Рамазон суҳбатлари (28): Зикр қилувчи бўлинг

0

Рамазон суҳбатлари туркумидаги навбатдаги суҳбатимизга хуш келибсиз! Аллоҳ таоло бу ойда сизу бизга кўпдан-кўп ҳасанотларни ғанимат қилиб берсин ва барчамизни ёмонликлардан асрасин. Фурсатдан фойдаланиб, аввало ўзимга, сўнг сизларга бу муборак ойда ва умуман ҳамиша Аллоҳни кўп ёд олишни тавсия қиламан. Аллоҳ таоло Уни кўп зикр қилишга буюриб, айтади:

“Эй мўминлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар”.

Бу Аллоҳнинг амри. “Аллоҳни кўп зикр қилинглар”.

Бошқа бир оятда Аллоҳ айтади:

“Энди, ҳаж амалларини адо этиб бўлгач, Аллоҳни аждодларингизни эслагандек, балки ундан-да қаттиқроқ эсланг!”.

“Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилувчи аёллар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот (яъни жаннат) тайёрлаб қўйгандир”.

Аввало, Аллоҳ таолони кўп ёдга олишимиз Аллоҳ таолога бўйсуниш демакдир.

Қолаверса, ибодатларни жорий этилишидан кўзланган олий мақсад Аллоҳ таолони зикр этишдир. Қандай қилиб дейсизми? Аллоҳ таоло айтади:

“Мени зикр қилиш учун намозни тўкис адо қил!”.

Яъни, Аллоҳни эслаш учун намоз ўқилади. Аллоҳни эслаш учун ҳажга борилади.

Аллоҳ таоло айтади: “Саноқли кунларда Аллоҳни зикр қилингиз!”.

“Маълум кунларда (яъни қурбон ҳайити кунларида Аллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (қурбонлик учун сўйиш) устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун (келурлар)”.

Шунингдек, қурбонлиқ қилиш ҳам Аллоҳнинг зикри учундир. Аллоҳ айтади: “Биз ҳар бир умматга Аллоҳ ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини сўйиш асносида Унинг исмини ёд этишлари учун қурбонлик қилишни жорий этганмиз” (Ҳаж сураси, 34).

Рўза ҳам худди шундайдир. Аллоҳ айтади: “Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир”.

Шунинг учун Мусо алайҳиссалом Раббидан сўради: “Менга ўз аҳлимдан бўлган оғам Ҳорунни вазир қилгин. У билан мени қўллаб-қувватлагин ва уни пайғамбарлик ишида менга шерик қилгин. Токи биз Сенга кўпроқ тасбеҳ айтиб ибодат қилайлик ва Сени кўпроқ зикр қилиб эслайлик. Албатта Сен бизни кўрувчи бўлган зотсан”.

Закариё алайҳиссалом тилдан қолган пайтида ҳам Аллоҳнинг зикридан тўсилмади. Аллоҳ айтади: “Сенга белги шуки, уч кун одамларга фақат имо-ишора билангина гапира оласан. Парвардигорингни мудом ёд қил ва туну кун У зотни поклаб ибодат қил!”.

Демак, Аллоҳни зикр қилишнинг қадри баланддир. Зикрни деб ибодатлар жорий этилди. Аллоҳ зикрга буюрди. Зикр билан қалблар ором олади. Зеро Аллоҳ айтади:

“Улар иймон келтирган ва қалблари Аллоҳни зикр қилиш-эслаш билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур”.

Зикр билан тиллар нам бўлур. Тилингиз доимо Аллоҳнинг зикри билан айлансин. Зикр билан бадан қувватланади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қизлари Фотима разияллоҳу анҳога ётар маҳали ўттиз уч марта “субҳоналлоҳ”, ўттиз уч марта “алҳамдулиллоҳ” ва ўттиз тўрт марта “Аллоҳу акбар” дейишни ўргатдилар ва: “Бу зикр сенга хизматкордан кўра яхшироқдир”, дедилар.

Аллоҳ айтади: “Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, сўнгра Унинг Ўзига тавба қилинглар, шунда (У) сизларни маълум муддатгача (ажалларингиз етгунича) чиройли мато (ризқ) билан баҳраманд қилур ва ҳар бир яхшилик соҳибига яхшилик (яъни, ажр-мукофот) берур”.

Бошқа оятда Аллоҳ айтади: “Эй қавмим, Парвардигорингиздан мағфират сўрангиз, сўнг Унга тавба-тазарру қилингиз, шунда У зот устингизга осмондан ёмғир қуйдирар ва куч-қувватларингизга яна куч-­­­­­­­қувват қўшар. Жинояткор-гуноҳкор бўлган ҳолингизда юз ўгириб кетмангиз”.

Бадан зикр билан қувватланади. Тил зикр билан нам бўлади. Қалб зикр билан ором топади. Аллоҳнинг зикри ила ризқлар оқиб келади. Аллоҳнинг зикри ила қиёматда мартабалар юксалади. Зикр сабабли шайтонлар биздан қочади, яширинади. Шайтоннинг исми ханнос, яъни яширинувчи. Лақаби ҳам ханнос, исми ҳам ханнос. Аллоҳ зикр этилганда қочади ва яширинади. Аллоҳ зикр қилинганда малоикалар нозил бўладилар. Аллоҳ зикр қилинганда сокинлик-ором тушади. Зикр эътиборли ибодатдир. Ибодатлар ҳам Аллоҳнинг зикри учун жорий қилинар экан, бундан ҳам улканроқ амал борми? Гуноҳларимиз зикр ила мағфират қилинади, ҳар бир тасбеҳ садақа, ҳар бир ҳамд садақа, ҳар бир такбир садақа, ҳар бир таҳлил садақа бўлади. Аллоҳни зикр қилувчи доимо яхшиликда бўлади. Аллоҳни зикр қилувчи доимо яхшиликда бўлади. Аллоҳни зикр қилгувчи олий мартабаларда бўлади. Гуноҳлари тўкилиб, даражалари юксалади. Аллоҳни зикр қилинг. Одамларни зикр қилиш касаллик, Аллоҳни зикр қилиш шифодир, дейдилар. Аллоҳ таоло Ўзини ёд этишга чақирди. Шунингдек, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Аллоҳни зикр қилишга чорладилар. Шундай экан, Аллоҳни кўп зикр қилайлик. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳни ҳамма вақт зикр қилар эдилар. Раббимиз Аллоҳ таоло Қуръони каримда ақл эгаларини сифатлаб, бундай дейди:

“Улар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Аллоҳни эслайдилар”.

Улар турганда ҳам Аллоҳни эслайдилар, ўтирганда ҳам Аллоҳни эслайдилар, ётганда ҳам Аллоҳни эслайдилар. Масжидга кирсангиз, Аллоҳни зикр қилиб “бисмиллоҳ” денг. Масжиддан чиқсангиз ҳам Аллоҳни зикр қилинг. Ухламоқчи бўлсангиз ҳам, овқат еганингизда ҳам Аллоҳга ҳамдлар айтиб Аллоҳни ёдга олинг. Аллоҳнинг зикрига муваффақ инсон нақадар улкан фазилатга эга бўлади. Бу муборак ойда Аллоҳни кўп зикр қилайлик. Юрган йўлимизда Аллоҳни эслаб, йўлни зикрга тўлдирайлик. Тиллар зикр билан нам бўлсин. Кўчаларда юрганимизда ҳам, уйга кирганимизда ҳам, уйдан чиққанимизда ҳам зикр билан юрайлик. Ана шунда сиз Аллоҳдан бўлган бир қўрғон ичида бўласиз. Модомики зикр билан юрар экансиз, шайтон сизга ҳеч қандай таъсир ўтказа олмайди, иншааллоҳ! Зеро Аллоҳ айтади:

“Албатта, иймон келтирган ва ёлғиз Парвардигорларига таваккул қиладиган зотлар устида (шайтон) учун ҳеч қандай салтанат — ҳукмронлик йўқдир. Унинг (шайтоннинг) ҳукмронлиги фақат (уни) дўст тутиб, (Аллоҳ)га шерик қилиб оладиган кимсалар устидадир”.

Аллоҳнинг зикридан ғафлатда қолишдан эҳтиёт бўлайлик.

“Ким Раҳмон эслатмасидан (яъни Қуръон панд-насиҳатларидан) кўр бўлиб олса – юз ўгирса Биз унга шайтонни яқин қилиб қўюрмиз, бас у ўша (кофирга доимий) ҳамроҳ бўлур. Шак-шубҳасиз (шайтонлар, кофирларни тўғри) йўлдан тўсурлар, (аммо кофирлар) ўзларини ҳидоят топувчилар, деб ҳисоблайдилар”.

Одамларни кўп гапирманглар, турли туман хабарларни муҳокама қилиб, Аллоҳнинг зикридан машғул бўлманглар. Аллоҳ таоло баъзи бир қавмлар ҳақида бундай дейди:

“Сизлар уларни масхара қилдингиз, ҳатто улар(нинг устидан кулиш) сизларга Мени эслашни унутдирди. Сизлар улардан кулган эдингиз”.

Аллоҳнинг зикридан бошқа нарсалар билан вақтларингизни ўтказманглар. Жума нима учун жорий этилганини биласизларми? Аллоҳ нима деди?

“Эй мўминлар, жума куни намозга чорланса (яъни азон айтилса), дарҳол фалончи ва фалончининг зикрига боринглар” дедими? Йўқ, Аллоҳнинг зикрига боринглар! – деди.

Оятнинг охирида эса:

“Намоз адо қилингач, ерга тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверинглар. Аллоҳни кўп зикр қилинглар, шояд нажот топарсизлар”.

Зикр ҳамиша солиҳларнинг сиймоси бўлган ва шундай бўлиб қолади.

Изоҳ қолдиринг