Жума боби (6): Жума намозига эрта бориш фазилати

0

Бир юз ўттиз бешинчи ҳадис

عَنْ أبي هُرَيْرَةَ رضي الله عَنْهُ أنَّ النَّبي صلى الله عليه وسلم قَالَ: ” مَن اغْتَسَلَ يَوْمَ الجُمُعَةِ ثم رَاحَ في السَّاعَةِ الأوٍلَى فَكَأنَّمَا قَرَّبَ بدَنَةَ، وَمَنْ رَاحَ في السَّاعَة الثانِيَةِ فَكَأنَّمَا قرَّبَ بَقَرَة، وَمَنْ رَاحَ في الساعَةِ الثالِثَةِ فَكَأنَّما قَرَّبَ كَبشاً أقْرَنَ، وَمَنْ رَاحَ في السَاعَةِ الرَّابِعَةِ فَكَأنَّمَا قَرّبَ دَجَاجَةً وَمَنْ رَاحَ في السَّاعَةِ الخامِسَةِ فَكأنَّمَا قرَّبَ بَيْضَةً، فَإذَا خَرَجَ الإمَامُ حَضَرَتِ المَلاَئِكَةُ يَسْتَمِعُونَ الذِّكرَ”.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким жума куни ювиниб, сўнг дастлабки вақтда жумага борса, худди туя қурбонлик қилгандек (ажрга эга) бўлади. Ким иккинчи вақтда борса, гўё сигир қурбонлик қилгандек, учинчи вақтда борса, шохдор қўчқор қурбонлик қилгандек, тўртинчи вақтда борса, товуқ қурбонлик қилгандек, бешинчи вақтда борса, тухум қурбонлик қилгандек (ажрга эга) бўлади. Имом (минбарга) чиққанда фаришталар зикр (хутба)га қулоқ солиш учун ҳозир бўлишади” (Бухорий, 881. Муслим, 850).

Шарҳ

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги ҳадисда жума куни ювиниш, жумага эрта бориш фазилати ва унинг даражаларини баён қилдилар. Унга кўра, ким жума намозига боришдан олдин ювинса, сўнг дастлабки вақтда жума намозига борса, унга туя қурбонлик қилган ва қурбонлиги қабул бўлган кишига бериладиган савоб ёзилади. Ким иккинчи вақтда борса, гўё сигир қурбонлик қилгандек, учинчи вақтда борса, шохли қўчқор қурбонлик қилгандек бўлади. Одатда шохли қўчқор қўчқорларнинг энг яхшиси ва энг чиройлиси бўлади. Ким тўртинчи вақтда борса, товуқ қурбонлик қилгандек, бешинчи вақтда борса, тухум қурбонлик қилгандек бўлади. Имом хутба қилиш учун минбарга чиқса, жумага келганларни рўйхатга олиш вазифаси юклатилган фаришталар вазифаларини тўхтатиб, хутбага қулоқ солиш учун келишади. Шундан кейин жумага келганлар муқарраблар (Аллоҳга яқин бандалар)дан деб ёзилмайди.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар

  1. Жума намозига боришдан олдин ювинилади ва у бу кунда бажариладиган фазилатли амал саналади.

  2. Жума намозига эрта, кундузнинг дастлабки пайтида бориш мустаҳабдир.

  3. Ҳадисда айтилган фазилат (савоб)га эришиш учун ювинишдан ташқари намозга эрта бориш ҳам лозим.

  4. Жума намозига бериладиган савоб миқдори қанча эрта, ё кеч боришга қараб турлича бўлади.

  5. Қурбонлик қилишда туя сигирдан, сигир эса қўйдан афзал ҳисобланади.

  6. Шохли қўчқор қурбонликда бошқа қўйлардан афзал саналади.

  7. Садақа қанча оз бўлмасин, Аллоҳ уни қабул қилаверади. Негаки, Пайғамбаримиз тухумдек арзимас нарсани савоб ўлчови қилиб келтирдилар.

  8. Фаришталар масжид эшиклари олдида туриб, жума намозига келганларни тартиб билан ёзиб боришади.

  9. Имом минбарга кўтарилганидан кейин фаришталар хутбани эшитиш учун ишларини тўхтатишади. Шундан кейин келганларга эрта келганлик савоби ёзилмайди.

  10. Ҳадисда айтилган беш вақтни аниқлаш учун қуёш чиққандан бошлаб, то имом келгунча бўлган вақт тенг бешга бўлинади. Санъоний раҳимаҳуллоҳ айтишича, бу ерда соатдан мақсад ҳаммага маълум бўлган муайян миқдор эмас.

Қурбонликлар эвазига берилган ажр, қўлга киритилган фазилат ўша қурбонликларнинг сифатига кўра турлича бўлгани каби мазкур беш вақтнинг бирида келувчилар ҳам жумага эрта бориш борасида бир-бирларидан фарқ қилиши мумкин.

  1. Санъоний раҳимаҳуллоҳнинг фикрича, одамларнинг афзаллиги жумага оид амалларига қўшимча бошқа амалларига ҳам боғлиқдир. Чунки Аллоҳ таоло: “Албатта, Аллоҳ ҳузурида энг ҳурматга сазоворингиз энг тақводорингиздир”, дейди (Ҳужурот сураси, 13). Зеро, тақво ва солиҳ амал бўлмаса, на обрў-эътибор, на насаб ва на мол-давлат фойда беради.

  2. Ҳаж ва умра ибодатида сўйиладиган қурбонлик фақат чорва молларидан бўлиши керак. Улар туя, мол ва қўй-эчкилардир. Товуқ ва тухум эса, бу ўринда қурбонликка ўтмайди. Чунки ушбу ҳадис қурбонликка яроқли ҳайвонларни баён қилиш учун эмас, балки умумий садақа ҳақида айтилган.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг