Рамазон суҳбатлари (29): Гуноҳларга каффорат

0

Рамазон суҳбатлари туркумидан навбатдаги суҳбатимизга хуш келибсиз! Аллоҳ таоло бу ойда сизу бизга ва барча мусулмонларга баракотлар ато қилсин ва улкан ажр-савобларга муяссар этсин. Аллоҳумма амин!

Аллоҳнинг тавфиқи ила бу суҳбатимиз каффоратлар ҳақида бўлади. Рамазон рўзаси гуноҳлар учун каффорат эканини барчамиз биламиз. Йил бўйи гуноҳларимиз кўпайиб кетиши аниқ. Аллоҳ таоло гуноҳларимизни мағфират қилсин.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Одам фарзандига зинодан бўлган насибаси битилган ва унга албатта етади. Кўз зино қилади, унинг зиноси қарашдир. Қўл зино қилади, унинг зиноси ушлашдир. Оёқ зино қилади, унинг зиноси юришдир. Тил зино қилади, унинг зиноси гапиришдир. Қулоқ зино қилади, унинг зиноси эшитишдир. Сўнг уни жинсий аъзо амалга оширади ёки оширмайди”.

Шариат томонидан муайян каффоратлар белгиланган гуноҳлар у ёқда турсин, биргина кўз қилган хиёнатлар, тилдан содир бўлган гуноҳлар, қалбда кечадиган гуноҳлар йиғилиб-йиғилиб тоғдек бўлиб кетади. Мана, Аллоҳнинг изни билан бу гуноҳлар учун каффорат мавсуми, муборак ой, улуғ кунлар ҳам етиб келди. Рамазон рўзаси ўтган рамазон билан иккиси ўртасидаги гуноҳлар учун каффоратдир. Умра ҳам ўтган умра билан иккиси ўртасидаги гуноҳлар учун каффоратдир. Жума ўтган жума билан иккиси ўртасидаги гуноҳлар учун каффоратдир. Мана шундай каффоратлар мавсумларда келади. Бу мавсумларни ғанимат билиб солиҳ амаллар қилиб олишимиз лозим, токи, Аллоҳ таоло бу амаллар сабабли гуноҳларимизни мағфират қилсин.

Рамазон аввалги рамазон билан иккисининг ўртасидаги гуноҳлар учун каффоратдир. Яъни унинг кундуздаги рўзаси ва кечасидаги намозлари каффоратдир. Ким Аллоҳга иймон келтирган ва Аллоҳдан ажр-савобни умид қилган ҳолда рамазон кечалари намоз ўқир экан, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади. Ким Аллоҳга иймон келтирган ва Аллоҳдан ажр-савобни умид қилган ҳолда рўза тутса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади. Шунингдек, Аллоҳга истиғфор айтиб, Аллоҳнинг зикрини кўпайтиришимиз керак. Чунки истиғфор гуноҳлар учун каффоратдир. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло айтади: “Менга истиғфор айтинглар, гуноҳларингизни мағфират қиламан. Сизлар кечаю кундуз хато қиласизлар, мен барча гуноҳларни кечириб юбораман. Менга истиғфор айтинглар, гуноҳларингизни мағфират қиламан”. Бу муборак ойда истиғфорни кўпайтирайлик. Аллоҳнинг изни ила рўза каффорат бўлсин, намоз каффорат бўлсин, истиғфор ҳам каффорат бўлсин. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо айтади: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам биргина мажлисда “Раббим, мени мағфират қил, тавбамни қабул эт, албатта сен тавбаларни қабул қилгувчи ва мағфиратли зотдирсан”, бошқа бир ривоятда “тавбаларни қабул қилгувчи ва раҳмли зотдирсан” деган сўзни етмиш марта айтар эдилар”. Шунингдек, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қалбимни ғафлат босади, кейин бир кунда юз марта истиғфор айтаман” – дедилар. Ҳа, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар. Ўзимизга маълум саноқлар белгилаб олиб ҳар куни истиғфор айтиб юрайлик, шоядки, Аллоҳ таоло гуноҳларимизни мағфират қилса.  Бундан ташқари истиғфорнинг алоҳида гўзал фазилатлари бор. Истиғфор азобни даф қилади. Аллоҳ таоло айтади:

“Улар мағфират сўраб турган ҳолларида Аллоҳ уларни азобловчи эмасдир!”

Истиғфор сабабли ризқлар оқиб келади. Зеро, Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломдан ҳикоя қилиб, шундай дейди:

Мен дедим: “Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, албатта У ўта мағфиратли зотдир. (Шунда) У устингизга осмондан ёмғир қуйдиради, сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад беради ҳамда сизларга боғу бўстонлар  ва оқар дарёлар (ато) этади“.

Истиғфор сабабли ризқлар оқиб келади. Истиғфор билан балолар даф қилинади. Истиғфор ила даражалар юксалади. Истиғфор билан гуноҳлар кечирилади. Бундан ташқари, истиғфор айтиш Аллоҳнинг амрига бўйсуниш ҳам демакдир. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: “Менга истиғфор айтинглар, гуноҳларингизни мағфират қиламан”.

Аллоҳ таоло айтади: “Парвардигорингиздан мағфират сўранг, албатта У ўта мағфиратли зотдир”.

Аллоҳ таоло яна айтади: “Ким бирон ёмон иш қилса ёки ўз жонига жабр қилса, сўнг Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳни мағфират қилувчи ва меҳрибон эканини топади”.

Истиғфор каффорат эшикларидан биридир. Шунингдек, кўп намоз ўқиш ҳам гуноҳлар учун каффорат бўлади. Бегона аёлдан бўса олган кишини Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат қилишга, мукаммал таҳорат олиб, икки ракаат намоз ўқишга ва намозда хаёлини бузмай Аллоҳга қалби билан юзланишга буюрдилар.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳнинг ушбу оятлари нозил бўлди: “Кундузнинг ҳар икки тарафида ва кечадан бир бўлагида намозни тўкис адо қилинг! Албатта, яхши амаллар ёмонлик-гуноҳларни кетказур. Бу қулоқ тутувчилар учун эслатмадир”.

 “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” калимасини юз марта айтиш ҳам гуноҳларга каффорат бўлади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким “субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” калимасини юз марта айтса, гуноҳлари тўкилади, гарчи гуноҳлари денгиз кўпикларича бўлса ҳам” – дедилар. Ҳа, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар. “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” калимасини айтишни ўзингизга вазифа қилиб олинг.

Гуноҳларга каффорат бўлмиш намоз ва садақадан ҳам улушингиз бўлсин. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Намоз ва садақа кишининг бола-чақаси, мол-дунёси ва қўни-қўшниси сабабли орттирган гуноҳларига каффорат бўлади”.

Гуноҳларга каффорат бўладиган ишларга интилинг. Одамларга таом бериш ҳам гуноҳларга каффорат бўлади. Чунки таом едириш савобли ишлардан. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, яхши амаллар гуноҳларни кетказур. Бу қулоқ тутувчилар учун эслатмадир”.

Бу муборак ойда иложи борича яхши амалларни кўпайтиринг. Айтиб ўтганимиздек, бу амаллар гуноҳларингизга каффорат бўлади. Тутган рўзангиз каффорат, кечалари ўқиган намозингиз каффорат, айтган истиғфорингиз каффорат, салавотларингиз ҳам каффорат. Яхши амаллар каффорат. Садақалар каффорат. Агар зиммангизда ўтмишдаги қасам каффоратлари бўлса, уни адо қилинг. Қасам каффорати ҳаммага маълум бўлганидек, “ўз оилангизни боқадиган ўртача таомлардан ўнта мискинга таом бериш ёки уларни кийинтириш, ё бир қулни озод қилишдир”.

Нима учун оятда таом бериш биринчи зикр қилинди? Чунки таом бериш кейинги иккисига қараганда кўпчиликнинг қўлидан келадиган ишдир. Одамлар ичида ўн нафар мискинни кийим-кечак билан таъминлайдиганлари ҳам бор. Лекин бунга ҳамма ҳам қодир эмас. Таом бериш кўпчиликнинг қўлидан келадиган иш бўлгани учун биринчи зикр қилинди, валлоҳу аълам.

Зиммангизда қасам каффорати бўлса ёки зиҳор ёки билмасдан одам ўлдириш каффорати бўлса, уни адо қилишга шошилинг. Билмасдан одам ўлдириб қўйиш каффорати учун икки ой рўза тутиш керак бўлса, рамазон ойидан ташқари икки ой рўза тутилади. Дия (хун ҳақи) тўлаш керак бўлса, дияни адо қилинг. Шунингдек, сизнинг устингизда одамларнинг қандай ҳақлари бўлса, уни адо қилинг. Чунки Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат куни албатта ҳақларни эгаларига адо қиласизлар, ҳатто шохсиз қўйга шохли қўйдан қасос олиб берилади” – дедилар.

Яна: “Ким биродари ҳаққига зулм қилган бўлса, динору дирҳам бўлмайдиган кун келишидан аввал ундан қутилиб олсин” – дедилар. Чунки у кунда савобу гуноҳдан ўзга нарса бўлмайди. Шу билан суҳбатимизга якун ясаймиз. Аллоҳ барчангизни солиҳ амалларга муваффақ қилсин.

Изоҳ қолдиринг