Аллоҳ суйган бандалар: Одам ўлдиришдан четланиш (2)

0

Зулм билан одам ўлдиришда ҳозир бўлишдан қўрқитув

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Сизлардан биронтангиз зулм билан бир инсон қатл қилинаётган ўринда ҳозир бўлмасин, чунки зулм билан қатл қилинаётган кишини ҳимоя қилмаган онлари ҳозир бўлганга ҳам лаънат тушади. Ва сизлардан биронтангиз зулм билан бир инсон калтакланаётган ўринда ҳам ҳозир бўлмасин, чунки зулм билан калтакланаётган кишини ҳимоя қилмаган онлари ҳозир бўлганга ҳам лаънат тушади” (Табароний ва Байҳақий ривояти).

Аҳдлашилган зиммийни ўлдиришнинг ҳаромлиги

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо деди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким аҳдлашилган кишини ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди ва ҳоланки жаннатнинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб туради” (Бухорий ривояти, 12/259).

Абу Бакр розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Ким (мусулмонлар билан) аҳдлашган кишини ноҳақ қатл қилса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади” (Абу Довуд ривояти, Албоний саҳиҳ деган). Ҳадисдаги ноҳақдан мурод: ўз вақтида яъни аҳдлашмасдан олдин ўлдириш жоиз эди, аммо аҳдлашгандан сўнг ноҳақ қатл қилган бўлади.

Бошқа ривоятда: “Ким аҳдлашилган кишини ноҳақ қатл қилса, Аллоҳ унга жаннатнинг ҳидини ҳидлашни ҳам ҳаром қилади” (Аҳмад ва Насоий ривояти, Албний саҳиҳ деган).

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг