Дард ва даво (28): Охиратга аниқ ишониб, унга тайёрланмай яшаш оқилнинг ишими?

0

“Охират, жаннат ва дўзах ҳақ эканига қатъий ишониб, сўнг у кун учун амал қилмаслик мумкинми? Инсон эртага бир подшоҳнинг ҳузурига бориши лозимлигини, у ерда уни ё оғир жазо, ё ниҳоят катта мукофот кутаётганини билиб, сўнг подшоҳнинг ҳузурида ҳоли не кечишини ўйламай, унинг учун тайёрланмай, чора-тадбирини олмай, бемалол, қайғурмай ётиши мумкинми?”

Аллоҳга қасамки, бу ўта ўринли савол. Аксар инсонларда шу ҳолатни кўрамиз. Охиратга аниқ ишониб, лекин у кунга тайёрланмаслик жуда ажабланарли ҳолат.

Бунинг бир қанча сабаблари бор. Шулардан бири охират ҳақидаги илмнинг озлиги ва у кунга бўлган ишончнинг ноқислигидир. Ким одамларда охират кунига бўлган илм ва ишонч бир хил бўлади, ҳар хил даражада бўлиши мумкин эмас, деса, қаттиқ адашади. Халилуллоҳ (Аллоҳнинг яқин дўсти) Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таоло ўликларни қайта тирилтиришга қодир эканини билатуриб, ўликларни тирилтиришини очиқча кўрсатишини сўради. Токи қалбдаги иймони, хотиржамлиги янада зиёда бўлиши, ғойибона билганини, иймон келтирганини воқеликда ўз кўзи билан кўриши учун шундай қилди.

Имом Аҳмад “Муснад” китобида ривоят қилган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “(Қулоқ билан эшитилган) хабар кўз билан кўрилгандек бўлмас”, деганлар.

Энди (охират кунига ишонч ва у ҳақдаги) илмнинг озлигига охират илмига зид ишлар билан машғул бўлгани сабабли охиратни унутиш ёки аксар вақтларда охират илмининг қалбда бўлмаслиги, шунингдек, инсон табиати саркашлиги, ҳавойи нафс устунлиги, шаҳват ҳукмронлиги, нафс озғириши, шайтон макри, Аллоҳнинг ваъдаларини узоқ санаш, орзу-ҳаваснинг кўплиги, ғафлат уйқуси, нақд лаззатни яхши кўриш, шариатнинг фақат енгил томонларига эргашиш, ёмон одатларга ўрганиб қолиш каби ишлар қўшилса, унда бу иймонни осмонлару ерни сақлаб турган Зот сақлаб қолмаса, бошқа ҳеч ким сақлаб қололмайди.

Мазкур сабаблардан қанчаси бор-йўқлиги, кам-кўплигига қараб, инсонлардаги иймон даражаси бир-биридан фарқ қилади. Ҳатто қалбдаги иймон зарра мисқолидан ҳам кичикроқ миқдорга бориб қолиши мумкин.

Ушбу сабабларнинг барчаси идрок (яъни охират кунига ишонч) ва сабрнинг заифлигига бориб тақалади. Шу сабабли Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло сабр қилувчи, Аллоҳга ва охиратга аниқ ишонувчи инсонларни мақтади ва уларни дин пешволари (имомлари) мартабасига кўтарди. Аллоҳ таоло айтади: “Улар (дин йўлидаги бало-кулфатларга) сабр қилишгач Биз улардан (одамларни) ҳидоят қиладиган пешволарни чиқардик. Улар Бизнинг оятларимизга аниқ ишонар эдилар” (Сажда, 24).

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг