Муҳаммад ибн Ҳанафия (1)

0

Муҳаммад ибн Али ибн Абу Толиб

“Муҳаммад ибн Ҳанафиячалик Али разияллоҳу анҳудан кўп илм олган ва кўп фойдаланган бирон кишини билмайман” (Ибн Жунайд).

Кунларнинг бирида Муҳаммад ибн  Ҳанафия билан унинг акаси Ҳасан ибн Али аразлашиб қолишади. Шунда Муҳаммад ибн  Ҳанафия Ҳасанга мактуб йўллаб унда қуйидагиларни ёзади: “Аллоҳ таоло сизни мендан фазилатлик қилган. Онангиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Фотима разияллоҳу анҳодир. Менинг онам эса Ҳанифа уруғидан бўлган бир аёлдир. Она тарафдан бўлган бобонгиз, яралмишларнинг энг афзали Муҳаммад Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Менинг она тарафдан бобом эса Жаъфар ибн Қайсдир. Сизга ушбу мактубим етиб бориб, уни ўқиганингиздан сўнг, менинг олдимга келиб орамиздаги аразни бартараф этишга шошилинг, шунда сиз мендан ҳар тарафлама афзал бўласиз”. Имом Ҳасан мактубни ўқигач, Муҳаммад ибн Ҳанафиянинг уйига келиб орани очиқ қилдилар ва шу билан ораларидаги келишмовчилик барҳам топди. Бундай одоб, заковат ва гўзал ахлоқ соҳиби бўлган Муҳаммад ибн Ҳанафия ким? Келинг, унинг ҳаёт қиссасини аввалидан кўриб чиқамиз.

Унинг қиссаси Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларининг охирларидан бошланади. Кунларнинг бирида Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўтирганларида: “Эй Расулуллоҳ, сиз ўтганингиздан сўнг Аллоҳ таоло менга ўғил фарзанд ато этса, унинг исмини сизнинг исмингиз ва кунясини сизнинг кунянгиз билан номласам нима дейсиз?” деб сўради. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, майли”, деб жавоб бердилар.

Кунлар ўтди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам рафиқи аълога йўлиқдилар. Бир неча ойлардан сўнг қизлари ва райҳоналари имом Ҳасан ва Ҳусайнларнинг онаси Фотимаи Заҳро ҳам вафот этди. Шундан сўнг Али разияллоҳу анҳу Ҳанифа қабиласига куёв бўлиб Жаъфар ибн Қайснинг қизи Ҳавла Ҳанафияга уйландилар. Ундан ўғил фарзанд кўрдилар ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан олган рухсатларига кўра, унинг исмини Муҳаммад, кунясини эса Абулқосим деб номлади. Аммо одамлар Муҳаммад Абулқосимни Фотима разияллоҳу анҳонинг ўғиллари Ҳасан ва Ҳусайндан фарқлаш учун Муҳаммад ибн  Ҳанафия деб чақиришга одатландилар. У зот тарихда ҳам мана шу ном билан машҳур бўлди.

Муҳаммад ибн  Ҳанафия Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу халифалик даврининг охирларида дунёга келди. Отаси Али ибн Абу Толибнинг қўл остида ўсиб-улғайди ва у зотнинг илмий ва ҳаётий мадрасасида таҳсил олди. Отасининг ибодати ва зоҳидлиги унга ҳам ўтди, қуввати ва шижоати унга мерос қолди, фасоҳат ва балоғатини тўлиқ ўзлаштирди. Бунинг натижаси ўлароқ, Муҳаммад ибн  Ҳанафия жанг майдонида паҳлавон, катта мажлисларда минбар соҳиби ва коинотни зулмат қоплаб, кўзлар уйқуга ғарқ бўлган тунларда ибодатгўй инсон бўлиб етишди.

Жангларда отаси Али разияллоҳу анҳу Муҳаммад ибн Ҳанафияни ловуллаб турган жанг майдонига киритиб юборар эди. Икки акаси Ҳасан ва Ҳусайнга юкламаган жанг оғирликларини унга юклар эди. Унинг найзаси ҳеч эгилмас, шашти ҳеч пасаймас эди. Муҳаммад ибн Ҳанафиядан “Нима учун отангиз акаларингиз Ҳасан ва Ҳусайнни қўйиб, сизни таҳликали ўринларга киргизади, тоқатингиз етиши қийин нарсаларни ҳам сизга юклайди?” деб сўралганда шундай жавоб беради: “Менинг акаларим гуёки отамнинг икки кўзларидир, мен эса отамнинг икки қўллариман. Отам кўзларини қўллари билан сақлайдилар-да”.

Али ибн Абу Толиб ва Муовия разияллоҳу анҳумо ўртасида бўлиб ўтган “Сиффин” воқеасида Муҳаммад ибн Ҳанафия отасининг байроқдори бўлган. Жанг тегирмони айланиб, икки тарафдан ҳам одамларни янчаётган бир дамда, Муҳаммад ибн Ҳанафия бир воқеани бошидан кечиради. Бу ҳақда унинг ўзи шундай ҳикоя қилади: “Сиффин жанггида биз Муовия тарафдорлари билан тўқнаш келиб шундай қақшатқич жанг қилдикки, ҳатто мен биздан ҳам, улардан ҳам бирон кимса қолмадиёв, деб ўйлаб қолдим. Мен бу ҳолни даҳшатли воқеа, катта мусибат, деб ҳисобладим. Шуларни ўйлаб турганимда турганимда орқамда бир кишининг: “Ҳой мусулмонлар, Аллоҳдан қўрқинглар, эй мусулмонлар жамоаси! Ким аёллар ва болаларни ҳимоя қилади, ким дин ва ор-номусни сақлайди, ким Рум ва Дайлам (Каспий шимолидаги катта қабила)га қарши туради? Ҳой мусулмонлар, Аллоҳдан қўрқинглар, мусулмонларга раҳм қилинглар!” деб, қичқираётганини эшитиб қолдим. Ана шунда “Бугундан кейин қиличим бирон бир мусулмонга қарши кўтарилмайди” деб, ўзимга аҳд қилдим”.

Али разияллоҳу анҳу бир осий, золимнинг қўли билан шаҳид қилинди. Халифалик Муовия ибн Абу Суфён разияллоҳу анҳумонинг қўлига ўтди. Муҳаммад ибн Ҳанафия мусулмонлар орасини ислоҳ қилиш, сўзларини бир қилиш, сафларни жамлаш, Ислом ва мусулмонлар иззати учун енгил ва оғир дамларда ҳам халифага қулоқ солишга ва итоат қилишга байъат беради. Муовия разияллоҳу анҳу бу байъатнинг сидқидилдан, холис қилинганлигини ҳис қилиб, байъат соҳибига ишониб, кўнгли тўқ бўлганидан Муҳаммад ибн Ҳанафияни зиёратига чақиради. Муҳаммад ибн Ҳанафия Муовия разияллоҳу анҳу билан кўришиш учун Дамашққа бир неча бор ва бир қанча сабабларга кўра келган. Жумладан, кунларнинг бирида Рум подшоҳи мўминлар амири Муовия разияллоҳу анҳуга мактуб йўллайди. Мактубда қуйидагилар битилган эди: “Бизда подшоҳлар ўз диёрларидаги ажойиб ва ғаройиб нарсалардан бир-бирларига юборишиб, бир-бирларини шодлантириб, қайси бирларининг қўл остидагилари қилган иш ажойиб ва ғаройиброқ эканида ўзаро мусобақалашиб турадилар. Рухсат берсангиз иккимиз ҳам ўз орамизда шуни йўлга қўйсак?!” Муовия разияллоҳу анҳу таклифга ижобий жавоб қайтариб, рухсат берди. Рум подшоҳи ўзидаги ажойиб ва ғаройиб кишилардан иккитасини юборди. Уларнинг бири ҳаддан ташқари узун бўйли, ўта барваста ва баҳайбат бўлиб, гўёки одам эмас, бамисоли ўрмондаги улкан дарахт ёки бир бино каби эди. Иккинчиси эса ниҳоятда бақувват, кучли, темир каби қаттиқ бўлиб, худди ваҳший йиртқич ҳайвонга ўхшар эди. Рум подшоҳи мана шу икки кишига қўшиб икки энлик хат ҳам юборган экан: “Мамлакатингизда узунлик ва қувватда мана шу иккисига тенг келадигани борми?”.

Муовия разияллоҳу анҳу Амр ибн Ос разияллоҳу анҳуга: “Бўй-бастда новчасига тенг келадиган, ҳатто ундан ўзадиган кишини биламан. У Қайс ибн Саъд ибн Убодадир. Аммо кучлисига келсак, бу борада сизнинг маслаҳатингизга муҳтожман”.

Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу: “Мен бунга тенг келадиган икки кишини биламан, бироқ иккиси ҳам сиздан узоқдир. Уларнинг бири Муҳаммад ибн Ҳанафия, иккинчиси эса Абдуллоҳ ибн Зубайрдир”.

Муовия разияллоҳу анҳу: “Муҳаммад ибн  Ҳанафия биздан узоқ эмас”, деди.

Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу: “Лекин нима деб ўйлайсиз, Муҳаммад ибн Ҳанафия шундай юксак қадр-қиммат, олий мартаба билан одамлар кўз ўнгида “Рум”лик бир киши билан куч синашишга рози бўлармикин?”

Муовия разияллоҳу анҳу деди: “Исломнинг иззати учун нафақат бунга, бундан-да кўпроғига ҳам рози бўлади, деб ўйлайман”.

Сўнг Муовия разияллоҳу анҳу Қайс ибн Саъд ибн Убода билан Муҳаммад ибн Ҳанафияни чақиртирди. Ҳамма йиғилиб беллашувчилар ҳам ҳозир бўлгач, Қайс ибн Саъд ўрнидан туриб шалворини ечдил ва “Рум”лик новчага узатиб кийишга амр қилди. Румлик новча шалворни кийган эди, белбоғи кўкрагигача етиб бориб, роса кулгига қолди. Одамлар бу ҳолни кўриб мириқиб кулдилар.

Муҳаммад ибн Ҳанафия эса таржимонга қараб: “Бу Румликга айт, агар хоҳласа у ўтирган ҳолда, мен эса турган ҳолда қўл бериб тортишамиз, ё у мени ўзига тортиб ўтирғизиб қўяди, ё мен уни турғизиб қўяман. Хоҳласа бунинг аксини танласин, мен ўтирган, у эса турган ҳолда”, деди. Румлик полвон ўтирган ҳолатни танлади. Беллашув бошланди. Румлик полвон Муҳаммад ибн Ҳанафияни тортиб ўтирғизиб қўя олмади, аксинча, Муҳаммад ибн  Ҳанафия уни бир тортиб тургазиб қўйди. Румлик полвоннинг ҳамияти қўзиб, кўксига уриб, энди у турган ҳолатда, Муҳаммад ибн Ҳанафия эса ўтирган ҳолатда беллашишни талаб қилди. Муҳаммад ибн  Ҳанафия ўтирган ҳолатда румлик полвоннинг қўлидан ушлаб шундай қаттиқ тортган эди, қўлини чиқариб юборишига оз қолди ва уни ерга ўтказиб қўйди. Шундай қилиб, румлик икки “ажойиб ва ғаройиб” ўз подшоҳларининг ҳузурига шарманда бўлиб мағлуб ҳолда қайтдилар”.

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг