулоғини ҳаромдан асрасин. Ейдиган луқмасига ҳушёр бўлсин, ҳаромдан парҳез қилсин. Ифтор қилар экан, дуоси ижобат бўлиши учун ҳалол таом есин.

Аллоҳ таоло пайғамбарларга буюрган ишни мўминларга ҳам буюрган: “Эй пайғамбарлар, ҳалол-пок таомлардан енглар ва солиҳ амал қилинглар” (Мўъминун, 51).

Эй мўминлар, Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан енглар” (Бақара, 172).

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Бир киши узоқ сафарга чиқади, сочлари тўзиб, чангга ботади, икки қўлини кўтариб, эй Раббим, эй Раббим, деб дуо қилади. Ҳолбуки, егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ҳаромдан озуқаланган бўлса, қандай қилиб дуоси ижобат бўлсин?![3]

Телесериаллар томоша қилиб, намозга келган одам намозни бошлаши билан шайтон келиб, кўрган филмларини эслатади, кўз ўнгида гавдалантиради. Кейин бутун хаёли ўша филмга кетиб, неча ракаат намоз ўқиганини унутади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам шайтоннинг намозда одамни қандай васваса қилишини бундай тасвирлаганлар: “Шайтон унга фалон-фалон нарсаларни эсла, дейди. Эсида йўқ нарсаларни эсига солади[4].

Намозда турганингизда шайтон келиб, сериалларда кўрган нарсаларни сизга эслатади. Бир қарасангиз саждада «субҳана раббиял аъло» дейиш ўрнига Фотиҳа сурасини ўқиётган бўласиз. Рукуда «субҳана раббиял азим» дейиш ўрнига ташаҳҳудни ўқиётган бўласиз. Шайтон сизни намоздан чалғитиб, намозингизни бузмоқчи бўлади. Саждада «Илоҳим, гуноҳларимнинг барчасини, каттаю кичигини, аввалию охирини, ошкору махфийсини мағфират қил», дейиш ўрнига ёки «Эй Раббим, менга ризқ бер, шифо бер, фарзандларимга офият бер, уларни ёмон ўртоқлардан асра» дейиш ўрнига Фотиҳа сурасини ўқиётган бўласиз. Сабаб ўша сиз кўрган филмлар ва шайтон уларни сизга эслатишидир.

Аллоҳ айтади: “Икки жамоат тўқнашган куни сизлардан урушдан қочган кишиларни уларнинг айрим гуноҳлари сабабли шайтон йўлдан оздирди” (Оли Имрон, 155).

Шайтон бандани қилган иши сабабли йўлдан оздиради. Шайтон сизга саждада турганингизда намоздан аввал сиз кўрган уятли манзарани тасвирлайди. Жойнамозда турганингизда сиз эшитган ёмон сўзларни хаёлингизга келтиради.

Аъзоларингизни ҳаромдан асранг. Чунки аъзолар қалбни ёмон амалларга одатлантириб қўйиши мумкин. Тил Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлса, қалбни сайқаллайди. Кўз Қуръонга қараса, оятларни ўқиса, қалбни яхшиликка одатлантиради. Қулоқ Қуръонни эшитса, қалбни яшнатади. Аммо кўз ҳаромга қарайдиган бўлса, қалбни кир қилади. Қулоқ ҳаромни эшитадиган бўлса, қалбни қорайтиради. Аллоҳ асрасин,  сигарет ва чилим оғизни кир қилса, ҳаёсиз ўйинлар қалбни кир қилади. Аъзоларимизни асрайлик.

Аллоҳнинг: “Амалларингизни йўққа чиқарманг!” (Муҳаммад, 33) ва «Ўзи йигирган ипини пишиқ-пухта бўлганидан сўнг чуваб ташлаган хотинга ўхшаб қолмангиз!» (Наҳл, 92) деган сўзларини ёдда тутайлик.

[1] Бухорий ривояти, 5590.

[2]Бухорий ривояти, 1903.

[3] Муслим ривояти, 1015.

[4] Бухорий (608) ва Муслим (389) ривояти.

Изоҳ қолдиринг